Мақолалар

Маърифат ойида маърифатли бўламиз!

Замон тобора илгари одимлаб бормоқда. Ҳозирги дақиқаларимиз ҳам тарихга айланиб бораверади. Бироқ, ҳаётимиз бекор ўтиб кетмаслигини таъминлаш бизнинг тизгинимизда. Ўтаётган қимматли соатларимизда бекор ўтирсак ҳам, эзгу ишлар ва билим олишга, китоб ўқишга сарфласак ҳам у ўтиб кетаверади. Ортга қайтмайди. Бироқ, киши умри давомида ўқиб-изланиши, китоблар ўқиши, билим эгаллашга интилиши ҳаётининг сермазмун ўтишини таъминлайди.

Айниқса, муборак Рамазоннинг баракали кунларида ўқилган китоб, эгалланган маърифат илмимизнинг янада зиёда бўлишини таъминлайди. Қолаверса, кунларимиз файзли ўтишига, онгимиз озуқа олишига сабаб бўлади. 

Бу борада, китоб мутоласининг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Қуйида, мен берадиган таклифларга бир қулоқ тутинг, балки сизга маъқул келиб қолар. Ҳаётингизга мазмун ахтариб юрган бўлсангизку, айни муддао. У ҳолда сўзларимни диққат билан ўқинг:

Тасаввур қилинг, одатдагидек, Рамазон кунларидан бири. Саҳарлик қилиб олганимиздан сўнг, яна бир соатни бомдод намозини ўқиш, Қуръон мутолааси, зикр ва дуоларга ажратганимизда ҳам, бизнинг иш кунимизгача яна озроқ вақтимиз қолади. Шу пайтда ишончли, ўзимизни қизиқтирган мавзудаги ёки долзарб бўлган бирор китоб ўқишга ажратсак, қанчалар фазилатли бўлади.

Бундан ташқари кундуз кунларимиз ҳар биримиз нималардир билан банд бўламиз. Бироқ, йўлга отланаётганимизда, ўқиётган китобимизни ўзимиз билан олишни унутмаслигимиз керак. Қайсидир биримиз автобус, бошқамиз метро ёки йўналишли таксиларда ўқиш ёки ишга йўл оламиз. Йўл мобайнида имкон бўлса, қулай жойлашиб олганимизда китоб ўқишни давом эттиришимиз ҳам мумкин. Агар бунга имкон бўлмаса, тонгда ўқиган китобимизни мулоҳаза қилиб кетишимиз ёки зикр билан банд бўлишимиз ҳам фойдалидир. Ана шунда аста-секин атрофдаги одамлардан айб қидириш, лоқайдларча ҳаммани кузатиш, кийимию юришига эътибор қаратиш каби бекорчи юмушларга чалғимай ҳам қоламиз.

Ҳар биримизнинг ўз юмушларимиз бор. Бироқ, биз ҳар куни тушлик қиладиган вақтимизнинг ўрни Рамазон ойида бўш бўлади. Шу пайтда зўр бериб ишлашнинг самараси биз кутганимиздек бўлмаслиги ҳам мумкин. Келинг, яхшиси шу вақтимизни ҳам самарали, ҳам ўзимизга, ҳам онгимизга дам берадиган ишга сарф этамиз. Бунинг учун тонг саҳардан бошлаган, ўзимиз ҳам ўша китобнинг мазмунини тушуна бошлаб, қизиқишга ҳам улгурган китобимизни давом эттирсак, нима дейсиз?

Режалаштирган ишларимизни якунлаб уйга қайтаётганимизда ҳам имкониятга қараб, қўлимизга китоб олишни ният қиламиз. Чунки бу вақтгача биз унга анча ўрганиб ҳам қизиқиб қоламиз.

Уйга келиб юмушларимизни бажарамиз, дам оламиз, яқинларимиз билан суҳбатлашамиз. Бироқ, шунда ҳам ифторгача бўлган фурсатда, ярим соат борингки, 15 минут вақтимизни севимли китобимизга ажратамиз.

Ифторликдан кейинга нималарни режалаштиргансиз, Қуръон ўқиш ёки сайр қилиш бўладими, ҳарҳолда ухлаш олдидан то уйқимиз келгунча бўлган фурсатни яна китобимизга ажратамиз...

Бу бир кунимизнинг режаси эмас, балки Рамазоннинг бир кунида қайси пайтларда китоб ўқишимиз мумкин эканлигига таклифлар эди холос. Бироқ ана ўша танлаётган китобингиз Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тасдиғидан ўтган бўлишини тавсия берамиз. Масалан, “Мовароуннаҳр”, “Тошкент ислом университети” нашриётлари томонидан нашрдан чиққан китобларни тавсия қилиш мумкин. Булар орасидан сиз излаб юрган йўналишни албатта топа олишингиз мумкин. Жумладан, ота-оналарга Ўзбекистон мусулмонлари идораси муфтийсининг “Оилада фарзанд тарбияси” китобларини ўқиб чиқишлари айни муддаодир. Чунки бу китобда фарзанд тарбиясида ҳар биримиз дуч келишимиз мумкин бўлган муаммоларнинг ечими мавжуд. Қолаверса, ўзимиз учун ҳам кўплаб янгидан- янги, ҳаётимиз учун керакли маълумотларни олишимиз мумкин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг барча китобларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Турли соҳаларни қамраб олган бу асарлар ҳаётий ва илмий услубда равон баён қилингани боис ҳар бир кишига тушунарлидир.   

Агар уйингизда мактаб ёшидаги болалар бўлса, уларга Эркин Маликнинг “Шайтонваччанинг найранглари”, деган китобларини совға қилсангиз бўлади. Бу асар уларнинг одоби, тарбияси учун ҳам сезиларли фойда беришига ишонамиз.   

Умумуан, ўқиш ниятингиз бўлса, фойдали китобларни топиш қийин эмас. Бунинг учун шароитларимиз бисёр. Олимларимизнинг янгидан-янги, пурмаъно китоблари нашрдан чиқмоқда.

Шуни айтишимиз муҳимки, китоб ўқишни одат қилиб олган инсоннинг онги тиниқлашиб боради. Сўзларига мазмун киради. Тафаккур қилишни ўрганади. Айниқса, ички хотиржамлик ва қалбнинг ёриша бошлаганини сезади. Айниқса, китоб ўқиш орқали илмли бўлишни дилига тугган инсон Яратганнинг авф ва марҳаматига сазовор бўлади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар”. Ушбу ҳадисдан илм олиш нақадар улуғланишини, соҳибини буюк мақомга сазовор этишини билишимиз мумкин. Ўйлаб кўринг, ана шундай даражага эришишни ким ҳам хоҳламайди дейсиз? Бинобарин, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».

Биз буюклар авлодимиз. Аждодларимиз илмнинг турли соҳаларига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшганлар. Вақтларини зое кетказмаганлар. Улардан ўрнак олайлик!

Рамазоннинг баракали кунларидан фойдаланиб қолинг. Ибодатларингиз, хайрли ишларингиз қаторига китоб ўқишни ҳам қўшингки, бу билан сиз кўплаб манфаатларга эришишингиз мумкин. Қолаверса, шарафли ойда бошлаган бу эзгу ишингизни йил давомида тарк этмасликка интилинг.

Маърифат ойида маърифатли бўлайлик!

Шарифа ҒАНИЕВА

 

 

 

 

6788 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top