Бугун барча Ўзбекистон аҳолиси – мўмин-мусулмонларга муборак ҳаж сафарининг хушхабари етиб борди. Бу билан борган ҳожига ҳам бўлажак ҳожиларга ҳам минг-минглаб сурурлар инъом этилди. Бунинг учун Аллоҳга беадад ҳамд ва шукроналар бўлсин!
Тўғрида, ўтган 2019 йилда 7200 нафар ҳожи ота, ҳожи оналаримиз беҳад хурсандчилик билан ибодатга мушарраф бўлиб, тинч-омон уйларига қайтиб, оилалари билан ҳаж ибодати нашъу-намосига муяссар бўлишган эди.
Бироқ, ўртада икки йил бутун дунё, жумладан Ўзбекистонга ҳам етиб келган коронавирус касаллиги ўртага нохушлик чегарасини қўйиб, бугунги кунгача бу неъматдан маҳрум бўлиб турган эдик, дилларимиз маҳзун эди.
Алҳамдулиллаҳ, Алҳамдулиллаҳ, янги хушхабар 2022 йил саодатли йил бўлиб, ҳаж зиёрати йўли очилди. Ҳатто, очилганда ҳам умумий ҳаж квотаси 10865 нафар этиб белгиланди. Албатта, бунда муҳтарам Юртбошимизнинг Ўзбекистон аҳолисига яратиб берган имкониятларининг самараси бўлди. Аллоҳ юртимизни тинч қилсин, Юртбошимизга узоқ умр берсин!
Таъкидлаб айтаманки, бу фақат менинг сўзим эмас, балки, маърифатпарвар имон аҳли бу хушхабардан беҳад, бениҳоя сурурларга тўлиб, шукроналар келтирмоқда.
Аллоҳ барча ишларида мададкор бўлсин, яқинда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонида бўлиб қайтганларида ҳам элимиз айни шу хурсандчиликни интиқлик билан кутганди. Мана бугунги хушхабар бутун вужудимизни хурсандлик билан сарафроз этмоқда.
Биламизки, ҳаж ибодати юрти, тили, об-ҳавоси, иқлими билан бизлардан фарқ қиладиган юртда адо этилади, уларнинг барча талаб ва истакларини бажаришга мажбурмиз ва бажарамиз ҳам.
Шунинг учун ҳозирги кундаги улар томонидан қўйилаётган талаблар ортидан келиб чиқаётган қоидаларга мўмин-мусулмон сифатида эргашамиз ва бажаришда барчамиз бир тил ва бир дил бўлиб ибодатимизни адо этамиз инша Аллоҳ.
Ҳаж сафарига интилаётган барча мўмин-мусулмонларни Илоҳим моддиятларига ҳам, иқтисодларига ҳам, имон-эътиқодларига ҳам, сабр-тоқатларига ҳам Аллоҳим Ўзи мадад берсин!
Юртимиз мўмин-мусулмонларини бу йилги муборак санада адо этадиган ҳаж ибодатларини ҳажжи мабрур айласин!
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили