Мақолалар

ИНҚИРОЗГА САБАБ БЎЛГАН ЭҲРОМЛАР

Миср жуда қадимий давлатлардан бири бўлиб, бир замонлар унинг ҳукмдорлари илоҳликка ҳам даъво қилиб, бу қилмишининг оқибатида Аллоҳ таолонинг шиддатли азобига учрагани диний ва тарихий манбаларда келтирилган.  Хусусан, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг қавмига:

Ва ўғилларингизни сўйиб, аёлларингизни қолдирган ва сизларга ёмон азоб берган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланглар. Ана шу ишларда Парвардигорингиздан катта имтиҳон бор эди”, деб хитоб қилгани Қуръони каримда баён қилинган (Бақара  сурасининг 49-ояти).

Ушбу қораламамизда Миср эҳромлари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Хўш, бу эҳромлар Миср давлатининг куч-қудратини намоён этадиган даражада осонлик билан барпо этилганми ёки миср халқининг жони-ю қони эвазига барпо бўлганми?  

Ҳатто тарих илми билан шуғулланмаган одам ҳам фиръавин Хеопс ҳақида билади. Гап Мисрда тўрт ярим минг йил бурун қурилган машҳур қадимий ёдгорлик – Хеопс эҳроми ҳақида. Ушбу эҳромнинг қандай қурилгани, уни кимлар бино қилгани ҳақидаги баҳс-мунозаралар ҳамон давом этаётир. Ҳозирча ўша обидани инсонлар қурганига шубҳа йўқ, деб туришга асос бор. Негаки, унинг қурилишида ўзга сайёраликлар ёки атлантлар қатнашган деган даъволарнинг ҳеч қандай илмий асоси йўқ.

Бир тарафдан бундан 45 аср олдин яшаган одамларнинг бундай баланд бинони қуришга кучи етадиган қурилиш анжомлари бўлганми? Эҳтимол машҳур эҳром қурилишидек катта мақсадга Қадимги Мисрнинг барча аҳолиси сафарбар этилгандир.

Эҳром қурилиши қандай қилиб мисрликларнинг фаровон ҳаёти эвазига қурилганини ўрганишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Бу қизиқ: Хеопс эҳроми 3800 йил давомида энг баланд бино ҳисобланиб келди, милоднинг 1311 йилида Линкольннинг Марьям она черкови қурилганидан сўнг унга ўрнини бўшатиб берди.

Хеопснинг асл исми – “Хнум-Хуфу” ёки Хуфу. У қадимги юнон тарихчиларининг асарларига Хеопс номи билан кирган. Чунки  юнонлар ҳар бир исм ортига “с” қўшимчасини қўшиб айтади. Қадимги Мисрнинг энг таниқли  фиръавинлари фаолиятидан Элефантин оролидан қазилма чоғида топилган кичкина ҳайкалча ва фиръавиннинг бу мамлакатни 27 йил бошқаргани ҳақида ёзилган папирусни соқит қилганда, биз фақат у ҳақда кўпроқ нарса билмаймиз. Лекин айнан у биринчи эҳромни қуришни амр этган.

Шунинг учун Хеопс-Хуфу шахсияти ҳақида эҳромлар қурилганидан 2000 йил кейин Мисрга борган юнон тарихчиси Геродотнинг асарига таянган ҳолда  сўз юрита оламиз.  У миср коҳинларидан эшитганларини ёзган. Аёнки, икки ярим минг йиллик узоқ тарих оғиздан оғизга ўтгани сари қўшимчалар билан бойитиб борилаверган. Коҳинларнинг берган маълумотларининг энг ишончлиси эҳромнинг қурилганидир.

Геродотнинг ёзишича, Хеопснинг отаси донишманд одам бўлган. У давлатни қонунлардан оғишмай бошқаргани сабабли мамлакат унинг даврида гуллаб-яшнаган. Фиръавин Хеопснинг ўзи эса ҳақиқий мустабид бўлган. У солиқларни оширган, давлат иқтисодини оқилона бошқармаган, давлат хазинасини эҳромнинг қурилишига сарфлаб юборган.

Қурилиш 20 йил давом этган. Унда усталар ва оддий ишчиларни қўшиб ҳисоблаганда 100 000 одам иштирок этган.

Бинобарин, бу одамларнинг ҳаммаси эрксиз қуллар бўлмаган. Уларнинг аксари маҳоратли қурувчилар бўлгани боис уларга  баланд ойлик маошлар тўлаш лозим бўлган.  Икки ўн йиллик давридаги маҳобатли қурилиш харажатлари жуда ҳам каттариб кетган. Бутун Миср  ҳолдан тойган, ибодатхоналар солиққа ботирилган, хонавайрон бўлган, ҳеч нарсасиз қолган оч-яланғоч одамлар эса шунчаки тирик мавжудотга айланган. Геродотнинг таъкидлашича, Хеопснинг ўлимидан сўнг мисрликлардан бирор киши унинг исмини айтмаган, уни хотирлатувчи ҳужжатларнинг ҳам аксари архивгача етиб бормаган.

Бу қизиқ: буюк эҳром қурилиши ҳақида жуда узоқ вақтлар давомида ҳеч қандай расмий манбалар мавжуд бўлмаган. Фақат 2013 йилда археологлар Қадимги Мисрдаги эҳром учун оҳактош етказиб берадиган конга бошчилик қилган Меррер деган амалдорнинг ўроғлик қоғозга ёзиб қолдирган ҳужжатини топишди.

Юнон тарихчилари ёзган тарих билан ўша амалдор ёзиб қолдирган маълумот бир-бирига шу қадар яқинки, унинг ҳам бирор жойида Хеопс номи ёзилмаган. Шунингдек, бизнинг давримизгача етиб келган миср коҳинларининг сопол табличкаларида ҳам бирор марта Хеопс номи эсланмаган. Эҳтимол, Миср халқи ҳақиқатан ҳам ўзларининг золим ҳукмдорини унутмоқчи бўлган ва унинг номини ҳеч қачон тилга олмаган.  

Лекин хеопс эҳроми Миср халқининг кўргиликларининг бошланиши эди. Гарчанд, Миср фиръавинлари ўша даврга қадар ҳам ўзлари учун эҳромга ўхшаган дахма-турбатлар қурдирган бўлса-да, Хуфу бу ишларни мураккаблаштириб юбориш ва қурилиш қийматини ошириб юбориш борасида барчасидан ўтиб кетди. Унинг авлодлари ҳам у қурдирган эҳромдан кам бўлмаган эҳромлар қуришга муккасидан кетди.  Масалан, Хеопснинг иккинчи авлоди – Хафра фақат унинг ҳашамати билан бўйлашадиган эҳром бино этиш билан кифояланиб қолмасдан Қадимги Мисрда анъана бўлиб келган Катта Сфинкснинг бошига ўзининг бошининг бичимини ўрнатишни буюрган.  

Фиръавинларнинг Хеопс мансуб бўлган тўртинчи сулоласи давлатни буткул заифлаштирувчи эҳромлар қурилишини давом эттирди ва тарихга “эҳром-қурувчилар” номи билан кирди.

Олдинги фиръавинлар барпо этган қудратли давлат иқтисодий жиҳатдан буткул хароб бўлди ва Хеопс авлодлари тахтга соҳиблик қила олмай қолди.

Шу тариқа, Мисрнинг тўртинчи сулоласи қўлига барқ уриб гуллаб-яшнаган ҳолда ўтган Миср давлати кучли инқирозга кириб, қашшоқлашиб қолди ва бу сулола давлатни бошқаришга ҳам қурби етмай қолганидан сўнг тахтни бешинчи сулолага топширишга мажбур бўлди.  

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

6339 марта ўқилди

Мақолалар

Top