Мақолалар

Дўзах оловига қалқон бўлувчи 4 калима

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла Расулиллаҳ ва аъла аалиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн

 
Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар – дўзахга қалқон. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалқонингизни олинглар!” дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Душман кўриндими?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ. Дўзах оловидан қўриқлайдиган қалқонингизни олинг ҳамда бундай денглар: “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”. Бу калималар Қиёмат куни олдингиздан, орқангиздан ҳимоя қилувчи ва абадий қоладиган солиҳ амаллардир” (Имом Насоий ривояти).

 
Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар – қуёш чиққанидан афзал амал. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳоналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, деб айтишим мен учун қуёш чиқиб, нур сочганидан яхшироқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 
Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар – Жаннат ўсимлиги. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: “Ё Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўсимлиги “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” эканининг хабар беринг”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар – Аллоҳга энг севимли калималар. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога каломларнинг энг яхшиси тўрттадир: Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

3243 марта ўқилди

Мақолалар

Top