Мақолалар

Диндор она: Мaвлоно Мaсиҳуллоҳ Хон онaси

Замонамизнинг таниқли уламоси Муҳаммад Масиҳуллоҳ Хон раҳимаҳуллоҳ яқин ўтмишнинг буюк олими ва авлиёси эди. Жанубий Aфрикадаги кўплаб етакчи олимларнинг устози бўлган.

Унинг онаси ниҳоятда оқила ва диёнатли эди. Ҳар куни кечки овқатдан кейин унга исломий китобларни ўқиб берарди. Онаси китобларни мутолаа қиларкан, унинг кўзларидан тинмай ёш оқарди (Ҳаёт-э Масиҳул Уммат. – Б.58.).

Қалби динига бўлган муҳаббатга тўла онадан гўзал тарбия топган Мавлоно ёшлигиданоқ кенг дунёқарашга, чиройли одобга эга бўлди. Ҳали балоғатга етмасидан таҳажжуд намозини қолдирмасдан адо этишга одатланди.

Аслида, кечгача она уй юмушларини бажариб чарчаган бўлади. Лекин Муҳаммад Масиҳуллоҳ Хоннинг онаси фарзанди олим бўлиши учун асло эринмас ва чарчамасди. Мана шундай қурбонлик ва фидоийлик фарзандларни гўзал ахлоқли қилиб тарбиялайди, уларни кўз қувончимизга айлантиради.

Болалар ҳикояларни яхши кўрадилар. Шу сабабли, уларга Пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳларнинг ҳаётлари ҳақида ўқиб бериш жуда фойдали ҳисобланади. Уларнинг таъсирчан онгини ёлғон эртаклар, тўқима ҳикоялар билан булғанишига ва алданишига йўл қўймаслик керак.

Оналар фарзандига берадиган таълим ва тарбияни қандайдир бурч ёки мажбурият сифатида қабул қилмасликлари керак. Балки иштиёқ, ихлос билан олимни тарбиялаётгани, шу билан бирга Aллоҳ таолонинг дўстининг онаси бўлишдан завқланишлари лозим.

 Даврон НУРМУҲАММАД

928 марта ўқилди

Мақолалар

Top