Мақолалар

Фақат ташқи кўринишга эътибор бериш - 26 қисм

Бу касалликка чалинган одам ўзгаларнинг мақтови, олқишига эришиш учун ташқи кўринишини безаш билан овора бўлади. Бунинг учун у бутун куч-ғайрати, вақти ва мол-давлатини сарфлайди. Аммо, нафсининг поклиги ҳақида қайғурмайди, хато-камчиликларини тузатишга бирор ҳаракат ҳам қилмайди. Ваҳоланки, инсон қалби Аллоҳ таолонинг назари тушадиган қароргоҳдир.

 
Муолажа услуби

Бу касалликдан даволаниш учун – инсоннинг қанчалик ҳурмат қилиниши ва эъзозланиши бу фақат Аллоҳнинг иродаси билан бўлишини англаб етиш керак. Одамларнинг унга бўлган муносабати ва муҳаббати фақат Қодир Аллоҳга боғлиқдир. Яна шуни унутмаслик керакки Аллоҳ таоло банданинг қалби ва хаёлида содир бўлаётган ҳамма нарсани билиб туради.

Шунинг учун, инсонни ташвишга соладиган биринчи нарса бу – унинг ички дунёси бўлиши лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир (Нисо сураси, 1-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ташқи суратингизга қарамайди. Қалб ва амалларингизга қарайди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Шунинг учун, банда қалбини поклашга ва одамларнинг эмас, балки Роббининг муҳаббатига эришишга ҳаракат қилиши лозим. Шунда Аллоҳнинг ҳам, одамларнинг ҳам муҳаббатига сазовор бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Аллоҳ бир бандага муҳаббат қилиб қолса, Жаброилни чақириб: “Мен фалончига муҳаббат қилдим. Сен ҳам унга муҳаббат қил”, дейди. Шунда Жаброил унга муҳаббат қилади ва осмонда нидо қилиб: “Аллоҳ фалончига муҳаббат қиладир. Сиз унга муҳаббат қилинг!” дейди. Аҳли осмон ҳам унга муҳаббат қилади...», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

 

923 марта ўқилди

Мақолалар

Top