Мақолалар

“Ислом нури” масжиди

Ўзбекистон масжидлари туркумидан

 

Ушбу ибодатгоҳ юртимизнинг водий вилоятларини пойтахт ва бошқа минтақалари билан боғлайдиган асосий магистрал, қадимдан Буюк ипак йўлининг бир йўналиши бўлган халқаро йўлнинг Қамчиқ довонидан ўтувчи қисмида жойлашган.

Шарқона меъморчилик услублари ва замонавий талабларга кўра бунёд этилган масжид кўрки пурвиқор тоғлар орасида ажойиб табиат манзаралари билан уйғунлашиб киши баҳри дилини очади.

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудида жойлашган ушбу “Ислом нури” жоме масжиди 1991-1992 йилларда маҳаллий аҳоли томонидан 100-150 киши сиғадиган ҳажмда ҳашар йўли билан барпо этилган. Йиллар давомида маҳаллий аҳоли ва серқатнов йўловчилар учун беминнат хизмат қилган масжид 2018 йилда ҳашар йўли билан қайта қурилди.

Ушбу қайта қуриш давомида масжидда намозхонлар учун кўплаб қўлайликлар барпо этилди. Масжиднинг ён томонидаги тепаликнинг бир қисми қисқартирилиши ҳисобига масжид ҳудуди ва биноси кенгайтирилиб 300 кишилик сиғимга етказилди. Очилган майдонда 2021 йилда замонавий қўлайликларга эга таҳоратхона қурилди. Йўловчи аёллар учун ҳам алоҳида таҳоратхона ва намозхона ташкил этилди.  

Сир эмаски, бугун зиёрат туризми бўйича улкан салоҳиятга эга бўлган юртимизга сайёҳлар оқимига, айниқса йўл бўйларидаги масжидларимизнинг ҳам ижобий таъсири шубҳасиз. Шу жиҳатдан қараганда, ушбу “Ислом нури” каби масжидларнинг фаолиятига алоҳида эътибор, ташриф буюрувчилар учун барча қўлайликларни ташкиллаштириб бориш долзарб аҳамиятга эга бўлиб қолаверади.

“Ислом нури” масжиди ўз номига мос зиё маскани бўлиб, асрлар давомида бутун дунёга ислом нурини, иймон сурурини таратажак, инша Аллоҳ!

 

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

1468 марта ўқилди

Мақолалар

Top