Мақолалар

Осмон ва ерни нурга тўлдирувчи сура   

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Каҳф сураси Қуръони каримнинг ўн саккизинчи сураси бўлиб, у Маккада нозил бўлган, бир юз ўн оятдан иборат. Суранинг етмиш бир ояти қиссалардан иборат. “Каҳф” сўзи “ғор” маъносини англатади. Унинг бундай номланишига сабаб, ундаги асосий қисса қаҳрамонлари ёш йигитлар ўз замонидаги золим подшоҳ барча иймонли кишиларни бутпараст бўлишга мажбур қилган вақтда унинг зулмидан қочиб, иймонларини сақлаш мақсадида ғорга кириб олади ва ўша ерда илоҳий мўжиза содир бўлади.

Улар Аллоҳга таваккул қилиб: “Эй, Роббимиз! Бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат ато этгин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг тўғрилагин!” деб дуо қилишади. Уларнинг дуоси ижобат бўлиб, улар ғорда уч юз йил ухлатиб қўйилади ва муҳофаза қилинади.

Аллоҳ таоло сурада ғор эгаларини узоқ йиллик уйқудан тургизганидек, қиёмат кунида ҳам барчани қайта тирилтириши ҳақ эканини одамларга хабарини бериш учун ушбу қиссани ибрат қилиб келтиради. Шу билан бирга, ҳар бир замонда иймон аҳли бардоши етадиган синовга учраши, кофирлар эса вақтинча улардан устун келиши мумкинлигини тушунтиради. Бу қисса орқали иймон аҳлининг иймони зиёда бўлиши, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслиги, ҳаётида дуч келадиган қийинчиликларга бардош берса, Аллоҳ унга нусрат бериши ва нажот топиши хабари берилади.

Сурада яна ибрат олиш учун икки боғ эгаси ҳаётидан намуна келтирилади. Ундан ибрат шуки, бизга берилган ҳар бир неъмат учун Аллоҳ таолога доимо ҳамд айтишимиз, унга шукр қилишимиз, берилган неъматлар Аллоҳнинг фазли эканлиги ва ҳар бир иш Аллоҳнинг ҳоҳиши билан амалга ошишишини англаб етмоғимиз лозим.

Кейинги қиссада Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда ҳақида баён қилинади. Бу қиссадан бизга энг гўзал фазилатлардан бири сабрли бўлиш нақадар улуғ ҳикмат экани, шунингдек, илм олиш ва маърифатли бўлишга доимо интилиш, бу йўлда бор имкониятни ишга солиш лозимлигини ўргатади. Ҳар бир инсон бу дунёда ўзидан афзал бўлган бошқа илмли, тажрибали, қувватли, тақводор, Аллоҳнинг хос бандалари борлигинини англаши лозим.

Навбатдаги қиссада Аллоҳ таолонинг марҳамати билан бутун дунёни ўз ҳукмида тутиш шарафига муяссар бўлган, шарқ ва ғарбга ҳукмронлик қилган одил ва оқил подшоҳ Зулқарнайн қиссаси баён қилиниб, унга бутун ер юзига ҳукмронлик, илм ва ҳикмат берилгани, барча нарсага эришиш учун сабаб йўллари бериб қўйилгани, унинг фатҳ юришлари, золимларни жазолаб, иймонли халқларга ёрдам бергани, Яъжуж ва Маъжуж қавми ер юзида бузғунчилик қилмаслиги ҳамда уларни йўлини тўсиш учун темир ва мис қоришмасидан иборат улкан девор қургани зикр қилинган. Бу қиссада ҳар бир раҳбар ва амалдорлар қандай сифатга эга бўлиши кераклигига жавоб берилади.

Каҳф сурасининг фазилати тўғрисида ҳадисларда бундай баён қилинган. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом бундай деганлар: «Ким Каҳф сурасининг аввалидан ўн оятини ёдласа, Дажжол (ёмонлиги, фитнаси)дан сақланади», (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизийлар ривояти).

Бошқа бир ривоятда: «Ким «Каҳф» сурасининг охиридан ёдласа, Дажжолдан сақланади», дейилган.

Саҳл ибн Муоз ибн Анас Жуҳанийдан, у киши отасидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Каҳф сурасининг аввали ва охирини ўқиса, оёғидан бошигача нурга кўмилади (нурли бўлади). Ким уни тўлиқ ўқиса, унинг учун осмон билан ер масофасича нур пайдо бўлади (порлайди)», дедилар (Имом Аҳмад, Имом Табароний ривояти).

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Каҳф» сурасини Жума кечасида қироат қилса, унга икки жума орасича нур зиё сочади», дедилар (Имом Ҳоким, Имом Байҳақий ривояти).

Бошқа ривоятда: «У билан Байтул Атийқ орасича нур зиё сочади», дейилган.

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Абу Исҳоқ қуйидагиларни айтади: Ал-Барроснинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим: «Бир киши Каҳф сурасини ўқиди. Ҳовлида ҳайвон бор эди. Ҳайвон безовта бўла бошлади. Одам қараса, уни булут ўраб турибди. Бўлган ҳодисани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берган эдик, у зот: «Эй фалончи, ўқийвер, у Қуръон тиловати учун тушган сакийнадир», дедилар.

Ҳофиз Абу Бакр ибн Мурдавайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади», дедилар. Ким ҳар жума куни Каҳф сурасини тадаббур билан ўқиса, унга амал қилса дунё ва охират яхшилигига мушарраф бўлади.

«Каҳф» сурасини тез-тез ўқиб туриш ва оятлари маъносини тафаккур қилиш орқали ҳар бир инсон ҳаёти давомида учраши мумкин бўлган турли хил фитналардан четда бўлади, берилган барча неъматларни Аллоҳнинг фазлидан деб билади. Ушбу неъматлар шукрини банда Аллоҳ таолога доимий ҳамд айтиш ва унга ибодат қилиш билан адо этиши мумкин. Аллоҳ таоло яна бир оятда “Агар берилган неъматларга шукр қилсангиз, неъматларимни зиёда қилиб бераман” деб марҳамат қилади. Сурадаги ибратли қиссаларни ўрганиб чиққанимиздан кейин Аллоҳ таоло сурани бежизга ҳамд айтиш билан бошламагани ҳикмати аён бўлади.

“Тафсири ҳилол”,

“Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”,

“Қуръони азим мухтасар тафсири” асосида

Дилшод МУҲАММАД АЛИ тайёрлади.

1618 марта ўқилди

Мақолалар

Top