Мақолалар

Такаббурлик - 38 қисм

Нафснинг бу иллатига чалинган кибрли инсон ўзгаларни ҳақир (паст) санайди, ўзини бошқалардан устун деб билади ва унинг шаънига айтилган бирорта танқидни қабул қилмайди.

 

Муолажа услуби

Бу касалликдан қутилишнинг ягона йўли – мулойим, тавозели бўлиш ва дўсту биродарларини ҳурмат қилиш лозим. Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиб бундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар...” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Шунингдек, Иблиснинг Аллоҳнинг раҳматидан узоқ ва ҳузуридан қувилишига ҳам айнан такаббурлиги сабаб бўлганди. Аллоҳ таоло унга Одам алайҳиссаломга сажда қилишни буюрганида у бош тортди ва кибрга кетди: «(Аллоҳ) деди: “Мен сенга буюрган пайтимда сени сажда қилишдан нима тўсди? Мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мен оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг, деди у» (Аъроф сураси, 12-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбага қараб: “Нақадар улуғворсан! Қадринг қанчалик буюк! Бироқ, бир мўминнинг даражаси сендан улуғдир, чунки сен ҳақингда Аллоҳ битта тақиқ жорий қилган, мўминнинг эса учта: жонига, мулкига ва обрўсига тажовуз қилишдан қайтарган”, дедилар.

Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам худди шу маънодаги дуони Каъбага қараб қилганлари ривоятларда келади: “Сен қандай ҳам буюксан! Ҳурматинг нақадар улуғ! Лекин бир мўминнинг ҳурмати эса сендан ҳам улуғдир!”.

Имом Бурсавий раҳимаҳуллоҳ мусулмонларни такаббурликдан огоҳлантирар экан: “Мўмин киши ўз биродарларини хорлаб, уларга паст назар билан қарамаслиги, зулм қилмаслиги керак. Иблис ўзини Одам Атодан афзал деб билди, оқибатда абадий азобга ва хорликка маҳкум бўлди. Шунинг учун, бир мусулмонни менсимайдиган инсон иблиснинг амалини қилаётганини унутмасин!”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

948 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Адолатли сиёсат даҳоси Таркидунёчилик йўқ »

Мақолалар

Top