Мақолалар

Қоҳира анжумани: Ўзбекистон тажрибаси ислом уламолари эътирофида

Миср кўҳна диёр, буюк тарих ва ғоялар орасидаги курашларга шоҳид энг қадимий ибрат саҳнасидир. Ушбу замин ҳақида Қуръони каримда ҳам беш оятда ишора келган. Илм ва ҳикмат гулшани бўлган бу юртда минг йилдан зиёд тарихга эга Азҳари шариф дорулфунуни мусулмон дунёсига йирик уламоларни етиштириб бериши билан маълуму машҳур. Айни дамда ҳам Ал-Азҳар мусулмон оламидаги энг обрўли таълим даргоҳларидан биридир.

Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги дўстона ҳамкорлик кўп асрлик бой тарихга эга. Мовароуннаҳр ва Миср диёрида яшаб ижод қилган улуғ бобокалонларимизнинг ноёб илмий-маърифий мероси бутун мусулмон олами бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Буюк аждодимиз Аҳмад Фарғоний Мисрда яшаб, кўплаб кашфиётлар қилган. Жумладан, аллома бунёд этган, Нил дарёси сувини ўлчайдиган “Миқёси Нил” иншооти Миср халқи фаровон ҳаёти ва давлат тараққиётига хизмат қилаётгани эътиборлидир.

Нил бўйида Аҳмад Фарғоний шарафига ўрнатилган мажмуа халқларимиз ўртасидаги азалий дўстликнинг ёрқин рамзига айланган. Мана шу ҳамкорликнинг узвий давоми сифатида 2022 йил 6-10 июнь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Мисрда ўтказилган “Диний экстремизм. Интеллектуал асос ва уни енгиш стратегияси” мавзусидаги халқаро анжуманда қатнашди.

Тадбирда йирик уламолар, АҚШ, Буюк Британия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликларининг таниқли олимлари, Болгария, Нигерия, Индонезия, Бельгия, Баҳрайн, Ироқ, Иордания, Ливан, Цингапур, Қозоғистон сингари давлатлар муфтийлари, исломшунослар, экспертлар ва соҳа ходимлари каби жами юздан зиёд нуфузли меҳмонлар иштирок этди.

Анжуман юқори даражада ташкил этилиб, экстремизмга қарши кураш йўналишидаги кўргазмалар, электрон китоблар намойиши, аудио-видеомаърузалар, инфографикалар ва тарқатма материаллар тақдим қилинди. Анжуман ишини 50 дан зиёд марказий оммавий ахборот воситаси ёритиб борди.

Анжуманни Миср муфтийси, профессор Шавқий Иброҳим Аллом очиб, замонавий таҳдидларнинг олдини олиш, хусусан, адашган тоифалар ғояларига қарши курашишда уламоларнинг иттифоқи муҳим эканини таъкидлади.

Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳам сўзга чиқиб, бугунги даврда юртимиз алломалари меросининг амалий аҳамияти, аҳли сунна вал жамоа ақидасини мусулмонлар орасида соф ҳолда тарғиб этиш, ёт ғояларга қарши курашда бирлашиш, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириб, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларни ягона мақсад сари йўналтириш зарурлиги тўғрисида таклифлар берди.

Бу анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди ва эҳтиром билан қабул қилинди. Айниқса, мамлакатимиз вакилининг чиқишини Ал-Азҳар уламолари кенгаши аъзоси, доктор Шайх Али Жума, Босния ва Герцоговина собиқ муфтийси Шайх Мустафо Иброҳим кабилар алоҳида эътироф этди.

Ташкилотчиларнинг илтимосига биноан, Н.Холиқназаров анжуманнинг иккинчи кунида яна бир бор маъруза қилиб, ислом маърифатини инсонларга тўғри тушунтириш ва бузғунчи ғояларга қарши туриш борасида Ўзбекистон тажрибасини баён этди.

Маърузада сўнгги йилларда юртимизда диний экстремизмга қарши кураш йўналишидаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти, хусусан, минглаб фуқароларнинг махсус рўйхатдан чиқарилиши, қилмишидан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтганларни афв этиш амалиёти ҳамда можароли ҳудудлардан аёллар ва болаларни юртимизга қайтариш борасидаги “Меҳр” операциялари мақсад ва самаралари баён қилинди. Бундай ўзига хос тажриба тадбирнинг барча иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.

Шунингдек, “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойили асосида Президентимиз томонидан экстремизм ғоялари таъсиридан аҳолини ҳимоя қилишда соф ислом ақидасини кенг ёйишга эътибор қаратилаётгани, бундай шахсларга нисбатан кечиримлилик сиёсати юритилаётгани ва унинг самаралари, ёшлар турли ёт оқимларга берилиб кетмаслиги учун тегишли чоралар кўрилаётгани таъкидланди. Халқ эътиқоди софлигини сақлаш ишлари нафақат мамлакат ичкарисида, балки ташқарисида ҳам фаол амалга оширилаётганига барчанинг эътибори қаратилди. 

Қуръони каримни ўрганишга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида тажвид курслари ташкил этилгани иштирокчиларнинг қизиқишини уйғотди.

Халқаро анжуман доирасида муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳамда Миср муфтийси Шавқий Аллом ўртасида учрашув ташкил этилди. 

Унда Мисрдаги Дорул Ифто ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, диний соҳа мутахассислари малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда долзарб мавзуларда замонавий фатволар ишлаб чиқиш юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.

Муфтий Нуриддин Холиқназаров Мисрда таҳсил олаётган бир гуруҳ ватандош-талабалар билан учрашди. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу мулоқотда юртимизда кечаётган ислоҳотлар хусусида ўртоқлашилди.

Қалбдаги Ватанга муҳаббат ҳар бир инсонни доимо юртига талпиниб яшашга чорлаши ҳамда туғилган гўшаси, ота-онаси ва фарзанду яқинларини соғинишга ундаши таъкидланди. Расул алайҳиссалом, саҳобаи киромлар ва улуғ зотлар ҳам она юртга ўзгача муносабатда бўлганлари тарихий мисоллар орқали баён этилди.

Дин соҳасидаги улкан хайрли ишлар, хусусан, мўмин-мусулмонларнинг шаръий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар эътироф этилди. Иштирокчилар ўзлари яшаб турган мамлакат қонунларига қатъий амал қилишга чақирилди.

Мулоқот давомида Мисрдаги юртдошларимиз ҳам сўзга чиқиб, давлатимизда дин соҳасидаги ўзгаришлардан жуда мамнун эканини билдириб, бундай хайрли ишлар бардавом бўлишини тиладилар.

Талабалар мазмунли учрашув учун миннатдорлик билдириб, файзли суҳбат Ватанни соғинган қалбларга таскин бўлгани, айниқса, шу каби ташрифлар фойдали бўлиши, келгусида илм ўрганиб, тажриба ҳосил қилгач, албатта, юртга қайтиб, халқимизнинг диний-маърифий савиясини ошириш йўлида фаолият юритишини маълум қилишди. 

Буюк ватандошимиз, муҳаддислар султони Имом Бухорий каби улуғ зотлар маърифат излаб дунёнинг турли ўлкаларида бўлган эсаларда, алал-оқибат, ватанга қайтганлар, унинг тупроғини кўзларига тўтиё қилганлар. Халқ хизматида собитқадам турганлар. 

Инсон қаерда ва қайси мақомда бўлмасин, доимо Ватанга муҳаббатли, ота-онаси, фарзандларига садоқатли бўлмоғи лозим.

Буюк аждодларга муносиблик – шу!
Энг олий ватанпарварлик – шу!
Силайи раҳмнинг олий намунаси – шу!

Янги Ўзбекистонда ғоявий таҳдидларга қарши кураш йўналишида эришилган, эришилаётган улкан натижалар ва тўпланган тажрибаларнинг халқаро даражада эътироф этилиши ҳам танланган йўлнинг нақадар тўғри ва собитқадам эканига далолат қилади.

Башорат ЮНУСОВА,
Янги Ўзбекистон мухбири
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 14 июнь, 117(639) сон
1730 марта ўқилди

Мақолалар

Top