Мақолалар

Ўғли борлар ҳам шундай мақомга умид қилса бўладими

CАВОЛ: Мени 4 нафар фарзандим бор, ҳаммаси ўғил, қизим йуқ. Биламизки қиз фарзанд дўзахдан парда бўлади. Қизи борлар жаннатга тушади, дейилади. Қизи йўқ ўғли борлар ҳам шундай мақомга умид қилса бўладими ёки фақат қизи борларга айтилганми, бу гаплар?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Жаннатга киришга имон-эътиқод ва солиҳ амаллар, энг асосийси Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати сабаб бўлади. Қизларни дин-диёнатли, билим-маърифатли ва одобли қилиб тарбиялаш ҳам солиҳ амаллардан бўлиб, ҳадиси шарифда келгани каби жаннатга кириш воситаларидан биридир.
Лекин қизи борлар албатта жаннатга кираркан, деб хотиржам бўлиб қолмаслик керак. Ҳадиси шарифда келган башорат қизлар ва опа-сингилларнинг қадрини кўтариш, уларга алоҳида эътибор қаратиш ва эл орасида қиз туғилса, хафа бўлиш ҳолатларини бартараф этиш маъноларида келган. Фарзанд қизми ўғилми улар Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматларидир. Бизнинг бурчимиз уларга тўғри тарбия бериш, дин-диёнатли, илм-маърифатли ва салоҳиятли қилиб ўстиришдир. Мана шу вазифани чиройли бажарган мўмин-мусулмонларнинг охиратда катта ажрлар олиши умид қилинади. Қиз болалар тарбиясига зиёда савоблар ваъда қилиниши — Аллоҳ таолонинг фазли марҳаматидир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

1065 марта ўқилди

Мақолалар

Top