Мақолалар

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ҲОЖИЛАРИ ВАТАНГА ҚАЙТИШДИ

Шу йил 5 июль куни Тошкент вилояти ҳожиларидан бир гуруҳи Исломнинг бешинчи рунки бўлмиш Ҳаж ибодатларини бекаму кўст бажариб, юртимизга эсон-омон, соғ-саломат қайтиб келишди.

Бу йилги ҳаж мавсуми ҳар қачонгидан ҳам файзли, шукуҳли, барча шарт-шароитларга эга ҳолатда ўтгани борасида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов бундай дедилар:

– 1444 ҳижрий, 2023 милодий йилда ҳаж арконларини бажариш учун юртимиз мўмин-мусулмонларига Мадинаи мунаввара, Маккаи мукаррамада яратилган шарт-шароитларга бутун дунё мусулмонларининг ҳаваси кетганига ўзимиз гувоҳ бўлдик. Айниқса, меҳмонхоналарда, Мино водийсида, Муздалифадаги имкониятлар барчага манзур бўлди. Юртдошларимиздан фақат бир нарса, у ҳам бўлса, Ҳажнинг барча арконларини бекаму кўст бажариш талаб этилди, холос. Малакали гуруҳ раҳбарлари, мингбошилар, раҳбариятнинг саъй-ҳаракатлари билан мавсумни жуда гўзал тарзда якунладик. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин.

Мана, бугун юз-кўзлари порлаган, пешоналаридан нур балқиган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳи юртимизга қайтиб келди. Аслида, ҳожи бўлиш осон, лекин шу номга бир умр содиқ бўлиб қолиш мушкул. Эндиликда ҳожиларимиз ўзларининг ибратли амаллари, гап-сўзлари ила ёшларимизга намуна бўлиб, юртимиз равнақи, хақимиз фаровонлиги, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшадилар, иншоаллоҳ.

Аслида, ҳадиси шарифга биноан Ҳаж арконларини бажарган киши ўз Ватанига шошиши керак. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз ҳажини адо қилса, аҳлига қайтишга шошилсин. Чунки шундай қилиши ажрини кўпайтиради”, дедилар (Имом Дорақутний ривояти).

Аллома Муновий раҳматуллоҳи алайҳ “Файзул қадир” китобида ҳадисни қуйидагича шарҳлаган: «(Ватанга) шошилиш – мустаҳаб. “Аҳл”дан мурод эса, ватандир, гарчи у ерда аҳли (оиласи) бўлмаса-да. Келиши билан дўстлари, аҳлларига сурур бағишлагани учун “шундай қилиши ажрини кўпайтиради”. Ватанда исқомат қилишда бошқа жойга қараганда ибодатга (оид) вазифаларни бажариш осон бўлади».

Демак, фарз бўлган динимизда ҳаж борасида шундай дейилган бўлса, бошқа, айниқса, мустаҳаб ва мубоҳ сафарларда (ўз ватанига шошилиши биринчи навбатда) талаб қилинишини уламоларимиз таъкидлашган.

* * *

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига етиб келган ҳожиларимиз махсус автобусларда пойтахтимиздаги “Новза” масжидига элтилди. Ҳожиларимизни қавму қариндошлари, яқинлари шоду хуррамлк билан кутиб олишди. 

Аллоҳ таоло ҳожиларимизнинг ҳажларини мабрур қилган бўлсин! 

Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

1274 марта ўқилди

Мақолалар

Top