Мақолалар

Эҳтиросларга бўйсуниш - 32 қисм

Нафснинг оғир касаллигининг белгисидан бири – инсон шаҳват ва бефойда ишлар гирдобига тушиб қолади. Агар шаҳватлар қалбни эгалласа, улар бандани ибодатдан узоқлаштиради ва Аллоҳнинг қайтариқларини бузишга ундайди.


Муолажа услуби

Бу дардга шифо топиш учун – нафсни жиловлаш, уни жуда қаттиқ истаб турган нарсалардан қайтариш, шунингдек, ҳеч истамаётган нарсаларга уни мажбурлаш лозим. Асов ҳайвонни жиловлаш ва қўлга ўргатиш учун унинг еми камайтирилади. Худди шунингдек, нафсни тарбиялашда ҳам унинг хоҳиш ва истакларини тийиш лозим. Зеро, нафсининг ҳою ҳавасларига эргашувчи, нафсига қул бўлувчи кимса Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқлашади.

Ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ким нафсини тарбиялаб, уни истакларидан тия олса, раҳмат кафанига ўралади ва каромат тупроғига дафн этилади. Кимки нафсига қул бўлса, ҳою-ҳавасига учса лаънат кафанига тиқилади ва азоб тупроғига дафн этилади”.

Бир куни Абу Ҳафс раҳимаҳуллоҳдан: “Қандай қилиб нафсни поклаш, уни тўғри йўлга солиш мумкин? деб сўрашди. Олим жавоб берди: “Нафсга хилоф иш қилиш орқали. Яъни, у хоҳлаб турган нарсаларни қилманг ва у хоҳламаётган амалларни қилинг. Албатта, нафс гуноҳ ва маъсиятларнинг манбаидир.

Баъзи ҳакимлар: “Кимки (нафси) истаган нарсасини қилар экан, ўзи хоҳламаган нарсага йўлиқади, деганлар.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

1102 марта ўқилди

Мақолалар

Top