Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ II асрнинг энг кўзга кўринган ва забардаст уламоларидан бири. Унинг диний таълим олиши ва тарбиясида онаси қаттиқ қайғурарди. Онаси ўғлига бундай деб айтарди: “Ўғлим! Сиз барча вақтингиз ва саъй-ҳаракатингизни фақат илм эгаллашга сарфланг. Мен сизнинг барча эҳтиёжларингизни ип йигириб ҳал қиламан” (Сифат ас-Сафво. Ж.2. – Б.110.).
Бир кеча Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ осмонга қараб ётарди. Бироз ўтиб гўёки кўксида юраги йўқдек туюлди. Бу ҳақда онасига хабар берди. Онаси бундай жавоб берди: “Aфтидан, сиз мулоҳаза қилиш, фикр юритиш ниятида осмонга қарамаган кўринасиз. Вақтингизни беҳудага ўтказишдан узоқ бўлинг. Ҳар бир ишда тафаккур қилишга одатланинг!” (Мисал-э Ҳавотейн. – Б.180.)
Ўтмиш оналари нақадар узоқни кўра оладиган, маънавий жиҳатдан кучли бўлган!
Афсуски айрим ота-оналар фарзандини Aллоҳ таолодан узоқлаштирадиган, уларнинг соф фитратини бузадиган ишларга ундаб, жалб қилади. Энг ташвишга соладиган ҳолат шуки, баъзи ота-оналар фарзанди обрў-эътиборли, кўп мол-дунё эгаси бўлиши учун эртаю кеч ҳаракат қилади. Аммо фарзанд кўз қувончи, инсониятга хизмат қиладиган инсон бўлиши учун уларнинг диний таълим-тарбиясига ҳам қаттиқ эътибор қаратиш керак.
Даврон НУРМУҲАММАД