Мақолалар

Муҳаммад Али: “Аллоҳнинг ҳузурига боришга тайёрланаман”

Афсонавий спортчи Муҳаммад Алининг дунёдан ўтганига бугун 1 йилу 5 кун тўлди. У 2016 йилнинг 3 июни, жума куни вафот этган эди.

Машҳур чарм қўлқоп устаси умрининг охирги кунларигача хайрия ишлари билан машғул бўлди. ЮНИСЕФнинг кўнгилли элчиси сифатида Африка ва Осиёнинг қашшоқ давлатларига борди, инсонийлик ва тенгҳуқуқлилик масалалари бўйича бутун дунё бўйлаб юриб нутқлар сўзлади.  2003 йил эса ўз давлатини Ироққа бостириб киргани учун қаттиқ танқид қилди. Муҳаммад Али ўзининг “Кимки журъатсиз бўлса, ҳаётда ҳеч нарсага эриша олмайди” деган ҳаётий принципидан бир лаҳза ҳам ортга чекинмай яшади.

У исломга 1964 йил киради. Ўзининг ана шу муҳим қадамини қуйидагича ифодалаган эди: “Ҳаётимнинг энг гўзал кунлари эди. Ҳажга борганда Арофат тоғида турганимда шундай бир ажойиб туйғуни ҳис қилдимки, у ҳеч нарсага ўхшамас эди. Мен бу ерда ифодалаб бўлмайдиган маънавий атмосфера оғушида эдим. Чунки ўша вақтда бир ярим миллион мусулмон Аллоҳ таолога муножот қилиб гуноҳларига тавба қилаётган эди. Миллати, ранги ҳар хил бўлган турли халқлар вакиллари, уларнинг ичида қироллар, давлат раҳбарлари ва оддий одамлар ҳам бор. Улар ким, қайси табақадан экани билан ҳеч кимнинг, ҳатто ўзларининг ҳам иши йўқ, кибрланиш йўқ, бошқа иллатлар йўқ. Ҳаммасининг бир хил бўлиб оппоқ  либосга ўраниб олиб Аллоҳдан сўраётганини кўриш қанчалик буюк саодат эди. Бу – исломдаги тенглик концепциясининг амалдаги ифодаси эди”.

Ундан: – Ҳаётингизда бирор нарсадан афсусланасизми? – деб сўраганларида

– Ҳа, шубҳасиз. Агар менда яна бир марта ҳаётга келиш имкони бўлганида Исломни ўн ёшимда қабул қилар эдим. Яна мен матчдан олдин Жо Фрезерни ҳақорат қилганим учун афсусланаман. Орадан ўттиз йил ўтиб ундан кечирим сўрадим. У узримни қабул қилди, – деб жавоб берган эди.

Ҳаётингиздаги энг катта ютуғингиз қайси деб ўйлайсиз?

– Исломни қабул қилганим. Дастлаб журналистлар менинг янги отимни тан олмасдан бурунгидек,  Кассиус Клей деяверди. Мен уларнинг қулоғига “Менинг отим бундай эмас”, деб бақира бошладим. Мана, бугун бутун дунё мени “Муҳаммад Али” деб билади.

Матбуот анжуманларидан бирида бир болакай ўша вақтда 35 ёшга кирган боксёрдан: “Боксдан кетганингиздан сўнг нима иш қилмоқчисиз?” деб сўрайди.

“Айтайлик, сиз ўттиз ёшдасиз. Агар сиз ўттизга кирган бўлсангиз, сиз етти ёшлидан кўп нарса билмайсиз. Мен сизга буни исботлаб бераман.  Дастлаб ўттиз йил давомида ҳар куни 7-8 соат ухлаганингизни ҳисоблаймиз. Демак, туғилган кунингиздан ўттиз ёшингизга қадар сиз тахминан 8 йил ухлагансиз. Ўша 30 йилнинг кўп вақтини йўл юришга сафлагансиз – уйдан мактабга, ишга, ишдан уйга, бошқа шаҳарга, бошқа мамлакатга ва ҳоказолар. Демак, 8 йил уйқуга, 2 йил йўлга кетди. Ихтиёрингизда эса 30 йил бор, холос.

Биз Америкада мактабга 1-синфдан 12-синфгача ўқиб қанча вақт сарфлаймиз? 12 йил давомида кунига 6 соатдан, уч йил 2 йил йўлга, 8 йил уйқуга, 3 йил мактабга, қанча кино кўрдингиз,   футбол ўйнадингиз, кўнгилхушликка қанча вақт сафладингиз, қанча кинолента, театр, бейсбол? Ўйин-кулгуга ўртача икки йил кетди. Бир неча болаларингиз бўлган, ипотека қарзларини тўлаб бўлганингизда ёшингиз олтмишга бориб қўйган бўлади. Бизга узоқ кўринган умр аслида жуда ҳам қисқа. Юрган йўлларингиз, кўрган тушларингиз, ўқиган мактабингиз, ўйин-кулгуларингизнинг чиқариб ташланса, сиз ярим ҳаётингизда ҳеч нима қилмаган бўлиб чиқасиз.

Мен ҳозир ўттиз беш ёшдаман. Яна ўттиз йилдан кейин олтмиш бешга кираман. Бу ёшда биз ҳеч нарсани бошқара олмаймиз. Бу ҳақда сизга хотинингиз хабар беради.

Биласизми, олдимдаги 30 йилда нима қиламан. унинг 9 йилини ухлаб ўтказаман. Американинг турли жойларига сайр қиламан. Кунига ўртача олти-етти миль, демак, йўлга тўрт йил сарфлайман. Тўққиз йил уйқу, уч йилча ўйин-кулгуни шунга қўшиб ҳисобласак, менинг ишларимни қилишимга 16 йил вақтим қолар экан. 

Мен ана шу 16 йилда нима қиламан? Энг муҳими, Раббим билан учрашишга тайёрланаман.  Қаср, бизнес, боксни ўргатиш мени Унга яқинлаштирмайди. Сизни ишонтириб айтаман, биз қаттиқ сўраламиз.

Мен боксдан кетганимдан кейин одамларга фойдам тегадиган нима иш бўлса ҳаммасини қиламан. Негаки, менинг ҳар бир ҳаракатимни кўриб турган Аллоҳ таоло Жо Фрезерни дўппослаганим учун мендан мамнун бўлмайди. Аллоҳга қайсидир миллатнинг бойлигининг ҳам ҳеч қандай эътибори йўқ. Уни инсонларнинг бир-бирига қанчалик ёрдам кўрсатаётгани қизиқтиради. Мен ҳаётимни инсонларга ёрдам қилишга, хайриялар ташкил қилиб уларни бирлаштиришга бағишладим. Чунки мен вафот этганимдан сўнг жаннатга тушишни истайман. 

Биз неча йил яшаймиз? 80 ёшгачами? Бизнинг омадимиз ҳар хил: биримиз – 20 йилдан сўнг ўламиз, бошқамиз – 50, яна биримиз – 30, кимлардир эса 6 ёки 7 йил ўтиб ўлади.

Айтайлик, биз 250 йил яшаймиз. Ўшанда ҳам барибир ўламиз. Ўртача умримизни 80 йил деб оладиган бўлсак, бу – бизга ўтказган йилларимизни нимага сарфлаганимиз сўраладиган синов. Ҳақиқий ҳаёт – ботинимизда. Тана қарийди, кимдир ҳозир кўзгуга қараб тишлари йўқлиги, сочлари тўкилаётганини томоша қилаётгандир. Сизнинг танингиз қарийди, қалбингиз ва руҳингиз ҳеч қачон чарчамайди, ана ўшалар абадий яшайди. Аллоҳ биз бир-биримизга қандай муомалада бўлаётганимизни кўриб туради. Ҳаётдаги энг муҳим нарса – вафот этгандан сўнг нима бўлади, жаннатга тушасизми ёки дўзах аҳлидан бўласизми, ана шу абадийдир.

Инсон қотиллик қилиб, ўғрилик қилиб, қўлга тушмаслиги мумкин. Лекин у эртага ўлади. Қабрдан ҳеч қаёққа қочиб кета олмайди.

Хуллас, мен ана шу ҳисобимиз бўйича қолган 16 йилимни Аллоҳ таолонинг ҳузурига ёруғ юз билан боришга сарфламоқчиман”.

Жузъий қисқартиришлар билан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.

6832 марта ўқилди

Мақолалар

Top