Мақолалар

ХАЛОГА КИРИШ ВА ЧИҚИШДА БАЖАРИЛАДИГАН СУННАТЛАР

Хало (ҳожатхона)га ҳожат танглиги кучаймасидан олдин бориш лозим. Халога оят, ҳадис, Аллоҳ таолонинг ва пайғамбарларнинг номлари ёзилган нарсалар билан кириш мумкин эмас. Уларни ташқарига қолдириш керак. Халога бошяланг кириш макруҳдир.

  1. Чап оёқ билан кириш.

  1. Киришдан олдин ушбу дуони ўқиш:

اَللّٰــهُمَّ إِنّيِ أَعُوذُ بِكَ مِنَ الخُبُثِ وَالْخَبَائِثِ

“Аллоҳумма инний аъузу бика минал хубуси вал хобааис”

“Аллоҳим, Сендан эркак ва урғочи ифлослар(шайтонлар)дан паноҳ тилайман”.

  1. Ҳожатга ўтирганда (чап) ённи Қибла томонга қилиб ўтириш.
  1. Тана оғирлигини чап томонга босиб, оёқлар орасини кенг тутиш ва аврат ҳамда ифлос жойларга назар қилмай ўтириш.

Ҳожатни тик туриб, узрсиз яланғочланиб (пана жойда бўлса ҳам), қиблага юзланиб ёки унга орқа қилиб чиқариш, ёш болаларни ҳам мазкур ҳолатларда тўсиш мумкин эмас. Ҳожатхонада ёзиб-чизиш, атрофга аланглаш ва баданни ўйнаш мумкин эмас. Халода бирор илм ҳақида фикр юритилмайди, салом ва азонга жавоб қайтарилмайди. Бурун қоқилмайди. Тезроқ бўшанишга ҳаракат қилиш зарур.

Ҳожат ушатилгач, эркаклар турмасдан, сийдик йўлини орқадан учига қараб сиқишлари керак. Орқа йўл чап қўл билан тоза кесак, тош, қиймати йўқ эски латта, пахта ёки махсус ҳожат қоғози билан артиб тозаланади.

  1. Покланадиган воситани тоқ ишлатиш.
  1. Истибро ва истинжони чап қўл билан қилиш.

Истибро – сийдик йўлида бир томчи ҳам қолдирмай, тозаланишдир. Эркакларга истибро қилиш вожиб бўлади. Бунинг учун ҳожат ўрнидан туриб, пешоб йўлига кесак тутиб юриш ё силкиниш ёки йўталиш керак. Сийдик йўлида ҳеч нарса қолмаганига тўла ишонч ҳосил бўлгач, сув билан тозаланишга ўтилади.

Истинжо – кишининг олд ва орқа йўлидан чиққан нажосат юқини сув ёки кесак ва шунга ўхшаш нарсалар билан баданидан тозалаб кетказишидир. Чап қўл билан қилиш мустаҳабдир. Узрсиз ўнг қўл билан тозалаш макруҳ саналади.

  1. Ўнг оёқ билан чиқиш.
  1. Чиққандан сўнг ушбу дуоларни ўқиш:

غُفْرَانَكَ

Ғуфронака

“Ё Аллоҳ, Сендан мағфират қилишингни сўрайман”.

الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَذْهَبَ عَنِّي الْأَذَى وَعَافَانِي

“Алҳамду лиллаҳиллазий азҳаба ъаннил аза ва ъафаний”“Мендан азиятларни кетказиб, офиятда қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин”.

Қабристон, йўл, дарахтлар ости, ҳовуз, қудуқ, булоқ, ариқ ва дарё қирғоқлари, таҳорат олинадиган жойда; ер ва девор ковакларига, жониворлар ини, шунингдек, шамолга қараб ҳожат чиқариб бўлмайди.

Даврон НУРМУҲАММАД

1323 марта ўқилди

Мақолалар

Top