Мақолалар

Қуръон ўқимоқчи бўлган киши нима деб ният қилади?

Аксарият мўмин-мусулмонлар Қуръони каримни фақат савоб ва ажр умидида ўқишади. Аслида, Қуръони каримнинг фойдали жиҳатлари, манфаатли томонлари жуда кўп.

Ҳар ким ҳар гал Қуръони каримни эзгу ният билан ўқиса, улуғ фазилат ва савобларга эришади. Зеро, ҳадиси шарифда: “Амаллар ниятларга кўрадир. Ҳар ким ниятига яраша олади...” дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Қуръони карим ҳаётимиз дастури, умримиз мазмуни, охиратимиз учун савоблар манбаидир. Шу нуқтаи назардан Қуръон ўқиш арафасида эзгу ният қилиш худди тижоратдаги каби мўл фойда гаровидир.

Қуръон ўқимоқчи бўлган киши қуйидагиларни ният қилиши керак:

1) Қуръонни илм ва амал ниятида ўқинг;

2) Қуръонни Аллоҳдан ўзингизни, зурриётингизни ва аҳли байтингизни ҳидоят этишини ният қилиб ўқинг;

3) Қуръонни Аллоҳ таолога муножот ниятида ўқинг;

4) Қуръонни зоҳирий ва ботиний касалликларга шифо ниятида ўқинг;

5) Қуръонни Аллоҳ таоло зулматдан нурга чиқаришини ният қилган ҳолда ўқинг;

6) Қуръонни қотган қалбларни юмшатувчи кўнгилларга ором берувчи, васвасаларга қўрғон бўлувчи илоҳий калом эканлигини ният қилиб ўқинг;

7) Қуръонни ўзингиз ва оила аъзоларингиздан ҳасадни бартараф этиш, назар-нафасдан паноҳ тилаш мақсадида ўқинг;

8) Қуръонни ғофиллардан эмас, зокирлардан бўлиш ниятида ўқинг;

9) Қуръонни имоннинг зиёда бўлиши ва Аллоҳга яқин бўлиш мақсадида ўқинг;

10) Қуръонни Аллоҳнинг амрларига қатъий риоя қилиш ва бу борада барчага ўрнак бўлиш мақсадида ўқинг;

11) Қуръонни савоб олиш мақсадида ўқинг. Ҳатто ҳар бир ҳарфга 10 савоб ёзилсин. Чунки Аллоҳ хоҳлаган бандасига ажрларини кўпайтириб беради;

12) Қуръонни қиёмат куни Каломуллоҳ шафоатига ноил бўлишни умид қилиб ўқинг;

13) Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг васиятларига риоя қиляпман, деган ниятда ўқинг. Чунки у зот алайҳиссалом: “Қуръон ўқинглар”, деб марҳамат қилганлар;

14) Қуръонни Аллоҳ даража ва мартабамни кўтаради, менга манфаат беради, деган ниятда ўқинг;

15) Қуръонни жаннатда даражаларим кўтарилади, деган ниятда ўқинг. Чунки ҳадиси шарифда: «Қиёмат куни Қуръон соҳибига: “Ўқи ва кўтарил. Дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи. Охирги оятни ўқиган жойинг (жаннатдаги) манзилинг бўлади”, дейилади» (Имом Абу Довуд ривояти);

16) Қуръонни қиёмат куни иззат тожини кийиш мақсадида ўқинг;

17) Қуръонни Аллоҳнинг зикри ва у Зот билан бирга бўлиш, оламлар Раббига яқинлашиш мақсадида ўқинг. Ҳадиси қудсийда: “...бандам мени зикр қилганда, Мен у билан биргаман...” (Имом Муслим ривояти), дейилган;

18) Қуръонни Аллоҳнинг аҳли бўлиш ва у Зотнинг хос бандалари қаторидан жой олиш мақсадида ўқинг;

19) Қуръонни дўзахдан ва Аллоҳнинг азобидан нажот топиш ниятида ўқинг;

20) Қуръонни ўзингиз ва оила аъзоларингизни сеҳр-жодудан, шайтон ва жинларнинг ёмонликлридан паноҳ тилаш ниятида ўқинг;

21) Қуръонни Мусҳафга қараб ўқиш ибодат эканлиги учун ўқинг;

22) Қуръонни Аллоҳ ҳузурида фазл ва яхшиликларга эришиш ниятида тиловат қилинг;

23) Қуръонни овозингизни гўзал, ҳидингизни хушбўй қилиш ниятида ўқинг;

24) Қуръон ўқинг. Чунки Қуръон қироати билан Аллоҳ таоло  маҳзунликларни кетказади, ғам-андуҳлардан асрайди;

25) Қуръонни Аллоҳ таоло ҳожатларимни раво қилади, дуоларимни ижобат этади, деган ниятда ўқинг.

Т.НИЗОМ тайёрлади.

 

2398 марта ўқилди

Мақолалар

Top