Мақолалар

Ўта тақводор кўринишга интилиш - 34 қисм

Бу нафс касаллигида қалбида ихлосдан асар ҳам бўлмаган одам бошқаларга диндор бўлиб кўринишга уринади.

 Муолажа услуби

Бу нафс касаллигидан шифо топишда – ихлосни йўққа чиқарадиган риё, сумъа (одамлар эшитиши учун бирор иш қилиш), ужб (ўзига бино қўйиш), кибр ва ғурур каби иллатлардан сақланиш лозим.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Одамлар учун бир амални тарк қилиш риёдир. Одамлар учун бир амални қилиш ширкдир. Ихлос ана шу икки нарсадан сени Аллоҳ таоло омон қилишидир”. Яъни, банда ибодатларини фақат ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун адо этиши, одамларнинг мақтовини ҳам, танқидини ҳам эътиборга олмаслиги керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини солиҳ, тақводор қилиб кўрсатишга уринганларга танбеҳ бериб: “Ўзига берилмаган нарсани берилган қилиб кўрсатган одам иккита ёлғон кийим кийган кабидир, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Чунки бундай одамларнинг сўзи ҳам, қилаётган амали ҳам ёлғондир. Шунинг учун, уларга икки баробар гуноҳ бўлади.

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шубҳасиз риё ширкдир”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

Кунларнинг бирида Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Агар банда ўзини яхши кўрсатишга ҳаракат қилса, бу риё амал – ширкка кирадими? . Ҳасан Басрий айтдилар: “Ҳа, бу кичик ширкдир. Аллоҳ таолонинг ушбу оятини ўқимаганмисиз?«(Эй, Муҳаммад! Уларга) айтинг: “Дарҳақиқат, мен ҳам сизлар каби бир башардирман. (Фақат) менга илоҳингиз ёлғиз Илоҳ экани ҳақида ваҳий этилмоқда. Бас, кимки Робби билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Роббига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!"» (Каҳф сураси, 110-оят).

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

1169 марта ўқилди

Мақолалар

Top