Мақолалар

Ҳадис ёки суннат ҳукмини ким чиқариб беради?

Хуллас, суннат ҳужжатдир, ҳадис эса доим ҳам ҳужжат бўлавермайди. Энди савол пайдо бўлади: “Фалон ҳадис суннат ва фалон ҳадис суннат эмас”, деб ким ҳукм чиқариб беради? Жавоб шуки, бу ҳукмни мужтаҳидлар чиқарадилар, лекин ўзаро ихтилоф қилишлари мумкин. Масалан, барча фуқаҳолар ўтда пишган нарсани ейиш билан таҳорат синмайди, деб иттифоқ қилишган. Ҳолбуки: “Ўтда пишган нарса(ни ейиш) туфайли таҳорат олингиз”, деган ҳадис бор (Имом Муслим ривояти).
Яна фуқаҳолар иттифоқ қилишганки, эр-хотин қўшилиши биланоқ ғусл вожиб бўлади, маний тушадими-йўқми – фарқи йўқ. Ҳолбуки, “Сунани Термизий”да Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Сув (маний) боис сув (ғусл) лозим бўлур” ҳадиси бор. Бу Исломнинг аввалидаги рухсат бўлиб, кейинроқ бекор қилинди (яъни, жинсий яқинликда маний тўкилмаса ҳам, ғусл вожиб бўлди).
Намозда “рафъул ядайн”, яъни рукуга бориш ва қайтишда икки қўлни кўтариш ё кўтармаслик ҳақида ҳам ҳадислар бор. Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф раҳимаҳумаллоҳ: “Рафъул ядайн ҳадислари мансух бўлган, уни қилмаслик суннат”, дейди. Имом Муҳаммад эса аксини айтади. “Омин”ни жаҳрий айтишга оид ҳадисларда ҳам худди шундай ихтилоф бўлган. Икки катта имом: “Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Воил розийаллоҳу анҳуга таълим учун жаҳрий айтган эдилар. Шунинг учун бу суннат эмас”, дейишса, кейинги икки имом эса: “Жаҳрий айтиш суннат”, дейишган.
Бундай ихтилофли суратларда тақлид, яъни имом (мазҳаббоши)га эргашиш лозим бўлади.
Мужтаҳид имомга эргашмай илож йўқ
Мужтаҳид имомларга тақлид қилиш, асосан, уч қисм масалаларда бўлади. Шариатнинг қолган масалаларини тўғри татбиқ этиш ҳам устозсиз, раҳнамосиз бўлмайди. Лекин ушбу уч қисм масалада эргашишдан бошқа чора йўқ. Фиқҳнинг тахминан йигирма фоизини ташкил қилган ўша уч қисм масалалар ушбулардир:
1. Баъзида насс (оят, ҳадис)ни фаҳмлашда, унинг қандай маънони ифодалашида ихтилоф бўлиб қолади. Бир имом ундай деса, иккинчи имом бундай дейди. Луғат жиҳатидан бу икки маъно ҳам дуруст бўлиши мумкин. Демак, бунда тақлиддан – мазҳаб имомига эргашишдан бошқа чора қолмайди.
2. Гоҳо носих билан мансухни тайин қилишда, яъни қайси ривоят аввал ва қайси кейин келгани ҳақида ихтилоф бўлади. Бунда ҳам мазҳаббошига эргашилади.
3. Гоҳида масала истинботий бўлади, яъни насс асосида масала чиқариш керак бўлади ва бунда ҳам ихтилоф юзага келса, мазҳаббошига эргашилади.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Суннат ва ҳадис” китобидан

"Ислом нури" газетасидан

946 марта ўқилди

Мақолалар

Top