Мақолалар

Пайғамбаримиз қачон туғилганлар?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар йили рабиул аввал ойи келиши билан севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалар муҳим мавзуга айланади. Бу ҳақда ким қаерда нима ўқиган, эшитган бўлса, бошқаларга етказишга ҳаракат қилади. Биз ҳам бу борадаги изланишимизни Сиз азизларга илиндик.

Ҳар хил китобларда Пайғамбаримизнинг туғилган кунлари деб рабиул аввал ойининг 1, 2, 17, 18, 21, 22-кунлари кўрсатилади ёки рамазон ойининг 12-си, деб ҳам маълумот берилган. Аммо аллома Ибн Касир каби муҳаққиқ уламолар бу тўғрида тадқиқотлар олиб бориб, бу маълумотларнинг асоссиз, ишончсиз, яъни саҳиҳ маълумотларга зид эканини очиқ баён қилишган.[1]Саҳобалар, тобеинлар, муҳаддислар, тарих, сийрат, фалакиёт олимлари ҳамда жумҳур муҳаққиқ уламоларнинг хулосалари бундай: “Пайғамбаримиз милодий 571 – Фил йили, баҳор фасли, душанба куни, тонг вақтида туғилганлар. Бу кун милодий 20-апрелга тўғри келади. Қамарий рабиул аввал ойининг эса 8, 9, 10 ёки 12-кунидир.

 
 Рабиул аввалнинг 8-куни туғилганлари ҳақидаги нақл Абдуллоҳ ибн Аббос, Жубайр ибн Мутъим ва Баро ибн Озиб[2] розийаллоҳу анҳумдан ривоят қилинган[3]. Ибн Ҳазм[4] ва улуғ тобеин Муҳаммад ибн Жубайрлар[5] у Зотнинг таваллудларини “Рабиул аввал ойининг саккизинчи куни”, дейишган.

Ибн Абдул Барр баъзи тарихчиларнинг мана шу маълумотни саҳиҳ-тўғри деганларини келтирган[6].

Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий бу маълумотни қатъий деб ҳисоблаб: “Бундан бошқаси тўғри эмас, зоҳирий тарихчилари мана шунга ижмоъ қилишган”, деган[7].

Ҳофиз Абул Хаттоб Умар ибн Диҳя “Ат-танвир фи мавлидил башарин назир” китобида ушбу маълумотни бошқа маълумотлардан афзал ва устун кўрган.

Имом Табарий “Хулосату сияри саййидил башар” китобида кўп олимларнинг бу маълумотни тўғри деганларини қайд этиб ўтади.

Ҳофиз Қасталоний: “Кўп аҳли ҳадис мана шу маълумотни ихтиёр этишган”, деган[8].

Қузоъий: “Астрономик тақвим-жадвал олимлари бу маълумот борасида иттифоқ қилишган”, деб айтади[9].

Рабиул аввалнинг 9-куни туғилганлари ҳақидаги хабарлар Шайх Муҳаммад Хузарийнинг “Нурул яқин”, Муҳаммад Сулаймон Мансурфурийнинг “Раҳматун лил оламин”, Шайх Сафиюр Раҳмон Муборакфурийнинг “Ар-раҳиқул махтум”, Доктор Абдуллоҳ Фақиҳнинг “Фатовош шабакатил исломия”, Шайх Али ибн Нойифнинг “Мавсуъатул буҳуси вал мақолотил илмия”, Иброҳим Ибёрийнинг “Ал-мавсуъатул Қуръония”(1/25), мисрлик тарихчи Муҳаммад Талъатбек Ҳарбнинг “Тариху дувалил араби вал ислом”, Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхонтўра)нинг “Нурул басар”, Собит ҳожи Абдул Боқий ўғлининг “Сийрату хотамин набиййин” китобларида баён қилинган.

Машҳур олим Али Тантовий (1909 – 1999) мана шу маълумотни бошқа маълумотлардан афзал ва устун кўрган[10].

“Ал-мавсуъатул исломиятул муъосира” китоби (5/366) муаллифлари ҳам мана шу ҳисобни қабул қилишган.

Миср расадхонасининг собиқ мудири, геометрия фанлари доктори астроном Маҳмуд Пошо “Тақвимул араби қоблал ислом” китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган кун рабиул аввал ойининг 9-куни душанба, милодий 571 йил, 20-апрел эканини астрономик дақиқ ҳисоб билан аниқлаган[11].

Шунингдек, “Hijri-Gregorian Converter” яъни, милодийдан ҳижрийга ва ҳижрийдан милодийга ўтказадиган махсус компьютер ҳисоблагич дастури орқали ҳисоблаганимизда, милодий 571 йилдаги рабиул аввал ойининг 9-куни душанбага тўғри келди!

Рабиул аввалнинг 10-куни туғилганлар, деган маълумотни Муҳаммад ибн Саъд “Ат-табақотул кубро” китобида келтирган.

Шунингдек, Ҳофиз Абул Хаттоб Умар ибн Диҳянинг “Ат-танвир фи мавлидил башарин назир” китобида, Ибн Асокирнинг Абу Жаъфар ал-Боқирдан қилган ривояти[12], имом Шаъбий[13] ва Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али[14]нинг ривоятларида ҳам шу кун экани баён қилинган.

Имом Заҳабий: “Шайхимиз Абу Муҳаммад Димётий ўзи таълиф қилган “Ас-сийратун набавия” китобида: “Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Алининг (рабиул аввал ойининг 10-куни) ривояти билан Абу Маъшар Нужайҳнинг (рабиул аввал ойининг 12-куни) ривоятини келтириб, Абу Жаъфарнинг ривояти (яъни, 10-кун) тўғри, деган”, дейди [15].

Рабиул аввалнинг 12-куни туғилганлари ҳақидаги маълумот эса, Абдуллоҳ ибн Аббос, Жобир розийаллоҳу анҳум[16], Ибн Ҳиббон[17], Муҳаммад ибн Исҳоқ[18], Ибн Ҳишом[19], Абу Маъшар Нужайҳ[20] ва Ибн Халдун[21]лардан ривоят қилинган[22]. Шунингдек, Ибн Касир “Ал-бидоя ван ниҳоя”, Ибн Ражаб Димашқий “Латоифул маъориф”, Мовардий “Аъломун нубувваҳ”, Ибн Саййидин нас “Уюнул асар”, доктор Муҳаммад ибн Абду Раҳмон Шойиъ “Нузулул Қуръон”, Доктор Муҳаммад Саъид ибн Рамазон Бутий “Фиқҳус сийра”, Доктор Шавқий Абу Халил “Атласус сийратин набавия”, Муҳаммад Хаббоз “Баъсул ҳимам ли мужази сийрати саййидил умам”, “Ал-лажнатуд доима лил буҳусил илмияти вал ифто” фатволарида, Алихонтўра Соғуний “Тарихи Муҳаммадий”, Аҳмад Лутфий “Саодат асри қиссалари” китобларида ҳамда, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Ҳадис ва Ҳаёт”, 19-жузи ва “Мавлуд ҳақидаги хилоф” номли илмий мақолаларида рабиул аввал ойининг ўн иккинчи куни дейишган.

Усмонли турк давлати даврида ҳам бу кунни “Мавлиди набий” сифатида қутланиши буюрилган[23].

Аммо рабиул аввал ойининг 12-куни туғилганлар деган маълумот машҳур бўлса-да, Ибн Аббос билан Жобир розийаллоҳу анҳумнинг бу ҳақдаги ривояти ровийлари ичида “инқитоъ” (узилиш) борлигини муҳаддислар баён қилишган.

Қолаверса, турк олими Закои Кўнрапа “Пайғамбаримиз ва ашараи мубашшара” асарида: “Рабиул аввал ойининг 12-куни душанба кунига тўғри келмаганини (балки пайшанба кунига тўғри келишини) унутмаслик керак”, дейди.

Хулоса:

Мазкур маълумотларни санад мезонида ўлчасак, рабиул аввал ойининг 8-куни асосли бўлиб чиқади. Фалакиётшунослик тақвими асосида ҳисобласак, 9-куни илмий ҳисоб бўлади. Машҳурлик жиҳатини олсак, 12-куни кучли бўлади.

Пайғамбаримизнинг туғилган кунларини аниқлаш ўрнида имом Қасталонийнинг: “Пайғамбаримизнинг туғилган вақтлари рабиул аввал ойидир, куни эмас (яъни, туғилган ойлари аниқ, у рабиул аввал ойидир, куни эса, маълум эмас)[24], деган хулосаларини келтириш ўринли бўлса керак.

Энди, Пайғамбаримизнинг туғилган кунларига муносабат ўрнида қуйидаги хулосаларни келтирамиз:

Закои Кўнрапа: “Пайғамбаримизнинг хотирини ёд этишни истаган ҳар бир мусулмон бунинг учун аниқ бир кунни танлаши шарт эмас. Қиймат кун ё соатга эмас, шахснинг ҳартомонлама комил ва намуна бўлишига боғлиқдир. У зотнинг шахсиятига кўрсатиладиган ҳурмат-эҳтиромни у ёки бу кунда маросим ўтказиш билан адо этиб бўлмайди. Бу нарса ул зотга энг самимий ришталар билан боғланиш орқали амалга оширилиши мумкин”, дейди[25].

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Улуғ зот таваллуд топган кун” номли мақолаларида: “Бугунги кунда Пайғамбаримиз таваллуд топган муборак кунларини хотирлаш ва ул зотнинг сийрати санияларини ўқиб ўрганиб ва эшитиш билан бирга, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳаёт тарзлари, хулқ-одобларидан ўрнак олиб яшамоғимиз лозимдир”, деганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари “Мавлуд ҳақидаги хилоф” деб номланган илмий мақолаларида бундай хулоса берганлар: “Рабиул аввал ойи ҳижрий йил ҳисобида учинчи ойдир. Бу ой мусулмонлар учун алоҳида маҳбуб ойдир. Унда Роббул оламиннинг ҳабиби, оламларнинг сарвари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. Шунинг учун ҳам бу ойга мусулмон уммати “мавлид ойи” номини берган. Мавлид ойида улар ўз пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари ва буюк ҳаётларини эсга оладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган аҳдларини янгилайдилар ва ҳаётлари ҳамда сийратларини яна ҳам мукаммалроқ ўрганиш ҳаракатида бўладилар. Қуръони азимуш шаънда улуғ хулқ эгаси сифатида васф қилинган, ўзларининг хулқлари Қуръон бўлган, ҳусни хулқлиларнинг имоми бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини эслаётган бугунги кунимизда у зотга тўлиқ эргашадиган, у зотнинг хулқларини ўзига хулқ қилиб оладиган, у зотнинг таълимотларини тўлиқ ўзлаштириб, ер юзида тирик Қуръон бўлиб юрадиган мусулмон умматининг қайтадан туғилиши учун ҳаракат бошлаш зарурлигини ҳам эслашимиз лозим. Маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини эслар эканмиз, у зотга содиқ уммат бўлиш аҳдини янгилаймиз, у зотга саловоту саломлар юборамиз, Аллоҳ таолодан бу дунёда у зотга эргашиб яшашликни насиб этишини, у дунёда Ўзининг розилигига ва Пайғамбарининг шафоатига муяссар қилишини сўраймиз. Омин”.

Аллоҳдан Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога беадад саловот ва саломларимизни етказишини илтижо қиламиз.

Абдул Азим ЗИЁУДДИН

[1] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”.

[2] Ибн Жавзий, “Ал-вафо би таърифи фазоилил мустафо”.

[3] “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.

[4] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”.

[5] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”; Имом Молик, Уқайл ва Юнус ибн Язидлар саҳиҳ иснод билан ривоят қилишган.

[6] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”.

[7] “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”; Муҳаммад Муновий, “Файзул Қодир шарҳул жомеъис сағир мин аҳодисил баширин назир” (3/40);

[8] “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.

[9] “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.

[10] “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.

[11] “Фатово ал-Азҳар” (8/255).

[12] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”; “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.

[13] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”; “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.

[14] Имом Заҳабий, “Ас-сийратун набавия”.

[15] Имом Заҳабий, “Ас-сийратун набавия”; “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.

[16] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”; “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.

[17] Абу Ҳотим ибн Ҳиббон, “Ас-сийратун набавия”; Шайх Муҳаммад ибн Ризқ, “Ал-ислом ва набиюл ислом”.

[18] Имом Ҳоким, “Ал-мустадрак ъалас саҳиҳайн”; Имом Байҳақий, “Далоилун нубувваҳ”, “Шуъабул иймон”; Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”; Имом Табарий, “Ат-тарих”; Абду Раҳмон Суҳайлий, “Ар-равзул унф фи шарҳи сийрати Ибн Ҳишом”; Доктор Аҳмад Абу Зайд, “Ас-сийратун набавия”; “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.

[19] Ибн Ҳишом, “Ас-сийратун набавия”; Абдул Ҳафиз Али Қарний, “Ан-набий фи миръоти асҳобиҳи”.

[20] Имом Заҳабий, “Ас-сийратун набавия”.

[21] “Ал-истиқсо фий ахборил мағрибил ақсо”.

[22] Абу Шайба, “Ал-мусаннаф”; Доктор Аҳмад Абу Зайд, “Ас-сийратун набавия”; Муҳаммад Абу Заҳра, “Зуҳратут тафосир”; “Фатово ал-Азҳар”.

[23] Закои Кўнрапа, “Пайғамбаримиз ва ашараи мубашшара”.

[24] “Ал-мавоҳибул ладуния”.

[25] “Пайғамбаримиз ва ашараи мубашшара”.

манба: https://islom.uz/maqola/2077

3813 марта ўқилди

Мақолалар

Top