Мақолалар

Зиқналик ва хасислик - 44 қисм

Ўткинч дунёга муҳаббат қўйиш натижасида инсон нафси оғир дард – бахиллик ва зиқналик билан касалланади.

Муолажа услуби

Бу касалликдан халос бўлиш учун одам дунё ҳаёти қисқа ва ўткинчи эканини унутмаслиги лозим. Бу дунёда ҳеч ким абадий қолмайди. Ҳисоб-китоб куни – Қиёматда эса инсон ҳар бир ҳалол иши ҳақида сўралади ва ҳаром йўл билан қўлга киритган нарсаси учун азобли жазога дучор бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Дунё муҳаббати барча ёмонликларнинг бошидир", деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Имом Баззор Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: Тўрт нарса бадбахтликдандир: кўзнинг қуруқлиги, қалбнинг қаттиқлиги, орзу-ҳаваснинг узунлиги ва дунёга ҳирс қўйиш, дейилган.

Аллоҳ таоло бандаларига бу дунё ҳаёти вақтинчалик эканини, Қиёмат куни савол-жавоб бўлишининг хабарини бериб бундай марҳамат қилади: "Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз сизларга тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир" (Оли Имрон сураси, 185-оят).

Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, беҳудалик, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир. (У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур. Охиратда эса (қай бирларингиз учун) қаттиқ азоб (қай бирларингиз учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти фақат алдов матоҳидир" (Ҳадид сураси, 20-оят).

Шундай экан, эй инсон, бу дунёда зиқна ва бахиллик қилма! Хулқингни сахийлик билан беза ва бойлик тўплашга ошиқма!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг яқин ҳамроҳлари Билолга нақадар ибратли кўрсатма бериб: “Эй Билол, инфоқ қил! Арш Эгасининг камайтиришидан қўрқма!” деган эдилар (Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Аллоҳ азза ва жалла: “Эй Одам боласи, инфоқ қил, шунда Мен ҳам сенга инфоқ қиламан”, деб айтади» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта қасам ичиб: “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, садақа билан мол камаймайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: “Садақа балони даф қилади ва умрни узайтиради”, деганлар.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир" (Сабаъ сураси, 39-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки тоғ ораси тўлган қўйларни сўради. Бас, унга ўшаларни бердилар. У ўз қавми ҳузурига бориб: “Эй қавмим, мусулмон бўлинглар! Аллоҳга қасамки, Муҳаммад кўп ато берар экан. Фақирликдан қўрқмас экан”, деди».

Машҳур Ислом олими Абдулкарим Қушайрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир киши дўстининг ёнига қарзини узиши учун 400 дирҳам қарз сўраб келди. Дўсти унга дарҳол айтилган миқдордаги пулни бериб жўнатгач, уйига қайтиб кирди-да, йиғлаб юборди. Хотини унга: “Бунчалар қийналар экансиз, нега бердингиз, бирор баҳона топмадингизми?” деди. Шунда у киши: “Пул берганимга эмас, балки ундан хабар олмай қўйганимга, ҳатто муҳтожликдан қарз сўраб келгунигача ҳолидан ғафлатда қолганимга азобланиб йиғлаяпман”, деб жавоб берди. Ушбу мавзуни Бишр Хофий раҳимаҳуллоҳнинг: “Зиқна одамнинг юзига қарасанг, қалбинг қотиб қолади” деган ҳикматли сўзлари билан якунлаймиз.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

820 марта ўқилди

Мақолалар

Top