Мақолалар

Нодир қўлёзмалар вақт оловида ёнмайди

Дунёда шундай бойликлар борки, уларнинг қийматини ҳеч бир нарса билан ўлчаб бўлмайди. Мамлакатимизни беҳисоб қазилма бойликлар, табиий захиралар билан сийлаган илоҳий ирода, беҳисоб илмий-маънавий хазинани ҳам халқимизга раво кўрган. Ушбу хазинани биринчи ва иккинчи Уйғониш даврларида яшаб, ижод қилган буюк аллома аждодларимиздан қолган қадимий, илм-фаннинг турли йўналишларида битилган нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар ташкил этади.

Қўлёзмалар ҳақида гап борар экан, бу борада ҳам Ўзбекистон дунёнинг энг бой мамлакатлари қаторига киради, деб баралла айтишга ҳақлимиз. Айни кунларда юртимизнинг 80 дан ортиқ илмий муассасасида 45 мингга яқин қўлёзма ва 70 мингдан зиёд тошбосма асарлар сақланмоқда. Ушбу бебаҳо асарлар ўз саҳифаларида тарихимиз, урф-одатларимиз, аниқ фанлар ва табаррук динимизга оид биз билмаган, эшитмаган, долзарб ва қизиқарли маълумотларни сақлаб келмоқда.

Мустақиллик йилларида ушбу илмий-маънавий меросни ўрганишга маълум даражада эътибор қаратилган бўлса-да, халқимизни ундан баҳраманд қилиш, манбаларни асраб-авайлаш, келажак авлодларга безавол етказиш, реставрация қилиш ва рақамлаштириш масалалари билан жиддий ва мақсадли шуғулланилмади. Каталоглаштириш ишлари ҳам ҳар бир муассаса томонидан мустақил олиб борилди. Натижада масаланинг илмий-маърифий томони оқсади, иккинчи томондан, жиддий йўқотишларга йўл қўйилди. Президентимизнинг «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида бу борада узоқ йиллар тўпланиб қолган кўплаб муаммоларнинг ечими кўрсатиб ўтилган. 

Қарорга мувофиқ, эндиликда жамоатчилик учун очиқ бўлган қадимий ёзма манбалар Давлат реестри ташкил этилиб, давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондлари фаолиятига интеграция қилинади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази давлат реестрини шакллантириш ва юритиш, шунингдек, қадимий ёзма манбаларни босқичма-босқич рақамлаштириш учун масъул давлат муассасаси этиб белгиланди, давлат реестрини юритиш учун масъул бўлган 10 та илмий ходимдан иборат махсус бўлим ташкил этилмоқда.

Айтиб ўтганимиздек, Давлат реестри бутун республика ҳудудида амалда бўлади. Реестр халқимизнинг бебаҳо мулки бўлган қадимий қўлёзма ва тошбосма асарлар, шунингдек, тарихий ҳужжатлар ҳисобини юритади, яъни уларнинг йўқолиши, мамлакатдан олиб чиқиб кетилишининг олдини олади.

Айни пайтда ёзма манбалар ва ҳужжатларни рақамлаштириб, асл нусхалари билан бирга келажак авлодга етказиш имконияти пайдо бўлади. Рақамлаштирилган нусхалар эса тадқиқотчилар ва таржимонларнинг ихтиёрига берилади. 

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида нодир тарихий қўлёзма ва тошбосма асарлар ҳамда архив ҳужжатларини консервация-реставрация қилиш жараёнига алоҳида эътибор қаратилган. Ёзма манбаларни талаб даражасида сақлаш, эҳтиёж туғилган ҳолатда уларни турли зиён етишидан асраш, реставрация ишларини амалга ошириш мақсадида замонавий технология воситалари ҳамда зарур реактивлар билан таъминланган замонавий лаборатория ташкил қилинади. 

Соҳа учун мутахассислар тайёрлаш масаласи ҳам Президент қарорида ўз аксини топган. Ушбу вазифани амалга ошириш учун 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида «Қадимий ёзма манбалар консервацияси ва реставрацияси» йўналишида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш белгилаб берилган. 

Шунингдек, ушбу йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Бухоро давлат университети ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясида «Матншунослик ва адабий манбашунослик» таълим йўналиши ва мутахассислиги бўйича бакалавриат ва магистратура босқичлари учун зарур квоталар доимий ажратиб борилиши кўзда тутилган.

Қарорда ҳозирги кунда ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг хорижда амалиёт ва стажировка ўтиши борасида ҳам вазифалар белгиланган. Жумладан, 2022 йилдан бошлаб қўлёзмаларни сақлаш ва тадқиқ этиш билан шуғулланувчи илмий ходим ва реставраторларнинг ҳар йили хорижда амалиёт ўташи ва стажировкасини ташкил этиш Марказ, Шарқшунослик институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, «Эл-юрт умиди» жамғармаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги зиммасига юклатилди.

Президентимизнинг «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг аҳамияти жуда катта. Биринчи ўринда, қарор ва унда назарда тутилган Давлат реестри миллий миқёсда Фарғоний, Хоразмий, Бухорий, Ибн Сино, Беруний, Улуғбек, Навоий, Беҳзод каби буюк даҳо аждодларимиздан қолган илмий-маънавий мерос ҳисобини юритиш, уни келажак авлодларга безавол, бенуқсон етказишга имкон яратади. Қолаверса, рақамлаштириш орқали илмий-тадқиқотлар, таржима жараёнлари воситасида халқимизни ушбу бебаҳо хазинадан баҳраманд қилиш имкониятини кенгайтиради.

Кейинги йилларда халқимиз томонидан эътироф этилаётгандек «Қилса бўлар эканку» хитоби бу ерда ҳам ўринли, долзарб эканини алоҳида таъкидлаган ҳолда, Ислом цивилизацияси маркази мазкур қарор билан «Қадимий ёзма манбалар Давлат реестри»ни тузиш ва юритишдек вазифага масъул давлат муассасаси этиб белгиланганини жамоамиз катта шараф, ишонч ва масъулият сифатида қабул қилганини таъкидламоқчиман.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Шарқшунослик институти каби ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қарорда белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишига бор илмий салоҳиятимиз ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Шоазим МИНОВАРОВ,

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори

Манба: Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 2022 йил 16 февраль, 34(556) сон

2219 марта ўқилди

Мақолалар

Top