Мақолалар

Ким йўлга қодир бўлса...

Ҳаж ибодати Ислом динининг беш рукнидан бири ҳисобланади. Унинг фарзлигига Қуръони Каримнинг Оли Имрон сураси, 97 – ояти далил бўлади. Унда: “Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни Ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир” дейилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилан ҳадисда эса бундай дейилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб: “Эй одамлар! Батаҳқиқ, Аллоҳ сизга ҳажни фарз қилди. Бас, ҳаж қилинг!” дедилар.

Шунда бир киши: “Ҳар йилими, эй Аллоҳнинг Расули!” деди.    

Бас, у зот ўша гапни уч марта айтгунча жим турдилар. Сўнг  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳа, десам, вожиб бўлиб қолар эди ва қодир бўлмас эдингиз”.

Сўнгра: “Сизни тарк қилган нарсамда мени тек қўйинг. Албатта, сиздан олдин ўтганлар саволларининг кўплиги ва анбиёларига ихтилоф қилганлари туфайли ҳалок бўлганлар. Қачон сизга бир ишни амр қилсам, уни қудратингиз етганича қилинг. Қачон сизни бир нарсадан наҳий қилсам, уни тарк қилинг”, дедилар” (Муслим ривояти).

Демак, ушбу оят ва ҳадисда кимки йўлини топса яъни қодир бўлса дейилмоқда. Шу боис қодир бўлишлик шартларини билиб олишимиз зарур. Уломаларимиз ҳаж шартлари деб қуйидагиларни келтирадилар:

  1. Мусулмон бўлиши шарт. Чунки ҳаж шарафли иш, бу шараф мусулмонларга хос.
  2. Балоғатга етган бўлиши шарт. Ёш болалардан гуноҳ содир бўлмайди. Уларга ёшлиги этиборидан шаръий таклифлар ҳам қилинмайди.
  3. Оқил бўлиши шарт. Шариатимиз ақлга асосланган. Ақли йўқ кишиларга таклиф ҳам йўқ.
  4. Қодир бўлиши шарт. Ҳаж фарз бўлиши учун ўзидан ва оиласи ҳожатидан ошиқча ҳажга бориб келишига етарли маблағ бўлиши керак. Пули камларга ҳаж фарз эмас, чунки Аллоҳ бандани тоқатидан ташқари ишга такдлиф қилмайди.
  5. Соғ – саломат бўлиши шарт. Баъзи ибодатлар баданий, баъзилари эса молиявий бўлади. Ҳаж ибодати эса ҳам баданий, ҳам молиявий ибодати ҳисобланади. Ҳаж машаққатлар иборат бўлгани учун унга мустаҳкам соғлик керак. Шу сабабли касал кишиларга ҳаж фарз бўлмайди.

Ҳанафий фақиҳлари ҳажнинг фарз бўлишида саломатликни алоҳида эътибор қилганлар.  Мана шу шартга кўра, ногирон, шол, сафар қийинчилик ва машаққатларига бардош бера олмайдиган кишиларга ҳаж фарз бўлмайди.

  1. Ҳажни ҳукумат ман қилмаган бўлиши шарт. Яъни ҳукумати бирор сабабга кўра ҳаждан аҳолисини ман қилган бўлса, шу ер аҳолисига ҳам ҳаж фарз бўлмайди. Шунингдек, қамоқдаги кишиларга ҳам ҳаж фарз бўлмайди.
  2. Йўлда омонлик бўлиши шарт. Яъни, йўлда ҳожининг ўзига ҳам, молига ҳам ҳеч қандай хавф – хатар бўлмаслиги керак. Чунки, Аллоҳ бандаларини хавф – хатар остига қўйиб ибодатга чорламайди. Йўлда омонлик дегани қуруқлик, сувлик ва ҳавони ўз ичига олади.
  3. Аёл кишига маҳрам бўлиши шарт. Маҳрам деганда эри ҳамда никоҳи ҳаром бўлган бошқа эркак қариндошлари тушунилади. Чунки ҳаж машаққатли сафар. Шундай пайтда аёл қийналиб қолади. Агар мазкур шартлар бўлмаса, кишига ҳаж фарз бўлмайди. Ҳажга отланган киши ҳаж илмини яхши ўрганмоғи, бир олимни лозим тутмоғи, ҳаж ҳукмлари баён қилинган бир китобни олиб юрмоғи лозим.

ЎМИ Матбуот хизмати

1783 марта ўқилди

Мақолалар

Top