Мақолалар

Расулуллоҳ: "Аллоҳим, уларни жаннатда менга ҳамроҳ қилгин"

Умму Амморанинг асл исми Насиба (Нусайба) бинти Каъб ибн Амр ибн Авф ибн Мабзул, Нажжорийя, Маданийядир. Бу аёл ҳаммага наъмуна ва ибрат кўрсатган,  яхшилик қилиш борасида зарбулмасал бўлган улуғ саҳобия аёлларнинг биридир.

Имом Заҳабий ривоят қилади: Умму Аммора розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Бугун Нусайба бинти Каъбнинг ўрни фалончи ва фалончининг ўрнидан яхшидир” деганларини эшитдим”, деди.

Умму Аммора Нусайба бинти Каъб саховат билан танилган, Ислом ва мусулмонлар хизматида улкан ишларни қилган оилада улғайди. Акаси Абдуллоҳ ибн Каъб Мозиний Бадр жангида қатнашган саҳобийлардан эди. Акаси Абдураҳмон эса, Табук  ғазотидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига йиғлаб келган етти саҳобийнинг бири бўлди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, жангга бориш учун бирорта улов топиб беришларини сўраган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга улов топиб бера олмадилар. Ноилож орқаларига қайтар эканлар, кўзлари ёшланди. Барча уларни “Кўзёш тўкувчилар” деб номлаган эди. Шунда улар ҳақида ушбу оят нозил бўлди: Шунингдeк, сизнинг ҳузурингизгa улaрни улoвли қилиб қўйишингиз учун кeлгaнлaридa, “сизлaрни улoвли қилишгa нaрсa тoпa oлмaймaн", - дeдингиз. Улaр эсa сaрф қилишгa нaрсa тoпa oлмaгaнлaри учун ғaмгин бўлиб, кўзлaридaн ёш oқиб қaйтиб кeтдилaр. Улaргa ҳaм (тaънa йўқ). (Тавба сураси, 92-оят).

Турмуш ўртоғи Зайд ибн Осим ибн Амр Мозиний Нажжорий Исломга биринчилардан бўлиб кирган. Икки ўғли Ҳабиб ва Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бўлиш бахтига эришган эди. Умму Умора розияллоҳу анҳо кейинчалик Ғозийя ибн Амр ибн Атийя Мозиний Нажжорийга турмушга чиқди. Ундан икки фарзанд Тамим ва Хавла дунёга келди. Аллоҳ таоло ҳар иккисига ҳам ҳидоят ва ихлос неъматини берди.

Уҳуд жангида Умму Умора розияллоҳу анҳо бир неча жойидан жароҳатланди. Бу жароҳатларнинг энг каттаси елкасидаги Ибн Қомиа жароҳатлаган оғир жароҳат эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг жароҳатини кўриб ўғли Абдуллоҳга онасининг жароҳатини боғлаб қўйишни буюрдилар ва: “Сиздек оилага Аллоҳ таолонинг баракаси бўлсин! Онангни мақоми фалончи ва фалончиларнинг мақомидан яхши, отангни (ўгайота) мақоми фалончи ва фалончининг мақомидан яхши, сени мақоминг фалончи ва фалончининг мақомидан яхши, Аллоҳ таоло сиздек оилага раҳм қилсин!” дедилар. Бу гапларни эшитган Умму Умора розияллоҳу анҳо: “Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрасангиз, жаннатда мени сизга ҳамроҳ қилса!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ё Аллоҳ, уларни жаннатда менга ҳамроҳ қилгин!” деб дуо қилдилар. Бу дуони эшитган Умму Умора розияллоҳу анҳо: “Дунёда менга нима етса ҳам парво қилмайман” деди.

Бу саҳобия аёл сабр қилиш борасида ҳам улуғ мартабаларга эришган. Ўғли Ҳабиб ўлдирилганида Аллоҳ таолодан савоб умидида сабр қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Ямомада пайғамбарлик даъвоси билан чиққан Мусайлама каззобнинг олдига юборган эдилар. Мусайлама ундан: “Муҳаммадни расул эканига гувоҳлик берасанми?” деб сўради. Ҳабиб: “Ҳа” деди. Мусайлама: “Мени Аллоҳнинг расули эканимга гувоҳлик берасанми?” деб сўради. Ҳабиб: “Гапингни эшитмадим!” деди. Бир неча бор сўраганда ҳам шу жавобни олгач, Мусайлама унинг аъзоларини бирма-бир кесиб ташлади.

Умму Аммора розияллоҳу анҳо Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига келиб Мусайлама каззобга қарши жанга кетаётганлар билан бирга боришга изн сўради. У зот Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу билан маслаҳатлашиб, унга изн бердилар. Ўша пайтда олтмиш ёшни қоралаб қўйган бўлса ҳам унинг қасду иродаси кучсизланмаган эди. Ушбу кундаги жангда ўн бир жойидан жароҳатланса ҳам ғайрати сусаймади. Улар зафар қучдилар.

Умму Аммора розияллоҳу анҳо халифалар даврида ўзига лойиқ мартабада ҳаёт кечирди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу аёлнинг зиёратига келар ва маслаҳат сўраб турардилар. Умар розияллоҳу анҳу ҳам бу саҳобиянинг ҳурматини жойига қўяр эдилар. Нусайба бинти Каъб Ансорийя ҳижратнинг ўн учинчи йили Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида вафот этди, (Аллоҳ ундан рози бўлсин!).

 

Манбалар асосида

Дилфуза Раҳимова

тайёрлади

2921 марта ўқилди

Мақолалар

Top