Мақолалар

Хотиннинг моли шифодир

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингиз” (Нисо сураси, 4-оят).

Агар хотин бемор эрига ўз молидан едирса, Аллоҳнинг изни билан шифо топади.

Имом Суютий раҳимаҳуллоҳ “Дуррул мансур” номли тафсирида ва Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ўз тафсирида аёлларнинг маҳри борасидаги юқоридаги оятни шарҳлар эканлар қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар: “Қачон бирортангиз касал бўлсангиз аёлидан уч дирҳам беришини сўрасин. Сўнгра, шу пулга асал сотиб олиб, унга ёмғир сувини аралаштирсин ва ичсин. Шунда иштаҳа, шифо ва барака жам бўлади”.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу “иштаҳа” деганда юқоридаги оятни, шифо ва барака деганда қуйидаги оятларни таъвил қилганлар: “Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур” (Наҳл сураси, 69-оят).

“Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдирдик” (Қоф сураси, 9-оят).

Катта тобеин Алқама раҳимаҳуллоҳ аёлига: “Менга бемалол, иштаҳа билан тановул қилинадиган молингдан едир”, дер эдилар.

Тафсири Улусийда келади: “Бир киши Али разияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб: “Қорнимда оғриқ бўляпти”, деб шикоят қилди. Али розияллоҳу анҳу: “Аёлинг борми?”деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деди. “Ундай бўлса, бориб аёлингдан молидан чин кўнгилдан бирор нарса беришини сўра. Сўнгра ўша пулга асал сотиб ол ва унга ёмғир сувидан қўшиб ич. Чунки Аллоҳ таоло аёлнинг моли ҳақида: “Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингиз”, деган.

Асал ҳақида: “Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур”, деган.

Ёмғир ҳақида эса, “Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдирдик”, деган.

Қачон барака, шифо ва иштаҳа бирлашса, иншааллоҳ шифо топасан, дедилар”. Шундан кейин киши уйига бориб айтилгандек қилди ва соғайиб кетди.

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

1479 марта ўқилди

Мақолалар

Top