«Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ваҳий қилиб: “Охиратга захира қил, Менга нафллар билан яқинлаш, сени Ўзимга яқин қиламан. Менга таваккул қил, Сенга кифоя қиламан. Мендан бошқани дўст тутма. Балога сабр қил. Тақдирга рози бўл...
Менга яқин бўл, зикримни тилинг билан тирилтир, қалбингдаги менга муҳаббатинг ғафлат пайтида уйғоқлик бўлсин. Мендан ҳикмат лутфини тила. Менга қўрқиб дуо қил. Қалбингни қўрқув билан ўлдир.
Розилигим учун тунларни ғанимат бил. Қониб сув ичадиган кунинг учун кунларингда чанқа. Яхшиликларда бор кучинг билан мусобақа қил. Одамлар орасида менинг адолатимни жорий қил. Улар орасида менинг насиҳатим билан ҳукм қил.
Сенга қалб васвасаларига шифо, кўр кўзларни очадиган даволар туширдим. Тирик ҳолингда ўлик каби ўтирмагин. Баттоллар кулганда кўзларингни ғам ёшлари билан ёшла.
Аниқ келажак охират синовлари, қўрқинчларидан огоҳ бўл. Ўшанда оила, фарзандлар, мол-дунё фойда бермайди. Ўзинг учун дунёни тарк қилиб, оиласи билан видолашаётган киши каби йиғла. Шунга сабрли бўл, савоб иста.
Сабр қилувчиларга ваъда қилган нарсаларимга эришишинг сен учун қандай бахт. Дунёдан кунма-кун рози бўл. Дунёдан борига қаноат қил. Билдингки, борадиган жойинг ёзилган. Олганинг ўзингга ҳужжат.
Ҳисоб-китоб билан амал қил, сендан сўралажак. Агар сен Аллоҳ бандалари учун тайёрлаб қўйилган неъматларни кўрганингда эди, қалбинг уларнинг иштиёқида ёнарди. Бу маърифат манзилларидан биридир. Банда бу манзилга тушса, одамларга итоат этишидан хурсандлиги, ўз нафсига итоат этиши хурсандлиги каби бўлади.
Одамлар орасида қилган гуноҳига афсуси ўзи ёлғиз ҳолда қилган гуноҳидан афсуслиги каби бўлади. Бу барча ҳолларда эмас. Чунки у Аллоҳга юзланса, гуноҳлар уни даҳшатга солади. У бу даҳшатдан водийларда юриб, сўнг денгизга тушган кишига ўхшаб қолади. У денгиз тўлқинлари даҳшатига тушиб қолса, дарёлар даҳшати эсига ҳам келмайди».
Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан
Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.