Мақолалар

ЁШИНГИЗ 60 ГА ЕТТИМИ? УНДА ХУШЁР БЎЛИНГ!

Ҳар биримиз учун берилган умр қадаримизда битилган бўлиб, у қисқармайди ва узаймайди. Узайиши ҳам, қисқариши ҳам аслида тақдиримизда битилгандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларини нима учун яратганлигини хабарини бериб қўйган. Бир оятда “ибодат қилишлари учун” деган бўлса, бошқа бир оятда “қай бирингиз гўзал амал қиласизлар” дейди. Ушбу оятларни хулоса қилиб айтиладиган бўлса, инсон ер-юзига Аллоҳнинг амрларини бажариш, қайтариқларидан қайтиш ва ўзгаларга эзгулик қилиб, оламдан ўтгандан сўнг ҳам ўзидан яхши из қолдириш учун яралгандир. Манашу динимизнинг асл моҳияти десак, хато қилмаган бўламиз.

Инсон ақл-идрокка эга бўлгач, илм олади, касб қилади ва албатта мусулмончилик нуқтаи назаридан келиб чиқган ҳолда яшашга ҳаракат қилади. Бу давр асносида адашади, хато қилади ва қоқилади. Натижада ёши олтмишга етиб, ҳаётнинг аччиқ-чучуги нима эканлигини, қайси ишлар дунё ва охиратига фойдаю, қай бири зарар эканлигини англаб, оқ-қорани ажратиб олади. Агар у шу ёшгача етса албатта.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларининг бирида шундай дейилган:

عَنْ أبي هُريرةَ - رضي الله عنه - عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: «أعذرَ اللهُ إلى امرئ أخَّر أجلَه حتى

بلغَ ستِّين سنةً» رواه البخاري

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: у зот: “Аллоҳ таоло бир кишининг ажалини кечиктириб, ҳаттоики умри олтмишга етса, унинг узрини бекор қилади (энди унга узур йўқ)”, дедилар. Имом Бухорий ривояти

Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида киши ўн беш ёки йигирма ёшга кирса шариъатдаги баъзи ишлардан беҳабар бўлса, унга ҳали таҳаммул қилмабди ёки оятларни тадаббур қилмабди дея, гоҳида узур ҳисобланиши мумкин. Аммо киши олтмиш ёшга етганида энди унга узур қолмайди. Бу ёшда таҳорат қандай қилинади, намоз қандай ўқилади, рўза қандай тутилади, закот қачон берилади ёки Ҳаж қандай амал ва ким учун фарз каби Аллоҳнинг амрларини, шунингдек, қандай махсулотлару, қандай таомлар ва қандайин ичимликлару, қандайин ишлар динимизда ман қилинганини билмаслигида унга узр қолмайди.  Ахир киши учун бундайин ёш бу каби ишларни билиб олишига кифоя қиладику.

Агар юқоридаги илмарни қандай билиши мумкин? деган савол берилса, жавоб қуйидагича бўлади: унда ақл борми, китоб ўқий оладими, ўзгани гапини эшитадими ёки бўлмасам ўзгадан сўраб олишга имкони борми? Бу сифатларга эга бўлмаганлар ҳадисдаги узри йўқ кишилар тоифасига кирмайди. Чунки Аллоҳ таоло ақли заиф бўлган бандасини қиёматда нега билмадинг, нега амал қилмадинг, дея савол-жавоб қилмайди.

Шунингдек, бу ҳадисни ўқиган кишининг фикрига ҳали мен олтмишга кирмадим, демак ҳали менда имконият бор, мен узрли ҳисобланар эканман, деган хом-ҳаёл келмасин. Киши балоғат ёшига етганидан ҳар-бир иши ҳисоб-китобли бўлади. Аммо ёши шуқадар бўлсаю, ўзига ҳар-хил баҳоналар топиб, вақтини зоя қиладиган кишилар бошига мусибатлар келса, айбни ўзгалардан эмас, балки ўзидан деб билсин, деган ишора бўлмоқда.

Таассуфким, бу ёшга кирганларида ўзгаларга эҳсон қилиб, ошу-базимлар, гўёки “шукрона ёки пайғамбар ёши” дея маросимлар қилиб, пешонаси сажда кўрмаётган, ўзини ҳаромдан тияёлмаётганлар орамизда қанча?

Уларга ушбу оят очиқ-ойдин эслатма ва кўрсатма бўлса не ажаб:

وَهُمْ يَصْطَرِخُونَ فِيهَا رَبَّنَا أَخْرِجْنَا نَعْمَلْ صَالِحًا غَيْرَ الَّذِي كُنَّا نَعْمَلُ  أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُم مَّا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَن تَذَكَّرَ وَجَاءَكُمُ النَّذِيرُ  فَذُوقُوا فَمَا لِلظَّالِمِينَ مِن نَّصِيرٍ

Улар у ерда: «Роббимиз!!! Бизларни чиқар!!! Қилиб юрган амалларимиздан бошқа, солиҳ амаллар қиламиз!!!» – деб доду фарёд солурлар. «Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?! Сизларга огоҳлантирувчи келмаган эдими?! Бас, энди тотаверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир», (дейилур). (Фотир сураси 37-оят)

Аллоҳ таоло барчамизга берилган умрдан унимли фойдаланиб, Ўзининг ҳузурига ёруғ юз билан йўлиқишимизни осон қилсин. Барчамизни ушбу оят ва ҳадисдан таъсирланиб, ҳаётимизни Ўзи ва Росули рози бўладиган тарзда олиб боришмизга мувафффақ айласин. Амин!

Олмазор тумани бош имом-хатиби

Яҳё домла Убайдуллоҳ ўғли 10.06.2023 15:23 21-зулқаъда, 1444

 

1662 марта ўқилди

Мақолалар

Top