Мақолалар

Вақтни ортга қайтарса бўлади!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ким вазифасини бажара олмай қолса...

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким вазифасидан ёки унинг баъзисидан ухлаб қолса-ю, уни бомдод билан пешин орасида ўқиб олса, унга худди кечаси ўқигандек ёзилади”, дедилар.

Кимки ҳар куни ёки кечаси ўқишни вазифа қилиб олган намоз, Қуръон тиловати ёки зикрини бирор сабабга кўра бажара олмай ухлаб қолса ё баъзи қисмини адо этмаган бўлса, бомдод ва пешин намозлари орасида ўқиб олса, худди вақтида ўқигандек савобга эга бўлади. Гўё вақт ортга қайтгандек.

Қалбинг ўлик экан

Бундай вазифалар – “вирд” дейилади. Вирд банданинг тарк қилмай доимо бажариб юрадиган зикр, салавот, тиловат каби кундалик вазифасидир.

Уламолар айтадилар: "Агар Қуръондан, илмдан, зикрлардан ҳар кунги вирдинг бўлмаса, у ҳолда қалбингга тўрт такбир ила жаноза ўқиб қўявер. Чунки сенинг қалбинг ўлик экан".


Умар розияллоҳу анҳунинг вирди

Ўтган солиҳлар нафақат фарз балки нафл вазифаларининг ҳам қазосини адо этишарди. Уларни қолдириб юборишдан хавфда бўлиб, ҳаттоки каффоротига қул озод қилардилар, садақа берадилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам вирдлари бир кун кам бўлиб қолса, иккинчи куни қазосини адо этардилар.

 
Қуръондан 10 пора ўқирди

Имом Таҳовий Муҳаммад ибн Ҳасандан ривоят қиладилар: "Имом Муҳаммаднинг Қуръондан бир кеча-кундуздаги вирди (вазифаси) ўн пора эди".


Қаердасиз?

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Қуръони каримдан тиловат қилишни, истиғфор, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни ўзларига вирд қилиб олганлар қаерда қолишди?! Эртаю кечда вирдларни вазифа тутиб олган кишилар қаерда қолишди?

 

Вирд (дуо, зикрлар) билан машғул бўлиш учун ўқиладиган дуо:

“Робби ишроҳ лий содрий ва йассир лий амрий ваҳлул ъуқдатан мин лисааний йафқоҳу қовлий. Саддид лисааний ваҳди қолбий биҳаққи саййидина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам”.

Маъноси: “Роббим, қалбимни кенг қил. Ишимни осон қил. Тилимдаги тугунни ечгин. Сўзимни англасинлар. Тилимни мустаҳкам қил ва саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаққи қалбимни ҳидоят қилгин”.


 Вирддан узоқлаштиради

"Бугун ишларим кўпайиб кетди, чарчаб қолдим, эртадан, кейинги ойдан, шу ҳафтанинг бошидан қолдирмасдан бошлайман", деб кундалик вазифа (вирд)ларингизни ортга сураверишингиз вирдлардан узоқлашиб бораётганингизга далолат қилади.

 
Оз бўлсада, бардавом бўлсин

Вирдларни озгинадан бўлса ҳам, давомли равишда бажаришга ҳаракат қилинг. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан "Қайси амал Аллоҳ учун энг маҳбуб?" деб сўрашганда, у зот алайҳиссалом: "Оз бўлса ҳам, давомлиси", дедилар.

 
Масалан...

Ҳар кун учун алоҳида бир зикрни айтишни ўзингизга вазифа қилиб олинг. Масалан, бир кун фақат эртаю кеч “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”ни, эртасига “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни, бошқа куни салавот айтинг. Кун давомида бекорчи-гап сўзларнинг ўрнига ўша зикрни кўп қилишга одатланинг, ададини ҳам аста-секин ошириб боринг. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолони ҳар он, ҳар дам, ҳар лаҳзада зикр қилар эдилар” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, энг афзал зикр – Қуръондан ҳам вазифалар белгилаб олинг. Масалан, энг камида бомдод намозидан кейин "Ёсин", пешинда "Фатҳ", асрда "Набаь", шомдан сўнг "Воқеа", хуфтонда "Мулк" сурасини ўқишга одатланинг.

Дуо

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг зокир ва қалби зикр ила ором топувчи бандаларидан қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

1042 марта ўқилди

Мақолалар

Top