Мақолалар

Келажакда Қуръонни ўқиш осон, унга амал қилиш оғир бўлади

Алданганлар Қуръон тиловат қилса, агар бир сурани бошласа, фикри уни тезроқ тугатиш бўлади. Мақсади вирдни бажариб, Қуронни шеър ёки наср ўқигандек тез хатм қилиш бўлади. Зотан, Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи, бандаларга амри, қайтариғидир. У каломини ваҳий қилиб, кийими билан туширган. Унинг кийими унинг нуридир. Аллоҳ таоло: “Аллоҳдан сизларга Нур ва равшан Китоб келди...” (Моида сураси, 15-оят), деган.

Аллоҳ тарафидан бўлган нур нурларнинг аслидир. У тарқалиб, ҳар бир ҳарфда бир нур бўлди. Сўнг уни Олим, Жавод, Жалил Зот Ўз илми, ҳикмати ва адли билан уни ҳарфлар ўртасида тақсим қилди. “Китоб”нинг маъноси тизилган ҳарфлардир.

Катб эса тизишдир. Қўшиндаги “катиба” (тузилма) ҳам шундан олинган. Чунки улар бир-бирига эргашади. Ана шу тизилган, таълиф қилинган ҳарфлар бўлиб, уни оламлар Робби ўз саховати ва лутфи билан, сўнг таҳкими ва адли билан тизган. Сўнг уларни ўз йўлидан иззати билан юргизган. Бу ҳафрлар маърифат нурларига тўла. Кейин уни Ўз раҳмати билан туширди.

Ваҳийи билан яширин нарсаларни кўрсатиш учун фазлу лутфлари билан туширди. Ўз суюклилари ва хосларга меҳр қилиб, бандалик, огоҳлантириш, хушхабар бериш, ёрдам бериш, ҳидоят қилиш, нафс касалликларига шифо берувчи қилиб, баён этиб, ҳужжат олиш учун туширди ва (Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим (кофир) ларга фақат зиённи орттирур” (Исро сураси, 82-оят), “Эй одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси, 57-оят), “Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик” (Наҳл сураси, 89- оят), деди. Аллоҳ таоло «Қуръонни “тартил” билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!» (Муззаммил сураси, 4-оят), “Биз у (Қуръон) билан сизнинг дилингизни устувор қилиш учун мана шундай (оз-оздан нозил қилдик) ва уни тартили билан (равон) ўқиб бердик” (Фурқон сураси, 32-оят), “Қуръонни одамларга вақти-вақти билан ўқиб беришингиз учун уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик” (Исро сураси, 106-оят), деб ўргатганидек секин, тартил билан ўқиб, унинг зоҳирий маъноларини тушунган киши бир насиба олган бўлади ва унинг хушхабаридан хурсанд бўлади, огоҳлантиришларидан огоҳ бўлади, лутфларидан қувонади, ундаги оғир пандлар билан камтар бўлади, фарзларига енг шимаради, ҳадларига эътиборли бўлади, даволари билан даволанади, ундаги шифолар билан шаҳват касалликларидан ва ҳавойи истак иллатларидан шифоланади. Ана шу киши Аллоҳга қурбатнинг энг паст даражасига эришган бўлади. Бошқаларга эҳтиёжи тушмайди.

Қуръонни тўғри тиловат қилмайдиганлар уни шеър каби ўқиса, наср каби тез ўқиса, қалби ундаги маънолардан бебаҳра бўлса, ўша неъматлар ва лутфлар зикридан холи, даво ва шифони олишдан маҳрум бўлса, унинг қалби касал, нафси очкўздир. Очкўзлиги шу ҳолда давом этгани, тиловатдаги шижоатида, ҳадларини зое қилгани ҳолда ҳарфларини ёдлаб олганидадир. Фитнаси уни вирдларга бўлиб олиб, уни хатм қилишга берилиши ва шунда ғайрат қилишидир. Унга бундан фақат овоз, куйлаши ва ҳарфларни ёдлагани қолади.

Шу билан бирга бу ишида унинг нияти чин. Бу билан Аллоҳнинг розилигини истайди. У шу учун чарчагани, Аллоҳ розилигини истагани учун ажр олади, мақталади. Лекин у Аллоҳнинг каромати, эҳсони, шарафидан маҳрум. Аллоҳга Унинг каломи билан юзланиш, Унга муножот қилиб яшашдан, унинг лаззатларини тотишдан, ҳаловатини топишдан, унинг шифосидан шифо топишдан узоқдир.

Тиловатдан кейин ишларига киришса, Аллоҳнинг каломини эшитмаган одамдек ишлайди. Ишларига қарасанг, таши ялтироқ, ичи қалтироқ эканини кўрасан. Ишлари орасидан аниқ, холис бўлганини деярли топа олмайсан. Аксар ишлари нохолис. Чунки бу ишларда нафси ўз насибасини олган. Шунинг учун ишлари тоза, холис эмас. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз имонни Қуръондан олдин ўргандик. Сизлар эса Қуръонни имондан олдин ўргандингиз”.

Буни Жарир Лайс ибн Абу Сулаймдан, у Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Эй қавм, бизга Қуръонни ўқиш оғир бўлиб қолди. Унга амал қилиш эса енгил бўлди. Келажакда бир қавм келадики, уларга Қуръонни ўқиш осон, унга амал қилиш оғир бўлади”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сизларнинг тилларингиз кучли, бизнинг қалбларимиз”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Одамларга шундай замон келадики, унда Қуръон қалбларда худди кийим эскиргандек эскириб қолади”.

Абул Жалддан ривоят қилинади: “Яқинда бу Қуръон ёпиқ қалбларда эски кийим каби эскиради. Уларнинг қалблари дунё тамаси билан тўлади. Уларга қўрқув кирмайди. Инсонларни адаштирадилар. Қалблари – бўрилар қалби. Устларига қўй терисини ёпиб олишган. Ўшанда уларнинг энг афзали ҳам мунофиқдир”.

Солиҳ ибн Абдуллоҳ Амр ибн Жумайъдан, у Амр ибн Убайддан, у Ҳасан Басрийдан ривоят қилади: “Қорилар уч қисмдир: бири, уни ўқиб, одамлардан бирор нарса ундириш учун мол қилиб олган. Иккинчиси, унинг ҳарфларини ёдлаб олади, ҳадларини зое қилади, у билан волийлардан нарса тама қилади. У билан одамлардан ўзини юқори қўяди. Бу турдаги қорилар жуда кўпайган. Аллоҳ уларни шарафлантирмасин. Учинчиси, Қуръонга юзланиб, уни қалбига жо қилган. У билан тунларини бедор ўтказади. Кунларини ташналик билан кечиради. Кўзлари у туфайли ёш тўкади. Хушуга бурканади. Аллоҳ ўшалар сабабли юртларга ёмғир ёғдиради, ўшалар сабабли Аллоҳ душманлар устидан ғолиб қилади. Ўшалар туфайли Аллоҳ балоларни қайтаради. Ўзидан ўзга илоҳ бўлмаган Зотга қасамки, бундай Қуръон қорилари қизил кибритдан ҳам ноёбдир”.

Қуръон кўп қирралидир. Унда панд-насиҳат, тарғиб (яхши ишларга ундаш), тарҳиб (ёмон ишлар оқибатидан огоҳлантириш), неъматлар зикри, мукофот ва жазонинг сифати, яхшилик ваъдаси, жазо таҳдиди, хушхабар, эслатма бордир. Оқил бу нарсаларнинг барини фикр юритиб, мағзини чақиб ўқийди. Аллоҳнинг ердаги хос бандалари ақл юритадиган кишилардир. Улар Қуръон ўқишганида қалблари ундаги Аллоҳнинг салтанати, ваъдаси ва таҳдиди, хушхабари ва огоҳлантириши, лутфи каби маънолар билан ҳамоҳанг таъсирланади. Унинг каломини ифодалаб беришади.

Ана ўшалар Раҳмоннинг ерда камтарона юрадиган бандаларидир. Қуръонни ўқиш улар учун юриладиган йўлдир. Гоҳо улар олдидан довонлар чиқиб, ундан ўтишлари керак бўлади. Бу сидқ (тўғрилик) қийинчиликларидир. Унинг буйруқлари ва қайтариқларида уларнинг қаршисидан биёбонлар чиқади. Бу Унинг таҳдидидир. Гоҳо уларнинг қаршисидан гуллар, ёнғоқ, жасмин боғлар чиқади. Бу Унинг неъматлари зикридир. Гоҳо ўша боғларда гулу ясминлараро кезадилар. Бу уларга Қуръонда айтилган неъматлар ва лутфлардан насибалар. Гоҳида уларга тиконли ер дуч келади. Бу гуноҳга ботган нафслар ва шайтонлар зикридир. Қуръонда ана шундай қирралар мавжуд.

Ким Қуръонни юзаки ўқиса, бу нарсаларни ухлаб ўтказиб юборади. Ухловчи фақат уйқудан лаззат олади. Уйқуда вақти алам ва чарчоқни сезмайди. Ким Қуръонни астойдил ўқиса, қалби ўша довонлардан ўтганда, чарчайди. Ўша биёбонлардан ўтганда чанқайди, ҳорийди. Агар боғлардан ўтса, завқ олади. Агар мевалардан еса, маст бўлади. Чунки меваларда соф ичимликлар бўлади.

Ана шу вақт Аллоҳ таолога юзланиш вақтидир. Уларнинг қалблари дунё ва охиратдан, Ундан бошқа барча нарсадан узилган бўлади. Ақллари фақат Унда. Агар у бир тиконли ерга келиб, йўл унга торлик қилса, сирпанчиқ ерга келса, хавфдан титрайди. Агар душман ерига келса, ҳайрон қолиб, ёрдам сўрайди, Роббисига ёлворади. Бу ҳолатлар Қуръонни астойдил ўқиган тавба қилувчи бандаларда юз беради. Бу йўлда турли қўноқлар бўлиб, улар у ерларга қўниб, дам оладилар. Бу Аллоҳ бандаларига лутф қилишидир. Аллоҳ бу йўлни босишда бандаси қалбига етган, биз айтиб ўтган чарчоқ етганида ўша ўринларнинг баъзиларида баъзи оятлар маъносини очиб қўяди, унинг қалбига Ўз нуридан ташлайди. Шунда банда ўша оятни такрорлаб қолади. Ҳатто унда ўзига аён бўлган маънолар туфайли соатлаб такрорлаб туриши мумкин. Бу банданинг қалби шу вақтда юкларини тушириб, роҳат олаётган бўлади.

Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ Тавротдан ҳикоя қилиб дейди: “Эй одам боласи, Менинг олдимда намозингда йиғлаб туришдан ожиз қолма. Мен сенинг қалбингга яқин бўлган Аллоҳман. Сен ғайбдан менинг нуримни кўрдинг”. Баъзан ўша қўноқларга етишганида ўқиган Қуръонлари сабабли чарчамаган бўлсалар ҳам, у ерга тушишни истаб қоладилар. Ундан олдин солиҳлар топиб, атрофида айланиб қолган, қайта-қайта ўқиб тафаккур қилган насибани истаб қоладилар.

Солиҳларнинг насибасига ҳеч бир чарчоқ ва машаққатсиз эришишни истайдилар. Малик, Можид, Карим Зот остонасида ҳузурланиб, ўша нурнинг яна порлашини истайдилар. Лекин у қўноқларда улар учун дастурхон ҳозирланмаганини, балки у ернинг кимсасиз водий, ҳувиллаган уйлар эканини кўрадилар ва у ердан жўнаб кетадилар. Агар дастурхон тайёрланган бўлса, улар истаган нарсаларини топган бўладилар. Агар такрорласалар, қалбга бир шуъла кўринади. Нурга туташиб кетади. Ундаги қоришиқ маънолар қалбида жонланади, қулоғида қўшиқ бўлади. Унга таъсир қилиб, йиғлатади.

Қуръонни ўқишининг бошидан ҳали чарчамасдан туриб, парда унга очилишини истаган инсон худди уйидан чиқиб, бир фарсахгина юргач, дам олишни истаб қолган кишига ўхшайди. Зуҳд бобида айтиб ўтилдики, у Бухорийда ҳам ривоят қилинган, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиди. Ўқиб бўлгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: “Бу киши жаннат аҳлидан”, дедилар.

Амр ибн Ос ўғли Абдуллоҳга деди: “Ўғлим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу киши тўғрисида шундай дедилар. Сен кундузи рўза тутасан, кечаси ибодат қилиб чиқасан. Ўша кишиникига меҳмонга бориб, қара-чи, нима амал қилар экан?” Абдуллоҳ бориб: “Эй амаки, меҳмонингиз бўлай”, деди. У: “Хўп”, деди. Унинг чодири, хурмо дарахти ва қўйи бор экан. Кеч тушганда у чодиридан чиқиб, эчкини соғди, менга хурмо узиб келиб, олдимга қўйди. Бирга едик. У тунни ухлаб ўтказди. Мен ибодат қилиб чиқдим. Тонгда у рўза тутди. Мен ҳам рўза тутдим. Уч кеча шундай қилди. Мен унга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз тўғрингизда жаннат аҳлидан эканингизни айтдилар. Менга айтинг, нима амал қиласиз?” дедим. У: “Сенга у киши айтган нарса сен амалимни айтганинг учун кетди”, деди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келдим. У киши: “Унга бориб айт, амалини айтсин”, дедилар. Мен бориб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амалингизни айтишингизни буюрдилар”, дедим. У: “Энди майли. Агар менда бирор мол бўлиб, у мендан олинса, бунга ачинмайман. Агар менга берилса, хурсанд бўлмайман. Тунимни ҳеч кимга гина адоватсиз ўтказаман”, деди. Абдуллоҳ деди: “Мен кечаси билан ибодат қилиб чиқаман ва кундузи рўза тутаман-у, лекин бир қўй берилса ҳам, хурсанд бўлиб кетаман. Агар қўлимдан кетса, хафа бўламан. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни биздан аниқ афзал қилиб қўйибди”. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кишининг ақли унда ўнта хислат бўлмагунча комил бўлмайди: тўғрилик ундан умид қилиниши, кибрли бўлмаслиги, ундан эҳтиёжини сўраган кишидан безор бўлмаслиги. Уларга нисбатан камтарлик улардан устунликдан севимли бўлиши, хорлик иззатдан севимли бўлиши, ўзи қилган яхшиликни кам санаши, ўзига қилинган яхшиликни кўп билиши, дунёдан фақат озуқасинигина олиши, умри бўйи илм излашдан эринмаслиги, унинг улуғлигини оширадиган, машҳур қиладиган ўнинчиси – барча инсонларни ўзидан яхши деб билишидир. Инсонларни икки тоифа деб билади: бир киши ундан яхши ва афзал. Бу уни қийнайди. Унга етиб олишни истайди. Агар ўзидан ёмон ва паст кишини кўрса: “Балки бу нажот топиб, мен ҳалок бўларман. Балки бунинг яхшилиги махфий бўлиб, шу унга яхшидир. Менинг яхшилигим эса ошкора-ю, бу менга ёмондир”, дейди. Ана шунда унинг ақли камол топиб, ўз замони аҳлига пешво бўлади”.

 Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.

1830 марта ўқилди

Мақолалар

Top