Ўзбекистон янгиликлари

Шукроналик ва меҳр-мурувват байрами

Қадрият

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳнинг раҳмат-мағфирати ёғиладиган, ажру мукофот бериладиган ва хурсандчилик айёми бўлган Ийдул фитр — Рамазон ҳайити яқинлашиб келмоқда.

Аллоҳ таолонинг амрини адо этиб, тақво неъматини қўлга киритган, Расул алайҳиссаломнинг суннатига эргашиб, имон ила савоб умидида рўза тутган мўмин-мусулмонларга жаннатнинг Райён дарвозасидан кириш бахти насиб этсин!

Шундай файзли кунларга етказгани учун Ҳақ таолога шукроналар айтамиз. Қодир Аллоҳдан халқимизга қут-барака, бахту саодат ва тинчлик-офият беришини сўраб, дуолар қиламиз.

Рамазон ойида юртимизга Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилди. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришди. Файзли оқшомларда эса ифторлик қилиб, қалб роҳати — таровеҳ намозини адо этишди. Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этилди, фитр садақаси ҳамда фидялар берилди.

Қутлуғ ойда 2 мингдан зиёд масжидда таровеҳ намози ўқилди, 1,5 мингдан ортиқ жомеда Қуръони карим хатм қилинди. Мухлис халқимиз Ҳақ таоло Каломига сомеъ бўлди.

Бундай саодат Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар мевасидир, десак, айни ҳақиқат.

Янгидан очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар қалбимизни яшнатиб, умримизни нурга тўлдирмоқда. Мамлакатимизда азалий қадриятларимиз саналган, муқаддас динимизнинг асосий мезони бўлган ўзгаларга яхшилик қилиш, йиқилганни суяш, кечиримлилик, бағрикенглик, меҳр-оқибат кўрсатиш, эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ишлар кенг қулоч ёзаётгани барчамизга мамнуният бағишламоқда.

 Бу борадаги ишлар муборак Ҳайит кунларида янгича мазмун билан бойийди. Маҳаллалар, хонадонлар тоза-озода ҳолга келтирилади. Қариндош-уруғлар, етимлар, бевалар, кекса ва имконияти чекланган инсонлар, беморлар  ҳолидан хабар олинади. Уларнинг кўнглини кўтариш, оғрини енгил қилишга кўмаклашилади. Ўзаро совға-саломлар улашилади.

Президентимиз кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари олдига байрамни ана шундай руҳда, юқори савияда ўтказиш вазифасини қўйди.

Зотан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги муборак кунларда халқимизга хос олижаноблик ва меҳр-мурувват рамзи сифатида нуронийларимиз, ёлғиз ва эҳтиёжманд бўлган опа-сингилларимиз, ака-ука ва фарзандларимизга эътибор кўрсатиш, ҳолидан хабар олиб, дардига малҳам бўлиш, Яратганга ҳам, халқимизга ҳам, албатта, хуш келади.

Юртбошимиз ташаббуси билан бу қутлуғ айёмда дам олиш кунларининг кўпайтириб берилгани байрамни ўзгача шукуҳ билан муносиб тарзда ўтказишимизга, савоб ишларни кўпроқ қилишимизга имкон яратади.

Жорий Рамазон ойи халқимиз учун эсда қоларли воқеаларга бой бўлди.  Президентимиз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдонига ташриф буюриб, маънавий қудратимиз тимсоли бўлган ушбу муаззам мажмуа фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қимматли маслаҳатлар берди. Бу ерда юртимиз уламоларининг ислом цивилизацияси ривожига қўшган буюк ҳиссаси яққол ифода этилади. Имом-хатибларимиз ушбу бетакрор масканда малака оширади.

Аллоҳ таоло қутлуғ ойда халқимиз ҳаётида муҳим бўлган хайрли ишларни насиб этди. Ушбу ой баракотидан юртимизда янги жоме масжидлар очилди, 13 минг фуқаро умра амалини адо этди, шу кунга қадар эса бу рақам 40 минг нафарни ташкил қилмоқда.

Хориж давлатлари диний идораларидан келган таклифлар асосида уламо ва қориларимиз чет мамлакатларда диний-маърифий тадбирларда иштирок этиб, таровеҳ намозларини адо этиб берди. Юртимизнинг бир гуруҳ уламолари АҚШ ва Россиянинг турли ҳудудларида хатми Қуръон ва таровеҳ намозларида қатнашиб, эътирофларга сазовор бўлди.

Кейинги йилларда фаолияти йўлга қўйилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказларида муқаддас динимизнинг илмий жиҳатдан тадқиқ этилиши “Жаҳолатга қарши — маърифат” ғоясининг ҳаётий рўёбига ҳисса қўшмоқда. Бундай хайрли ишларнинг самараси ўлароқ, заминимиздан яна бухорийлар, термизийлар, насафийлар ва нақшбандийлар етишиб чиқажак, инша Аллоҳ.

Шубҳасиз, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган “Яхшиликка далолат қилувчи уни қилган киши кабидир”, ҳадиси шарифига мувофиқ санаб ўтилган савобли ишлар сабабчиси бўлган инсонларга ҳам чексиз ажру мукофотлар ёзилади ҳамда юртимизга қут-барака ёғилади.

Шундай улуғ неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароитларни Аллоҳ таолонинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.

Ушбу улуғ кунларда, ҳадиси шарифларда марҳамат қилинганидек, ҳар бир амал эвазига 70 тадан 700 тагача савоб берилади. Инша Аллоҳ.

Ийдул Фитрни дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик ила ўтказади. Ушбу кун Яратган эгамнинг раҳмати Ер юзига ёғиладиган, қалблар завқланадиган, рўзадорларга ажрлар бериладиган ажойиб фурсат.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу — Ийд куни бизнинг байрамимиздир”, деб марҳамат қилганлар.

Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ “Фатҳул Борий” асарларида шундай деган: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”.

Ийд Аллоҳ таолога қилинган тоат-ибодатлар туфайли, У зотнинг бандаларига кўрсатган раҳмату мағфирати туфайли хурсандчилик изҳор қилиш учун бир муносабатдир.

Аллоҳ таоло ўз Каломида: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир, деб айт, деб марҳамат қилган (Юнус сураси, 58-оят).

Аллоҳнинг фазлидан хурсанд бўлиш ҳам У зотга қурбат саналади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таолога фарз амалларидан сўнг энг маҳбуб амал мўминнинг қалбига хурсандчилик солишдир (Имом Табароний) деган.

Зеро, ҳар бир мўмин-мусулмон учун Роббининг ибодатини адо этиш чинакам бахту саодатдир. Шунинг учун бу байрам имон ҳаловати, ибодат ва дуо-истиғфор байрами. Бу байрамда мусулмонлар жоме масжидларга тўпланиб, Ийд намозини жамоат билан ўқийди. Сўнг дуолар қилиб, ўтганларнинг руҳини шод этади, эл-юртга, Ватанга, бутун дунёга осудалик тилаб, илтижолар қилади.

Яратган Парвардигор бутун дунё мусулмонларига Рамазон ҳайити байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул этсин, она Ватанимизни обод, халқимиз ҳаётини янада фаровон қилсин!

 

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.

 

 

 

1817 марта ўқилди

Мақолалар

Top