Мақолалар

Таҳорат олишда бажариладиган суннатлар

Таҳорат олиш учун шундай жой танлаш лозимки, қуйилган сув ерга тушиб, кийим-бошга сачрамасин. Таҳорат қилишда беҳуда сўзларни гапирилмайди. Шароит бўлса, юзни қиблага қилиб таҳорат олиш ҳам одобдандир. Намозхон таҳорат қилишидан олдин унга тайёргарлик кўриши керак. Кўпчилик бунга аҳамият бермайди. Масалан, оёқларни ювиш навбати келгандагина пайпоқларини ечишади. Бир оёқдаги пайпоқ ечилиб, оёқ ювилгач, у қайта кийилиб, сўнгра иккинчи оёқ пайпоғи ечилиб ювилади. Баъзилар ўртада бир артиниб олиб, сўнгра оёқни ювишга киришадилар ва ҳоказо. Бундай қилиш макруҳ ҳисобланади.

Суннатга кўра, таҳорат амаллари орасига бегона амал кирмаслиги керак. Узрли кишилар бундан мустасно.  

  1. Ният қилиш. Ният қалбдан ўтказиш билан бўлади. Аммо ниятни тилда айтиш мустаҳабдир.

 

  1. Таҳоратни “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” билан бошлаш. Агар таҳорат аввалида “Бисмиллоҳ”ни айтиш эсдан чиқса, эслаганда айтилади.

 

  1. Икки қўлни бўғинлари билан уч марта ювиш. Бармоқларни бир-бирига киритиб, ораларига сув етказиш керак. Узуги бор одам уни қимирлатиб тагига сув етказиши зарур. Қўллар ювилаётганда ушбу дуо ўқилади:

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي جَعَلَ الْمَاءَ طَهُورًا وَالْإِسْلَامَ نُورًا

“Алҳамду лиллаҳиллазий жаъалал маа тоҳурон вал Ислама нурон”

“Сувни поклик манбаи, Ислом динини эса нур қилиб яратган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин”.

 

  1. Оғизга ўнг қўл билан сув олиб, яхшилаб (ҳамма ерига етказиб) чайиш. Бу ҳолат 3 марта такрорланади. Оғиз чайилаётганда ушбу дуо ўқилади:

اَللّٰــهُمَّ طَهِّرْ نَكْهَتِي وَاسْقِنِي مِنْ حَوْضِ نَبِيِّك

“Аллоҳумма тоҳҳир накҳатий васқиний мин ҳавзи набиййик”

“Ё Аллоҳ, оғзимни пок қил ва менга Пайғамбарингга ато қилганинг “Ҳавзи кавсар” сувидан ичишни насиб эт”.

 

  1. Бурунга ўнг қўл билан яхшилаб сув тортиб, чап қўл билан қоқиш. Бу амал 3 маротаба бажарилади. Бурунга сув тортилаётганда ушбу дуо ўқилади:

اَللّٰــهُمَّ أَرِحْنِي رَائِحَةَ الْجَنَّةِ وَلَا تُرِحْنِي رَائِحَةَ النَّارِ

Аллоҳумма ариҳний роиҳатал жаннати ва ла туриҳний роиҳатан нари

“Ё Аллоҳ, мени жаннат ҳидидан баҳраманд эт, дўзах исидан нари тут.

Эслатма! Рўзадор киши оғиз чайиш ва бурунга сув олишда муболаға қилмайди. Чунки томоғидан сув ўтиб, рўзаси бузилиши хавфи бор. Шунингдек, оқар сувлардан таҳорат қилинганида оғиз ва бурундан чиққан сув ариққа ташланмайди.

 

  1. Юзни пешонанинг устки қисмидан бошлаб ияк остигача ва икки қулоқ юмшоғи ўртасидаги жойларни уч марта ювиш. Икки лаб ва устидаги қисмлари ҳам юздан ҳисобланади. Ўнг қўл ҳовучи билан пешонанинг ўнг тарафига оҳиста сув қуйилиб (бунда кўзларни юммаслик керак) пешонанинг соч унган ери, ияк ости ва икки қулоқ юмшоқлари оралиғида бирор жой қолдирмай уч бор ювилади.

Кўзлар ичига сув етказиш фарз эмас, чунки кўзнинг ичи юз ҳисобланмайди. Кўз юз ҳудудида жойлашган алоҳида бир аъзодир. Унинг атрофида йиғилиб қолган кирларни тозалаб, ўрнини ювиш керак. Юз ювилаётганда ушбу дуо ўқилади:

اَللّٰــهُمَّ بَيِّضْ وَجْهِي بِنُورِكَ يَوْمَ تَبْيَضُّ وُجُوهُ أَوْلِيَآئِكَ وَلَا تُسَوِّدْ وَجْهِي يَوْمَ تَسْوَدُّ وُجُوهُ أَعْدَائِكَ

“Аллоҳумма баййиз важҳий би нурика йавма табйаззу вужуҳу авлийаика ва ла тусаввид важҳий йавма тасвадду вужуҳу аъдаик”

“Ё Аллоҳ, суюкли бандаларинг юзлари пок ҳолатда турувчи куни менинг юзимни ҳам Ўз нуринг билан ёруғ қил. Душманларинг юзи қора бўлгувчи кунда менинг юзимни қора қилмагин”.

 

  1. Соқолга масҳ тортиш. Юз уч бора ювилгач, қўллар янгидан намланиб, соқол икки қўл билан сийпаланиб масҳ тортилади. Бунда бармоқларни жағ тагидан соқол орасига киритиб, сув етказиш керак.

Эслатма! Сийрак соқолли кишилар юз ювишда соқоли остига сув етказишлари лозим.

 

  1. Қўлларни тирсаклари билан қўшиб уч марта ювиш. Икки қўлни ювишда бармоқ учларидан бошлаб, тирсакда тугатилади. Аввал ўнг қўл сўнг чап қўл ювилади. Ўнг қўл тирсаги билан яхшилаб ишқалангач, кафтга сув тўлдирилиб, тирсак томон оқизилади ва яна ишқаланади. Ўнг ва чап қўллар тирсаклари билан шу равишда уч бора ювилади. Қўлларнинг мукаммал ювилганига аниқ ишонч ҳосил қилиш учун тирсаклардан икки энлик ўтказиб ювилса, мақсадга мувофиқдир. Шунга кўра, таҳоратдан олдин тайёргарлик кўраётганда енгларни ҳам тирсаккача эмас, сал юқорироққача шимариш керак, шунда икки энлик тепадан ювишга имкон бўлади.

Ўнг қўл ювилаётганда ушбу дуо ўқилади:

اَللّٰــهُمَّ أَعْطِنِي كِتَابِي بِيَمِينِي وَحَاسِبْنِي حِسَابًا يَسِيرًا

“Аллоҳумма аътиний китабий бийаминий ва ҳасибний ҳисабан йасиро”

“Ё Аллоҳ, (қиёмат куни) амалларим ёзилган дафтарим (номаи аъмолим)ни ўнг тарафимдан бериб, ҳисоб-китобимни осон қилгин”.

Чап қўл ювилаётганда ушбу дуо ўқилади:

اَللّٰــهُمَّ لَا تُعْطِينِي كِتَابِي بِشِمَالِي وَلَا مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِي وَلَا تحَاسِبْنِي حِسَابًا شَدِيدًا

“Аллоҳумма ла туътиний китабий бишималий ва ла мин варои зоҳрий ва ла туҳасибний ҳисабан шадийда”

“Ё Аллоҳ, (қиёмат куни) амалларим ёзилган дафтарим (номаи аъмолим)ни чап тарафимдан ҳам, ортимдан ҳам бермагин ҳамда мени қаттиқ ҳисоб-китоб қилмагин”.

 

  1. Бошга бир марта масҳ тортиш. Бошга масҳ тортиш учун икки қўлнинг кафт ва бармоқлари янгидан намланади, бош ҳамда кўрсаткич бармоқларидан бошқа бармоқлар бирлаштирилиб бошнинг олд томонидан орқасига қараб (кафтларнинг жимжилоқ томонидан ярми бошга теккизиб) бўйингача сийпаланади. Сўнг бош ҳамда кўрсаткич бармоқлари бирлаштирилиб бошнинг орқасидан олд тарафига қараб (кафтларнинг қолган нам қисми, яъни бош бармоқ томонидан ярми бошга теккизиб) пешонагача масҳ қилинади.

Бошга масҳ тортилаётганда ушбу дуо ўқилади:

اَللّٰــهُمَّ غَشِّنِي بِرَحْمَتِكَ وَأَنْزِلْ عَلَيَّ مِنْ بَرَكَاتِكَ

“Аллоҳумма ғошшиний бироҳматика ва анзил ъалаййа мин барокатик”

“Аллоҳим, Ўз раҳматинг билан бошимни силагин ва устимга баракотларингни ёғдиргин”.

 

  1. Қулоққа масҳ тортиш. Бошга масҳ тортилгач, бармоқлар қайта намланмайди, балки, бошга масҳ тортиш учун намланган бош ҳамда кўрсаткич бармоқлари билан икки қулоқ бир марта масҳ қилинади. Кўрсаткич бармоқ билан қулоқ ичлари, бош бармоқ билан эса қулоқ орқалари сийпаланади.

Қулоққа масҳ тортилаётганда ушбу дуо ўқилади:

اَللّٰــهُمَّ اجْعَلْنِي مِنَ الَّذِينَ يَسْتَمِعُونَ الْقَوْلَ فَيَتَّبِعُونَ أَحْسَنَهُ

“Аллоҳуммажъалний миналлазийна йастамиъунал қовла файаттабиъуна аҳсанаҳ”

“Аллоҳ, сўзни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадиганлардан қилгин”.

 

  1. Бўйинга масҳ тортиш. Қулоқлар масҳ қилингач, кафтнинг орқа тарафи гардандаги қон томирларига теккизилади. Кўпчилик томоққа масҳ тортади. Бу эса бидъатдир.

Бўйинга масҳ тортилганда ушбу дуо ўқилади:

اَللّٰــهُمَّ أَعْتِقْ رَقَبَتِي مِنَ النَّارِ وَاحْفَظْنِي مِنَ السَّلاَسِلِ وَاْلأَغْلاَلِ

Аллоҳумма аътиқ роқобатий минан нари ваҳфазний минас саласили вал ағлал

“Ё Аллоҳ, мени дўзах азобидан қутқаргин ва занжирларда судралишдан сақлагин”.

 

  1. Оёқларни уч марта ювиш. Аввал ўнг оёқ, сўнг чап оёқ ювилади. Оёқни ювиш бармоқ учларидан бошлаб тўпиқда тугатилади. “Тўпиқ” оёқнинг икки ёнида бўртиб чиққан суякдир. Оёқ ювилганда, тўпиқ ҳам қўшиб ювилади.

Таҳорат оёқни ювиш билан мукаммал бўлади. Оёқни ювиш, қўлни ювишдек, бармоқлардан бошланади. Аввал ўнг оёқ бармоқларига сув қуйилиб, тўпиғи билан бир бор ювилгач, чап қўл жимжилоғи билан ўнг оёқ жимжилоғининг ост томонидан бошлаб бир марта хилол қилинади. Сўнг яна икки бор мазкур тартибда ювилади.

Ўнг оёқ ювилаётганда ушбу дуо ўқилади:

اَللّٰــهُمَّ ثَبِّتْ قَدَمَيَّ عَلَى الصِّرَاطِ يَوْمَ تَزِلُّ فِيهِ اْلأَقْدَامُ

“Аллоҳумма саббит қодамаййа ъалас сироти йавма тазиллу фийҳил ақдам”

“Ё Аллоҳ, оёқлар тойгувчи (қиёмат) кун(и)да оёқларимни Сирот (кўприги) узра собитқадам айла”.

Чап оёқ ҳам ўнг оёқни ювиш тартибида ювилади, лекин чап оёқни ҳилол қилиш (чап қўл жимжилоғи билан) бош бармоқдан бошлаб, жимжилоқда тугатилади.

Чап оёқ ювилаётганда ушбу дуо ўқилади:

اَللّٰــهُمَّ اجْعَلْ سَعْيِي مَشْكُورًا وَذَنْبِي مَغْفُورًا

“Аллоҳуммажъал саъйий машкурон ва занбий мағфуро”

“Ё Аллоҳ, қилган ишларимни савоб йўлига бургин ва гуноҳларимни авф этгин”.

 

  1. Таҳорат олгандан сўнг: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаашарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Расулуҳу”, деб айтиш.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таҳорат олиб: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Расулуҳу”, деса, унга жаннатнинг саккизта эшиги очилиб, хоҳлаганидан кираверади», дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Уйда таҳорат олиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўз уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйларидан бир уйга Аллоҳнинг фарзларидан бир фарзни адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси ила даражаси кўтарилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Ишқалаш. Қўлни аъзо устидан сув билан ёки ундан кейин юрғизиш.

 

  1. Сувни тежаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муд сув ила таҳорат қилар эдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  1. Ойнага қараганда дуо қилиш. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ойнага қарасалар:

“Аллоҳумма анта ҳассанта холқий фа ҳассин хулуқий”

“Аллоҳим, яратилишимни гўзал қилдинг, хулқимни ҳам чиройли қилгин”, деб айтардилар.

Даврон НУРМУҲАММАД

2148 марта ўқилди

Мақолалар

Top