Мақолалар

Омонат жон хиёнати

Аллоҳ инсонни яратган экан, унга тўғри йўлни кўрсатиш мақсадида Пайғамбарлар, илоҳий китоблар ва бир қанча саҳифаларни нозил қилиб, уларнинг руҳий ва жисмоний эҳтиёжларини қондирувчи кўрсатмаларни баён қилган.

Аллоҳ таоло бандаларига жуда кўп неъматлар ато этган бўлиб, уларнинг ичида энг улуғи имон неъматидир. Инсонни барча яратган махлуқотлари ичида мукаррами ва афзал суратда яратганлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қилиб бундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат (биз) Одам фарзандини (азиз ва) мукаррам қилдик....(Исро сураси, 70-оят).

Инсон тирик экан унинг бошига каттаю кичик синовлар тушиши табиий. Афсуски, бу синовлар Аллоҳдан эканига ишониб, сабр тоқатли бўлмасдан, муаммонинг ечимини ўз жонига қасд қилиш деган қарорга келаётганлар ҳам учрамоқда. Энг ачинарлиси кўпроқ ёшлар, айниқса, аёллар ўртасида учраётганлиги барчамизни бирдай ташвишга солмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида ўз-жонига қасд қилишнинг охиратдаги азоби тўғрисида Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). Минг афсуски бу каби азобга қолишдан қурқмай, сабр тоқатсизлиги сабабидан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Инсонни ўлимга олиб борадиган ҳар қандай иллатга боғланиб қолиш ва унинг оқибатида ҳалок бўлиш ўз жонига қасд қилиш билан тенглаштирилган ва гуноҳда баробар экани тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларда бундай дейилади: “Сизлардан аввалги умматлар орасида бир одамни баданига тошма тошган эди. Тошма унга озор беравергач камон ўқини қинидан олиб, ярани тирнай бошлади. Ундан чиққан қон тўхтамай оқиши оқибатида у киши вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам шошиб ўзини ўлдирди. Шунинг учун жаннатимни унга ҳаром қилдим”, деди”.

Демак, инсон ҳеч қачон Аллоҳнинг рахматидан ноумид бўлмаслиги, бошига мушкул иш тушганда нотўғри қарор қабул қилмаслиги ва Аллоҳ берган умрни чиройли ўтказишга ҳаракатда бўлиши керак экан.

Фарзандларимизга тарбия ва таълим бераётганда мураббийлик вазифасини самимий ва сидқидилдан бажармоғимиз лозим. Чунки сўз қанчалар самимий, юракдан бўлса шунчалик таъсирчан бўлади. Бир устознинг шундай сўзлари ёдимга келди: “Агар сўз қалбдан чиқса, албатта қалбга жойлашади, у бошқа жойда қарор топа олмайди”.

Фарзанду шогирдларимизга таълим тарбия бериш чоғида уларда шукроналик ҳиссини ўйғота олишимиз ва келажакда Юртимизни бунданда обод ва фаровон бўлишида ўз ҳиссасини қўшишига туртки бўла олишимиз даркор.

Исомиддин МУҲИДДИНОВ

Янгийўл тумани “Олтинобод” жоме масжиди имом-хатиби                                            

5684 марта ўқилди

Мақолалар

Top