Мақолалар

Зикрда, тасбеҳда ҳаловат бор

Бугунги серташвиш дунёда кўпчиликнинг қалби бойлик, мол-дунё тўплаш, баланд-баланд иморатлар қуриш, қиммат машиналар миниш билан машғул бўлиб қолди. Аксарият кишилар орзуларига ета олмаётганидан, кўнгли хотиржам эмаслигидан, ҳузур-ҳаловат йўқлигидан нолийди.

Аслида, ризқ-рўз ҳам, мол-дунё ва фаровон ҳаёт ҳам имон қувватида, ибодат ва тоатлар, тасбеҳ ва зикрлар бардавомлигидадир. Бежиз Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)», демаган (Раъд сураси, 28-оят).

Қалбимиз зикр ва тасбеҳлар билан ором олади. Чунки Буюк Раббимиз кўплаб ояти карималарда – Ҳадид, Ҳашр, Саф суралари 1-оятларида «Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур», деб марҳамат қилган бўлса, Жумъа ва Тағобун сураларининг 1-оятларида «Осмонлардаги ва Ердаги (ҳамма) нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур», дейилган. Шунингдек, Исро сураси 44-, Нур сураси 36-, 41-, Ҳашр сураси 24-оятларида ҳам етти осмон, Ер ва улардаги барча мавжудот ва махлуқот Парвардигоримизга тасбеҳ айтиши баён этилган.

Тасбеҳ ва зикр қилишда ҳам улуғларимизнинг тутган йўллари биз учун ибратдир. Буюк саҳоба Абу Ҳурай ра розий аллоҳу анҳу бир кунда 12 минг марта тасбеҳ айтган. У зотнинг оқ ипи бўлиб, унда мингта тугун бўлган. Шу ипни ҳар доим ёнида олиб юрган.

Абу Ҳурай ра розий аллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобадир. Шу улуғ саҳоба ипни тугун қилиб, тасбеҳ санагани учун бидъатчи бўладими? Аллоҳ асрасин! У зотлар Набий алайҳиссаломнинг тарбияларини олган, набавий ахлоқ билан хулқланган эдилар.

Абу Ҳурай ра розий аллоҳу анҳу бидъатчи бўлмаган, шунингдек, кўп зикр қилишлари ва тасбеҳ ай тишлари ривоят қилинган улуғ зотлар ҳам асло бидъатчи, залолатга бошловчи эмас. Аксинча, улар суннат ва ҳидоят имомларидир (Имом Ибн Абу Шайба, “Муснад”).

Абу Ҳурай ра розий аллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтади: “Мен ҳар куни нафсим қарзини узиш учун (Аллоҳ яратганига шукр келтириш учун) 12 минг марта тасбеҳ айтаман” (Имом Ибн Абу Шайба ривояти).

Демак, ҳар дарднинг давоси бор. Кўнгил хотиржамлигининг давоси зикр қилиш, тасбеҳ айтишдир.

Азиз ўқувчи! Бир синаб кўринг-а: ҳар куни тасбеҳ ва зикрларни канда қилмай айтиб юринг. Тез орада қалбингиз хотиржам бўлади, ҳузур-ҳаловат топасиз.

Аллоҳ таоло умрингизга, ризқингизга барака беради.

 

Толибжон НИЗОМ

“Ҳидоят” журналининг 12-сонидан олинди

1118 марта ўқилди

Мақолалар

Top