Ибратли ҳикоялар

Даҳшатли умр кечирган қиз муслима бўлди

Уни масжидда учратдим. Ғамгин ва нурсиз кўзлар. Титроқ лаблар. Танаси худди сояга ўхшайди. Ҳадеб ўзини қўлга олмоқчи бўлади, лабларини қаттиқ тишлайди, кўзёшларини тиймоқчи бўлади. Шу ҳолида у менинг кўзимга қуриётган япроққа ўхшаб кўринди.  

– Ёрдам беринг... Зулматдан чиқиб олишимга ёрдам беринг... Ортиқ чидай олмайман... Менинг кучим қолмади... Курашишга бошқа куч топа олмаяпман, келажакдан умидимни ҳам уздим...  Мен фақат менинг хатоларимни бошқа бирор киши қайтармаслигини истайман... Хато устига хато…ё Парвардигор!

Гўзаллик – даҳшатли қурол, у шуниси билан хатарлики, ҳеч керак бўлмаган пайтда портлайди – инсон ёшлигида гўзал бўлади, аммо кўп нарсадан хабари бўлмайди. унинг кўзига дунё беҳад гўзал кўринади, аммо соддалигига бориб биргина хато қилиб қўйса, кулгулари қонли кўз ёшига айланади, ҳаёти барбод бўлиш чегарасига келиб қолади... 

Суҳбатдошим гапида давом этди: “12 ёшимда мен фақат синфда эмас, мактаб бўйича энг чиройли қиз эдим... Шу боисдан атрофимда гиргиттон бўладиганлар жуда эрта пайдо бўлди. Мени ўз тенгдошларим қизиқтирмас эди. Юқори синфлардаги куёвболалар билан суҳбатлашишни ёқтирардим. Дастлабки кезларда озгина эътибор, мулойим муомала, ғамхўрлик, совғалар, гуллар... кифоя эди. Уларни кўриб мен ўзимни гўзаллик маликасидек ҳис қилар эдим. Кейин эса бошни айлантирадиган учрашувларнинг аччиқ меваларини ҳам татиб кўра бошладим. Айтадилар-ку, қаерда кириш бўлса, ўша ерда чиқиш ҳам бўлади, деб. Ўн беш ёшга тўлгунимча бир неча бор абортларни бошдан кечиришга улгурдим… Киприк қоқишга улгурмасимдан навбатдаги ҳомиладан қутулиш учун гинекология бўлимида турган бўлар эдим. Ҳатто абортларнинг сони нечта бўлганини ҳам эслай олмайман...  18 ёшимда шуларнинг барчасини маст бўлсам унутарман деб ароқ ича бошладим ва укол олишни ҳам канда қилмадим, аммо бўлмади... Даҳшатли тушлар, абортда майдалаб ташланган болалар мени ақлдан оздираёзди...  Гиёҳвандликка ўрганганимдан сўнг бу дардларим иккинчи ўринга ўтиб қолди, энди янада даҳшатли кўргуликларим бошланди: навбатдаги дозани қандай топаман... Кунлар жуда тез ўтиб борар, баъзида фақат заҳри қотил топилгунча вақт тўхтаб қолгандек бўлар эди… Энг қўрқинчлиси бир ой бурун юз берди… Маст ҳолимда рулга ўтирдим, машинам билан бир механизмга айланиб кетишни истар эдим. Жуда катта тезликда деярли пастлаб учиб бораётган эдим… Кўзимда ёш, қалбимда олов, юрагим куяди, азоб, бўм-бўшлик...  Ўтмишимни абадий ортимда қолдириб кетмоқчи эдим... Мен раҳмдиллик, самимийлик ҳукмдорлик қиладиган, поклик қадрланадиган, атрофингни гуллар ўраб олган, ҳамма жой оппоқ, чароғон, қалблар пок, инсоннинг амаллари, ҳайратлари самимий бўлган ёруғ келажакка чиқиб олишни истар эдим… Қўққисдан… Билмадим, қандай бўлди бу, қаердандир, ердан чиқдими, осмондан тушдими, йўл устида уч-тўрт ёшдаги бола пайдо бўлиб қолди… Дафъатан ҳаммаси кўз ўнгимда содир бўлди, ҳаммаси айланиб кетди, Гўёки дунёга келмасдан нобуд бўлган болаларим атрофимни ўраб олиб худди мана шу кўзлардек, ёшга тўлган кўзлар билан тикилиб туриб “тўхтанг... тўхтанг, онажон... бошқа ўлимнинг кераги йўқ...” деб шивирлаётгандек бўлди. Мен қалтирай бошладим, қўл-оёғим мавжудлигини сезмай қолдим.  Машинани қандай тормозлаганимни, машина қайси тарафга қараб оғиб кетганини, қандай қилиб ён ойнадан отилиб чиқиб кетганимни ва ўша қизчанинг оёғининг остига йиқилганимни эслай олмайман...  Кўзлари... Унинг кўзларини эслаб қолдим... Оч-кўк, шу қадар соф ва покиза кўзлар… Бир неча дақиқа олдин яксон қилиб ўтиб кетишимга салгина қолган қизгинанинг гаплари хотирамдан ўлгунимча ўчмаса керак. “...хола... холажон... ҳеч жойингиз лат емадими? Қаерингиз оғрияпти?..” Кейин ўша покиза кўзлар ғойиб бўлди... Зулмат... Зимистон... Қаҳратон... Жуда қаттиқ совуқ қотдим... Аммо ҳеч нарсани кўрмаётган, бошқа ҳеч нарсани ҳис қилмаётган эдим. Хаёлимга шундай ўй келди: “Бўлди... ҳаммаси тугади... ўлим ана шундай қилиб келса керак...”  Тўсатдан зулмат ортидан чақмоқ чаққандек қоронғулик бағридан ОВОЗ тарқалди... Даҳшатли, қўрқинчли ОВОЗ... “Имонсизларга раҳми келган диндорлар азоб-уқубатни енгиллатишни сўради, Ҳеч ким Аллоҳ таоло тайин қилган жазони тўхтата олмайди, Чунки у оламларнинг Раббисидир...” Ҳушимга келиб кўзимни очганимда оппоқ шифтни, оппоқ деворларни, оппоқ чойшабларни ва деразадан тушиб турган чароғон қуёш нурини кўрдим...  Мен шифохонада ётган эдим... Бўғзимга бир нарса тиқилиб, кўз ёшларим юзимни юва  бошлади... Ниҳоят мен носоғлом ҳаёт кечирганимга, жоҳилликда яшаганимга қалбан иқрор бўлганимни англаб етдим. Дунёда энг ёмон нарса жоҳиллик, гуноҳлар зулматида ҳаёт кечирмоқ ва ёвузликдир... Мен ўзгаришни истайман... Мен ислом динига кириб Буюк Яратувчидан Унинг ўзи яратган шариат йўлидан оғишмасдан яшашимга яна бир бор имкон беришини сўрамоқчиман. Ёрдам беринг... Менинг зулматдан чиқиб олишимга ёрдам беринг...”

Унинг кўз ёшлари жала бўлди... Уввос солиб, наъра тортди...

Аёнки, инсон тўғри жавобни жуда кам ҳолда биринчи ҳаракатидаёқ  топади, чунки тўғри жавоб – танланган, донишманд кишиларга хос бўлиб билиш жараёни ҳар доим синовлар ва хатолар билан кечади. Ёдда тутайлик: бу дунёда омонатмиз, вақти етиб ҳамма йиққан-терганларимизни қолдириб кетамиз. Лекин ана шу олиб кета олмаган нарсаларимизнинг, ўтказган кунларимизнинг, қилган яхши-ёмон ишларимизнинг бирма-бир ҳисобини берамиз. Фақат Аллоҳнинг ҳузурига эзгу амалларимизни олиб борамиз. Шундай экан, ҳаракатларимизни самимий ихлос ила Ҳақ йўлида қилайлик, ўзингизни эҳтиёт қилинг! Барчамизни Аллоҳ таоло Ўз паноҳида асрасин!

Гулноз СОБИТОВА

Русчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.



 

7145 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « АРМОН “Нега буниси тўққиз юз етмиш?” »

Мақолалар

Top