Мақолалар

Илмни устоздан олиш шарт-ми? ёҳуд илм устозсиз бўлмаслигига 33 асос

Билим ҳар бир инсон учун бирдек зарурдир. Бироқ, у тўғри ва тартибли олинмаса кўзланган натижаларга эришилмайди. Бугунги кунда тобора кўпайиб бораётган ҳар ким ўзича илм ўрганиш иллати ҳақиқий билимларни йўқ қилишга сабаб бўлмоқда. Интернет ва ижтимоий тармоқ тизимларининг ривошланиши ҳам бу офатга ўз "ҳисса"сини сезиларли даражада қўшди.

 

Кириш

Ҳар бир соҳада юксак малакали, ўз касбининг чинакам мутахассисидан илм олиш лозим ва лобуддир. Акс ҳолда, бундан бошқа услублар адашишга олиб келади. Биробарин, устоздан илм ўрганиш тартибига барча замонларда, ҳатто Пайғамбарлар алайҳимуссалом ва ўтган жамики солиҳлар амал қилган. Зеро, бу ишончли билимга эга бўлишнинг ягона йўли саналади. Яна илмни устоздан ўрганишнинг афзал жиҳати шундаки, талаба олимларни қандай ҳурмат қилишни ўрганади (Қаранг: "Адаб ал-ихтилаф" Шайх Муҳаммад Аввома, 162-бет ва "Маъолим Иршодийя", 159-бет).

Ўтган салафи солиҳлар қоғозни шайх (устоз) қилиб олишдан Аллоҳдан паноҳ сўраб дуо қилардилар (Шайх Муҳаммад Аввома. "Маъолим Иршодия", 179-бет).

Қуйида илмни устоздан олиш ҳақиқатига оид баъзи далиларни келтирамиз.

Қуръони карим оятларидан далиллар

  1. Бу дунё ҳаётида биладиганларнинг ҳам, билмайдиганларнинг ҳам бўлиши табиий ҳолатлар. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда билмайдиганларга биладиганлардан сўрашни буюрди :

﴿فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ﴾

"Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар" (Анбиё сураси, 7-оят).

  1. Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан умматнинг ҳидояти ва илми учун нозил қилинган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушунтиришларисиз Қуръон маъноларини тўлиқ ва бехато англаб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай марҳамат қилади:

﴿بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ﴾

"(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик" (Наҳл сураси, 44-оят).

Ушбу оят бу масалада энг кучли ва энг аниқ далилдир.

 

Ҳадислардан далиллар

عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ وَإِنَّمَا أَنَا قَاسِمٌ وَاللهُ يُعْطِي وَلَنْ تَزَالَ هَذِهِ الْأُمَّةُ قَائِمَةً عَلَى أَمْرِ اللهِ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَالَفَهُمْ حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

  1. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди", дедилар (Тўртовлари ривоят ривоят қилганлар).

"Саҳиҳ ал-Бухорий"га шарҳ ёзган машҳур муҳаддис Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бундай изоҳлайди: "Демак, ишончли илм фақат пайғамбарлар (анбиё) ва уларнинг ворисларидан (уламолардан) олинган илмдир".

Аллома Айний раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу ҳадисни шундай шарҳлаган. Юқоридаги икки муҳаддис ҳам бу ҳадисни ҳасан (яхши) деб ҳисоблаганлар.

  1. Аллома Шотибий раҳимаҳуллоҳ бу фикрга урғу бериб ёзади: «Бунинг далили ушбу ҳадисдир: "Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Албатта, Аллоҳ таоло бандаларидан илмни бирданига суғуриб олмайди. Балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб олади. Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўраладилар ва илмсиз равишда фатво беришади. Натидажа адашадилар ва адаштирадилар", деганларини эшитдим"» (Имом Бухорий ривояти. 100-ҳадис).

Яна бундай ёзади: "Шундай экан, илм калити – унинг кўтариб юрувчилари эканига шубҳа йўқ" ("Адаб ал-ихтилаф", 174-бет).

 

  1. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида Имом Аҳмаднинг "Муснади"дан бир парча келтиради, унда бундай дейилади: "Албатта, илм аҳлининг тарк этиши – айнан илмнинг кетишидир" ("Фатҳул-борий").

 

 

 

Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан мисолар

  1. Айтилишича, Довуд алайҳиссалом пайғамбар бўлгунларига қадар Луқмон Ҳакимдан кўп илмлар ўрганганлар (Тафсир ал-Қуртубий(.
  2. Луқмон Ҳаким ўғлига бундай насиҳат берган: "Ўғлим, олимларга яқин ва доимо улар билан бирга бўл. Албатта, Аллоҳ таоло ерни ёмғир билан тирилтирганидек, қалбларни ҳикмат билан тирилтиради" ("Жомиъу баёнил илм"; "Маъолим иршодия", 164-бет).
  3. Мусо алайҳиссаломнинг Ҳизр алайҳиссалом билан бирга бўлганлари маълум ва машҳур .
  4. Юшаъ ибн Нун алайҳиссалом пайғамбарлик келишидан олдин узоқ вақт Мусо алайҳиссалом билан бирга бўлганлар.

 

Салафи солиҳларнинг сўзлари

  1. Шунингдек, тобеинлар даврида ким бирор илми борлигини даъво қилса, ундан бу илмни кимдан олгани сўралган (Қаранг: Имом Муслимнинг "Саҳиҳ" асарининг кириш қисми).
  2. V асрнинг машҳур муҳаддиси Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ўзининг "Тақйидул-илм" асарида бундай ёзади: "Классик даврнинг кўплаб олимлари вафот этганларида ўзларининг китобларини йўқ қилишди ёки бошқаларга ҳам шундай қилишни буюрдилар. Улар ҳукмларни тушунмайдиган ва китобдан фақат ташқи маъноларни оладиган жоҳиллар қўлига тушиб қолишларидан қўрқиб шундай қилдилар".

Кейин бу ишни қилган мумтоз олимларнинг номларини санаб ўтди. Улардан: Имом Обид Салмоний, Имом Шўъба ибн Ҳажжож, Имом Абу Киляба ва Имом Исо ибн Юнус раҳимаҳуллоҳ (61-62 бетлар).

  1. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга масжидда ҳалқа (доира)да ўтириб, фиқҳий масалалар ҳақида баҳслашаётган бир гуруҳ одамлар ҳақида хабар берилганида, у киши: "Уларнинг раҳбари (ўқитувчиси) борми?" деган саволларига "йўқ" деган жавоб бўлганда: "Бу одамлар ҳеч қачон фиқҳни эгалламайдилар" деганлар (Шайх Муҳаммад Аввома. "Адаб ал-ихтилаф", 164-бет ва "Маъолим иршодия", 163-бет; "Ал-Фақиҳ вал Мутафаққиҳ", 2-жилд, 83-бет).
  2. Бир куни Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан "Киши илм олишда олимлар билан суҳбатлашмасдан, фақат китоб ўқиб қаноатланса илм олади-ми?" деб сўрашди. Имом Молик рад жавоб берди ва бундай деди: "Илм фақат уни ёд олган, олимларга ҳамроҳ бўлган, ўз илмига амал қилган ва тўғрисўз ҳалол кишидангина олинади" ("Адаб ал-ихтилаф", 165-бет; "Маъолим Иршодия", 163-бет).

 

  1. Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ ёзади: "Қадимги замонларда билим одамларнинг қалбида бўлган. Кейин у китобларга ўтказилди, аммо калитлар ҳали ҳамон одамларнинг қалбида қолмоқда. Шу сабабли, талаба, албатта, унга мунозаралар ва тушуниш йўлларини очадиган мураббийга муҳтож" ("Адаб ал-ихтилоф", 174-бет; "Маъолим иршодия", 174-бет).

 

  1. Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ёзади: "Ҳар бир талабанинг қийин саволларга жавоб олиш учун мурожаат қилиши мумкин бўлган устози бўлиши керак" ("Ал-Фақиҳ вал-мутафаккиҳ", 2-жилд, 83-бет; "Ан-Насиҳа ёки Аҳлил-Ҳадис", 259-бет).

 

  1. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Агар ўқувчига илм сирларини очиб (тушунтириб) берадиган олим бўлмаса, китобларнинг ўзи ҳеч қандай фойда келтирмайди. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат" ("Адаб ал-ихтилаф", 178-бет).

 

Ўтган салафи солиҳларнинг тутган йўли

Ўтмиш олимларининг ҳаётини ўрганган киши улар узоқ вақт сарсон-саргардонликда ва ўз устозлари даврасида ўтказганларининг гувоҳи бўлади.

Бу саҳобалар, тобеъинлар ва уларга эргашганларнинг ҳаётида яққол намоён бўлувчи ҳолатдир. Улар илмни ўзларидан олдингилардан олганлар. Бинобарин тобеъин бу номни фақат саҳобалар билан алоқа қилгандан кейин олиши мумкин эди. Шунчаки бир неча дарсларга қатнашиш (бугунги кунда одатий ҳолга айланган) "мулозама" – қатъиятлилик ҳисобланмайди (Қаранг: "Маолим иршодия"даги изоҳлар, 177-бет).

  1. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Баъзи шогирдлар ўттиз йил давомида ўқитувчиларининг дарсларида қатнашган" ("Адаб ал-ихтилаф", 171-бет).

 

10 та мисол :

  1. Нуъайм Мужмир раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳузурида 20 йил яшади ("Адаб ал-ихтилаф", 171-бет).
  2. Собит Бунони раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳу билан 40 йил яшади ("Адаб ал-ихтилаф", 171-бет).
  3. Нофиъ ибн Абдуллоҳ айтадилар: "Мен 40 йил давомида Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг дарсларида қатнашдим" ("Адаб ал-ихтилаф", 172-бет).
  4. Каънабий ҳам Имом Молик раҳимаҳумуллоҳ ҳузурида 20 йил ўтказдилар ("Тартибул мадарик").
  5. Имом Абдураҳмон ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ Имом Молик розияллоҳу анҳу билан бирга 17 йил яшадилар ("Тартибул Мадарик"; Қаранг: "Сафаҳат мин сабрил улама", 116-бет).
  6. Муҳаммад ибн Жаъфар 20 йил Шуъба раҳимаҳуллоҳ билан бирга бўлдилар ("Хуласатул Хазрожий", 330-бет).
  7. Абу Сафвон, Абдуллоҳ ибн Абдумалик Ибн Журайж раҳимаҳуллоҳ билан 10 йил бирга бўлган ("Саҳиҳ Муслим" 3353-ҳадис).
  8. Муҳаммад ибн Башар 20 йил Яҳё Қаттон раҳимаҳуллоҳ билан бирга бўлди.
  9. Салама ибн Шабиб 40 йил Имом Абдураззоқ раҳимаҳуллоҳ ҳузурида бўлди ("Ал-Жомиъу ли ахлақир-ровий", 2-жилд, 265-бет).
  10. Имом Муслим Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳга олти йил ҳамроҳлик қилди ("Сияр аълам ан-Нубала").

 

  1. Ҳанафий фақиҳи Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ бунинг сабабини баён қилади: "Илмга мунтазам мурожаат қилмасдан, доимий изланиш ва устозсиз эришиб бўлмайди" ("Адаб ал-ихтилаф", 172-бет).
  2. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Ўз даврида машҳур бўлган ва омма томонидан қабул қилинган ҳар бир таниқли олимнинг ўз даврида мурожаат қиладиган устозлари бўлган" ("Адаб ал-ихтилаф", 176-бет).

 

  1. Илм йўлидаги сафарлар.

Бу ерда муҳокама қилинадиган яна бир нуқта, салафларнинг сарсон-саргардонликда ўтказган узоқ муддатларидир. Китоб билан қаноатланиш инсонни сафарга чиқиб, мусофирликда узоқ юртларда қолишга мажбурламайди.

  1. Имом Боқий ибн Маҳлад раҳимаҳуллоҳ илм излаб икки марта сафарга чиқдилар. Уларнинг биринчиси 14 йил, иккинчиси эса 20 йил давом этди ("Сафоҳат мин сабрил улама", 60-бет).
  2. Имом Ибн Манда раҳимаҳуллоҳ 45 йилни уйдан узоқда ўтказдилар ("Сафоҳат мин сабрил улама", 65-бет).
  3. Имом Яъқуб ибн Суфён Фасави раҳимаҳуллоҳ: "Мен 35 йилдан бери сафардаман", деганлар ("Сафоҳат", 61-бет).

 

  1. Ер юзи бўйлаб илм излаган олимлар

Толиби илмлар сафарлари чоғида бирор олим бўлган ҳеч бир шаҳар, қишлоқ ёки шаҳарчани эътибордан четда қолдирмадилар.

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳақида бундай ёзадилар: "Муснад"ини тузишдан олдин бутун (Ислом) дунёсини уч марта кезган ("Саид ал-Касир"; "Сафаҳат мин сабрил улама", 54-бет) .

Ибн Муқрий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: "Шарқдан ғарбга тўрт марта сафар қилдим ва ўн марта Байтул Мақдисни зиёрат қилдим" ("Сафоҳат мин сабрил улама", 64-бет).

 

  1. Фақат битта устоз эмас!

Салафлар ҳеч қачон бир-икки устоз билан чекланишмаган. Уларнинг муаллимлари баъзан минглаб ададни ташкил қилган.

  1. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: "Мен 1080 та устоздан ҳадис ёздим", деганлар ("Ҳадю ас-сарий", 670-бет).
  2. Имом Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ дедилар: "Тахминан 2 мингдан ортиқ устоздан ҳадис ёзиб олдим" ("Тазкиратул-хуффоз", 3-жилд, 921-бет).
  3. Ибн Манда раҳимаҳуллоҳнинг 1700 нафар устози бор эди ("Тазкиратул-хуффоз", 3-жилд, 1032-бет).
  4. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ 4 мингта устоздан илм олган ("Тазкиратул-ҳуффоз", 1-жилд, 276-бет).
  5. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг биргина тобеъинлардан 4 минг нафар устозлари борлиги хабарлардан келган (Ибн Ҳажар Ҳайсамий "Ал-Хайратул-ҳисон"; Қаранг: "Асорул-ҳадис", 176-бет(.
  6. Ҳофиз Ироқий раҳимаҳуллоҳ Имом Қосим ибн Довуд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ёзади: "У зот: "6 минг шайхдан ҳадис ёздим", дедилар ("Сафоҳат"га изоҳ, 64-бет).

 

  1. Замонамизнинг беқиёс муҳаддиси Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ "Адабул ихтилоф" китобида алоҳида таъкидлаб бунай ёзади: "Улар (уламолар) устози бўлмаган кишига ҳеч қачон эътибор бермаганлар ва бундай кишини ҳатто у билан гаплашишга ҳам лойиқ кўрмаганлар, чунки у хато қилишга мойил эди".
  2. Абу Жаъфар Довудий ўз даврининг нуфузли уламоларининг фикрига эътироз билдирганда, улар бундай жавоб бердилар: "Овозингни ўчир! Сизнинг устозингиз йўқ" ("Адаб ал-ихтилаф", 164-бет).
  3. Шайх Аввома раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Ҳар бир инсоннинг насл-насаби бор. Талаба ўз билими учун ўқитувчиларидан ташкил топган насл-насабга ҳам муҳтож. Ўқитувчиси бўлмаган киши, кимлиги бетайин ва насл-насаби номаълум одам кабидир. Унинг ҳеч қандай қадри ҳам, вазни ҳам йўқ" ("Олтин қўлланма", Англия, 8-бет; "Маъолим иршодия", 160-бет ва "Адаб ал-ихтилаф", 164-бет).

 

Хатоларнинг ўзгаришлари

  1. Имомлар Муҳаммад ибн Сирин, Ҳакам ибн Атийя ва Воқий ибн ал-Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ Бани Исроилнинг адашиб кетишларига асосий сабаб ота-боболаридан қолган китоблардир, деганлар ("Тақйид ал-Илм", 61-бет ва унга оид эслатмалар).
  2. Дарҳақиқат, илмларнинг жамланиши ҳам одамларнинг уламолар дарсларига кам қатнаша бошлагани сабаб бўлгани учун Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: "Илм илмли кишиларнинг оғзидан чиққанида улуғ эди. Лекин у китобларга кўчганида нури (илоҳий нури) йўқолди" ("Тақйид ул-илм", 64-бет).

Бошқа ривоятда бундай дейилади: "... китобларга кирганида, унга ҳуқуқи бўлмаганлар унга йўл олишди!" ("Сунани Доримий", 467-ҳадис).

Эслатма! Олдинги икки иқтибосдан мақсад китобларни ўзбошимча ўрганиш нотўғри эканини исботлашдир. Асл одоби бу китобларни билимдон устоз ҳамроҳлигида ўрганишдир. Биз ўз олдимизга китоблар обрўсини туширишни мақсад қилиб қўймаганмиз.

  1. Шайх Муҳаммад Аввома айтади: "Олимлардан илм олмаган, уларнинг ҳузурида узоқ вақт бўлмаган, одатларини ўзлаштира олмайдиган одамдан қандай ҳурмат кутиш мумкин? Бундай одам олимларнинг қадрини қандай тан олади? Шунинг учун, бундай одамларнинг олимларни танқид қилиши ажабланарли ҳолат эмас! Кимки уламолар мажлисларига қатнашса, ҳақиқатдан ҳам уларни ҳурмат қила бошлаши кафолатланади" ("Адаб ал-ихтилоф", 172-бет; "Маъолим иршодия", 172-бет).
  2. Аллома Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Кимки илмни фақат китобдан олган бўлса, ўзгаларни йўлдан оздирувчилардан бўлибди" ("Фатво Ҳадисия"; Қаранг: "Адаб ал-ихтилаф", 165-бет).
  3. Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ ёзади: "Суннатга қарши бўлган аксарият бузуқ тоифа ва гуруҳларнинг ҳеч қачон тайинли устози бўлмаган) ("Адаб ал-ихтилаф", 176-бет).

 

Хулоса

  1. Бугунги кунда айрим одамларнинг диний илмларни мустақил равишда ўрганиши урф бўлмоқда. Энг ёмони, баъзилар ҳеч қандай устоз ёки соҳадаги малакали мутахассиснинг назоратисиз "фатво" ёки "мақола"ларини ўқиб олиб, ўзича илм тарқатмоқда.
  2. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Эй биродарим! Ушбу олтита асоссиз ҳаргиз билимга эга бўлмайсиз :Сабаб, истак, қашшоқлик, саргардонлик, муаллим ва узоқ муддат устоз назорати остида машғулотлар" ("Адаб ал-ихтилоф", 162-бет; Қаранг: "Маъолим Иршодия", 174-бет).

Аллоҳ таоло муҳтарам устозларимизнинг умрини узун қилсин, уларнинг илмидан фойдаланишимизга тавфиқ ато этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

2717 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top