Мақолалар

Уч дарднинг бир сабаби

Пойтахтнинг чеккароқ маҳалласидаги шинамгина ҳовли. Ҳовли олдига узун скамейкалар қўйилган. Эндигина тонг ёришганига қарамай, тумонат одам йиғилган. Скамейкалардан жой тегмаганлар чекка-чеккада чўккалаб ўтирибди.      Шу вақт уйнинг деразасидан табиб аёл ўтирганларга назар солади ва бир нимадан чўчигандек ўзини дарров четга олади. Кейин яна мўралайди. Бу сафар ўтирганларни узоқ вақт диққат билан кузатади. Сўнг орқасига ўгирилиб:                       

– Нозима! – деб чақиради.                                                                                                      

– Лаббай,– дея кўҳликкина жувон пайдо бўлади.                                                             

– Бу ёққа кел, қара! Анови қорамағиз йигитнинг ёнидаги беморнинг қўлларига диққат қил! Кўрдингми, жонсиз, осилиб турибди. Энди дўппили киши ёнида турган одамга қара! Унинг васвасга чалингани кўзининг бежолигидан аён. Анови кампирнинг етовидаги бемор эса кўр. Ҳозироқ қабулни бошлаймиз, навбатига қараб ўтирмасдан уларни ичкарига бошлаб келиб юзма-юз ўтқаз.                  

– Хўп,– дея Нозима кетади.

Қабул бошланади. Нозима учала беморни ҳамроҳлари билан ичкарига бошлайди, ҳаммасини айтилгандек жойлаштиради.                                                              

Парда ортида ўтирган чиқиб табиб аёл уларга қарата:                                                  

– Сизни бир вақтда қабул қилганимга ажабланманг, менимча, учалангизнинг дардингиз бошқа-бошқа бўлгани билан сабаби битта: сиз  бир гуноҳ қилиб, энди шунинг азобини тортаётганга ўхшайсиз. Шундай эмасми?!                

Беморлар жим. Уларни етаклаб келган кишилар ҳайрон бўлиб бир табибга, бир беморларга қарайди.                                                                                                    

Табиб улардан садо чиқишини бир нафас кутиб туради-да:                                         

– Бу аҳволда сизга ёрдам бера олмайман, начора. Худо ёр бўлсин! – деб ўрнидан қўзғалди.                                                                                                                          

Энг сўнгги илинжидан жудо бўлаётганини сезган беморлар тараддудланиб қолади. Кейин:                                                                                                                                      

– Тўхтанг!.. – дейди бир овоздан.                                                                              

Табиб айнан шуни кутиб тургандек, тўхтайди-да Сардорга юзланиб:                        

– Қани, мулла йигит, сиз бошланг-чи, нима бўлган эди ўзи? – дея қайтиб ўрнига ўтиради.                                                                                                                              

Сардор минг азобда иқрорини қуйидагича баён этади:

– Онамиз вафот этганига яқинда беш йил тўлади. Ҳар доим акам ҳақида “Муроджонни ўзи ёқтирган қизга уйлантирамиз, келинни Муроджон ўқишдан ўзи топиб келади”, дея ният қиларди. Ўша кезларда акам Тошкентда ўқир эди. Онажонимизнинг ўша гапларидан руҳланганми, тақдир тақозосими. Хуллас, акам ўқишни битиргандан сўнг намозишом маҳал уйга бир қизгинани етаклаб келди. Хира чироқ ёғдусида ота ва икки фарзанд тумшайишиб ўтирдик. Келин бўлмиш ҳозирданоқ барча юмушларни гарданига олиб ошхонада куймаланиб юрибди.

Отам ёнида ерга қараб турган акамга зарда қилиб:                                                         

– Сени шаҳарга ўқишга юборувдик, бизга келин топиб келибсан, тағин тағин детдомнинг қизи эмиш, бир хотин бўлса қишлоқдан ҳам топиб берардик, Муродбой.

 У қўлидаги пиёлани тақ этказиб қўйиб бирдан сизлашга ўтди:

– Бунинг отаси бўлмаса, онаси бўлмаса: на наслининг, на насабининг тайини бор – инкубаторда ўсган бир қиз экан. Қош-кўзига учибсизда-а. Тағин тўғри уйга етаклаб келаверибсиз. Кўча-куйда учраганларга нима дедингиз? Биз нима деймиз. Шумиди сиздан кутганимиз?..                                                                                                  

Отам қишлоқнинг кариллаб юрган кайвониларидан бири бўлгани боис университетни битириб келган акамни ўзидек бир одамнинг қизига катта тўй бериб, дабдаба билан уйлантириб қўймоқчи эди. Акам бўлса, на туғишганлари ва ҳатто яшайдиган жойи ҳам йўқ бир ожизани олиб келиб ўтирибди. Отам шуни сира ҳазм қила олмаётган эди.                                                                                                    

– Отажон, интернатда  ўсса нима бўлибди. Наслини билмасам ҳам мен унга ишонаман, у ҳеч қачон юзимни ерга қаратмайди.                                                        

Отам унга қаҳр билан қаради, бир зум тикилиб турди-да  кейин кутилмаганда:                   – Хўп, бу гапингизга ишондик дейлик. Лекин танимаган-билмаган бу қизгинага ишонганимиз йўқ. Шундай бўлса ҳам онангизнинг ўрни билинмсин, кўнглингиз ўксимасин, деймиз. Тўйни бошлаймиз, майли. Аммо қаёққа совчи бўлиб борамиз, тўйга қудалар қаердан келади? Бизнинг ҳам орзу-ҳавасимиз бор, бош фарзандимизсиз ахир.                                                                                                       

– Ота, келин уйга келиб бўлди-ку, совчи нима керак! битта хўроз сўяйликда, домлани чақирайлик никоҳни ўқийди, кетади, – гапга қўшилдим мен.

 – Бекорларни айтибсан, тез ўрнингдан тур-да, бориб тоғаларингни, амакиларингни, қўни-қўшниларни чақириб кел, тўйнинг маслаҳатини қиламиз, ҳа-а, келин ошхонада аёлларга қарашиб турсин.                                                                    

Бир сўзлик, дангаллик, ўжарлик бўйича жаҳон чемпионлигига даъвогар отамнинг авзойи нега бирдан ўзгариб, қўққисдан акамга ён берганига кўп вақт тушуна олмай юрдим. Қўлларим шол бўлиб уйда ўтириб қолганимда ҳам шу ҳақда ўйлардим ва яқиндагина фаҳмим етди. Акам ўтирган жойда, тепада онам раҳматлининг сурати осиғлик турибди. Отам ўша суратга кўзи тушиб кетгани боис шундай қилган экан.                                                                                 ***

Тўй оқшоми. Қишлоқдан тумонат одам йиғилган. Келин тарафдан шаҳардаги болалар уйи ходимлари, қизнинг бирга тарбия топган  дугоналари, тарбияланувчилар меҳмон бўлиб келган. Келин миллий кийимда, юзига чачвон тутиб олган. Куёв либоси ҳам шунга монанд – эгнида тўн, бошида салла. Ўртада “бошловчи” деб аталмиш бир маҳмадана гапининг қаёққа кетаётганини билмай бетиним бидирлайди. Гоҳ унга сўз беради, гоҳ бунга, кейин “санъаткор”ларга гал бериб ҳаммани рақсга таклиф қилиб қолади. “Санъаткор”лар   уч-тўртта қўшиқнамо нарсани дискда айлантираверади. Катта-кичик ўртага чиқиб ер тепиб кетади, чанг-тўзон кўтарилиб, ит эгасини танимай қолади.                                                                                                              ***

Чошгоҳ. Чароғон кун. Келин-куёв ҳовли этагидаги жўхоризорда гаплашиб турибди. Мен сабзи экишга ер тахлаяпман. Қулоғимни динг қилиб уларнинг гапига қулоқ тутаман. Акам янгамга:

– Бу грантга шунчаки қизиқиб қатнашувдим, ютишдан умидим йўқ эди. Омадим чопибди, Германияда малака ошириб келар эканман, – деди.

– Ҳа албатта. Сиз ўқишинггиз, иш ўрганишинггиз керак, – янгамнинг кўзида ёш қалқиди.          

– Нега йиғлайсан? – акам жилмайиб янгамнинг қўлидан тутди.

– Вой, – янгам ғамза билан нарироқда тахта арралаётган отам томон ишора қилди.                                                                                                                                        

– Икки йил кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Ахир давлатимиз бизни ўқисин, илм олсин, деб ҳамма шароитни муҳайё қилиб қўйибди, бўлмаса, мендек бир деҳқон боласига Европаларга бориб ўқишга йўл бўлсин эди, тўғрими?  Шу баҳонада уч-тўрт сўм пул орттирсак, Сардорни уйлантирамиз, кейин ўзимиз биратўла шаҳарга кўчиб кетамиз, – деди акам қўлларини тортаётиб.                                              

– Кўнглинггизга келмаса, мен сиз келгунча шаҳарда, Ферузаникида яшаб турсам дегандим, – деди янгам.                                                                                                         

– Отам ҳам келинни бирор жойга юбориб турсакмикан деган эди. Кейин одамлар: “Бу келин эри келса, келар экан – кетса кетар экан, келин деган қайнотасининг иссиқ-совуғидан хабар олиб ўтирмайдими”, демасин, деб аммамнинг қизчасини олиб келишга қарор қилдик.                                                                        

– Дилдораними? Биз дугона бўлиб оламиз дарров – чеҳраси ёришиб кетди янгамнинг.                                                                                                                                                                                                         ***

Аэропорт. Отам, янгам, мен, Дилдора куёвни кузатишга чиққанмиз. Акам мени четга тортиб:   

– Отам билан янганг сенга омонат. Уларни хафа қилмагин, хўпми? – деди.            

– Хўп. Сиз хавотир олманг, уларни сира ранжитмайман, ака! – дея ваъдани қуюқ қилдим.                                                                                                                                                                                                      ***

Янгам копток отиб беш яшар Дилдорани ўйнатиб ўтирибди. Унинг либосидан таралаётган майин ҳид, Дилдоранинг қувноқ қийқириқлари ҳовлига ажиб бир файз бағишлаган. Мен мошин тагида ётиб бир болтни куч билан бураяпман-у, кўзим улар томонда. Шу вақт копток мошина тагига кириб кетди. Янгам энгашиб коптокни олаётганда унинг ифори димоғимга урилиб, ҳушимдан кетиб қолаёздим. Мошин тагидан чиқиб мен ҳам уларнинг ўйинига қўшилдим.                                                                                                                ***

Ҳар кунгидек, катта чорраҳада мижоз пойлаб мошинда ўтирибман. “Эй Худо, менга нима бўлаяпти ўзи, ахир у акамнинг жуфти ҳалоли-ку. У менга омонат. Акамнинг қайтишига ҳали анча бор... Нега бунча уйга қайтгим келяпти? Нега бирорта мижоз учраб узоқ-узоқларга олиб бориб қўй демаяпти? Шу билан бир оз чалғиб кетармидим. Ҳадеб уйга бораверсам, куни бўйи кўчадан  бери келмайдиган одам нега уйга чопқилаб қолди демайдими, кўрганлар. Отам маъракадан қайтдимикин? Янгам ҳозир нима қилаётган экан? Дилдорани ҳам опам олиб чиқиб кетган эди. Эй Худо! Мени бунча азобга ташладинг, юракларим куйиб кетаяпти. Ё тавба, кўча тўла қиз-ку. Нега улар кўзимга кўринмай қолди. Ўзинг шарманда қилмагин, илоҳим!” дейман ўзимга ўзим. Охири тоқатим етмай уйга қайтдим.

Кун ботмасданоқ уйга кириб келдим. Дарвозани янгам очганидан отам ҳали қайтмаганини фаҳмладим:                                                                                                                                                            – Куйиб кетаяпман, янгажон, куйиб кетаяпман, – дея супага тўшалган кўрпачага ётиб олдим.                                                                                                                                    Шошиб  қолган янгам бечора:                                                                                                           – Вой нега куясиз, оғажон, иссиғингиз чиқдими, – деб бошимни ушлаб кўрди.                 – Бошим эмас, юрагим куйди, юрагим, мана қаранг! – дея унинг қўлини тортиб юрагимнинг устига олиб келдим.                                                                                                Янгам сесканиб қўлини тортиб олди.                                                                                                – Юрагингиз нега куйди?                                                                                                           – Юрак нега куяди, билмайсизми?  Севиб қолдим, севиб.                                             – Уҳ, зўр-ку! Қани ким экан, у менинг қайноғажонимнинг юрагини ёққан офатижон? – дея шодон кулди янгам.                                                                                                        

– Сиз – у.                                                                                                                                       – Вой ҳазилингиз қурсин, шунақа ҳам ҳазиллашадими, одам, тавба қилдим – деб кўксига туфлади янгам.

– Шўри қисса шу экан-да, янгажон? Ахир, одам ўзининг янгасини севиб қоладими?..           

– Вой, шўрим! – янгам икки қўли билан юзини тўсиб ўзини ортга ташлади. Бу гапни қайтиб оғзингизга олманг, сиз менинг укамсиз, ахир. Худодан қўрқинг!

– Шу ишга қанча вақтдан бери ҳаракат қилаётганимни кошкийди, билсангиз, янгажон, – ўрнимдан сакраб туриб гапимда давом этдим, – сиз шу ҳовлига келганингиздан бери ўзим билан ўзим курашаман: ақлим “у акангнинг хасми – уят, номус”, дейди; кўнглим эса “янганинг бир ёни уканики”, дейди. Қийналиб кетдим. Мени тушунинг, ахир, вужудимда қоним гупуриб бораётир!                                                                                                                             – Оҳ, шарманда! Бу кўргулик қайдан келди?  Отаси йўқ, онаси йўқ, ака-укаси йўқ – бир таянчи йўқ етимча эдим. Энди кун кўрадиган бўлдим, бахтимни топдим деганимда сиз бу гапларингиз билан дилимни вайрон, эртамни туманли қилдингиз. Мени ўйламасангиз ҳам акангизнинг номусини ўйланг, оғажон!      – дея янгам кўз ёшларини яшириш учун юзини бошидаги рўмолининг учини қайириб тўсиб олди.       

Гапни бошлаб қўйдим, энди нима бўлса бўлди деб ўйладим.

 – Бу уйда ё сиз турасиз, ё мен мен тураман. Яна иккаламиз қолаверсак, мен ё сизни ё ўзимни бир бало қилиб қўяман, – деб унинг қўлларидан маҳкам тутдим.  

– Мен кетаман, оғажон, мен кетаман, фақат эрталабгача сабр қилинг, хўпми! – дея қўлларини тортиб изиллади янгам.                                                            

Ногаҳон эшикдан кириб қолган отам бу аҳволда турганимизни кўриб хаёлидан минг хил гап ўтиб кетди. Унинг важоҳатидан буткул довдираб қолиб:                                   – Янгам, янгам...– дея ғулдираб қолдим.

Отам мени бир уриб учириб юбориб, янгамнинг устига бостириб борди:                                                                                                                          – Нима қилдинг, беномус? – дея биқинига тепиб юборди. Янгам кутилмаган зарбадан супадан учиб тушиб ҳушини йўқотди. Отам янгамни ётган жойидаги шолчага ураб ташлади-да, ишкомда осиғли турган арқонни олиб маҳкам боғлади. Кейин уни мошиннинг юкхонасига тиқиб: 

– Сени бўриларга ем қиламан, Сардор, ўтир рулга, тоққа ҳайда мошинани, бу ҳаромини тошбўрон қилиб ташлаб кетамиз, қашқирлар еб кетсин. – дея ҳайқирди. Жағимга тушган кучли зарбдан отамни сувнинг ичида кўраётгандек бўлиб кўзим жимирлаб тургани боис қўрқувнинг зўридан мошинани ҳовлидан учириб чиқдим. Тоққа етгунча отам сўкиниб борди. Мен эса оғиз жуфтлашга қўрқаман. Бир жарликнинг бўйига келиб, мошинни тўхтатдик. Отам шитоб билан ўтиб юкхонадан шолчага ўралган янгамни олиб отиб юборди. Кейин ердан тош олиб тошлай кетди. Ҳар тош отганда менга “От сен ҳам, жонинг ачияптими”, ҳароми деб дўқ қилади, мен ҳам қўрққанимдан шолчани кўзлаб тош отдим. Бир зумда шолчадан сизиб қон чиқа бошлади. Кейин отам менга “Буни энди жарга улоқтир”, деб бақирди. Жон ҳалпида келинни жарга юмалатиб юбордим.

– Бўлди, энди, уни эрталабгача қашқирлар ғажиб кетади, беномуснинг жазоси – шу, – деди отам.

Унинг ўша вақтдаги аҳволини таърифлаш қийин эди.                                                                               Мен эса миқ эта олмасдим, кўзим тўла жиққа ёш эди. Туни билан мижжа қоқмадим. Эртасига янгажонимнинг суяк-пуяги қолгандир, ҳеч бўлмаса, шуни кўмиб келайин, дея ҳеч кимга сездирмай жарликка бордим. Лекин у ердан ҳатто янгам ўралган шолчани ҳам топа олмадим. Кейин бу ҳақда чурқ этиб бировга оғиз очмадик. Янгамни сўраганларга “уйдан қочиб кетди” деб жавоб қилиб юравердик.                                                                        ***

Германиядан қайтган акамни уйда қариндош-уруғлар кутиб олдик. У мени бағрига қаттиқ босди, аммо сўрашгани қўл чўзди-ю, икки қўлимнинг шалвираб турганини кўриб сурат бўлиб қолди.

– Ҳа, қўлга нима бўлди, чивин тепдими? – дея ҳазиллашгандек бўлиб аҳволини сездириб қўймасликка уринди. Кейин эса ҳеч кимга билдирмай атрофни зимдан кузатди, янгамни қидирди. Меҳмонлар тарқагани заҳоти мендан:                                  

– Қўлингга нима бўлди? – деб сўради.                                                                                 

– Билмайман. Олдинига ҳаракатлари оғирлашгандек туюлди. Эътибор қилмай юравердим, кейин қўлларимни кўтараман десам кучим етмаётгандек бўлавердим. Дўхтирга боргандим, парафин яна бир-иккита дори ёзиб берди. Уларнинг фойдаси бўлмади, ишламай қолди.                                                                                 

– Нима деб ташхис қўйишди?                                                                                                

– Шуни қўя олишмаяпти-да: қўлим синмаган, чиқмаган, асаб толалари жойида, шамолламаган. Ҳаммаси яхши, лекин ишламайди.                                                   

– Тавба. Хафа бўлма, сени зўр дўхтирга кўрсатамиз, – деди-да суҳбатимизга жимгина қулоқ солиб, ўйга ботиб ўтирган отамга қараб:                                           

– Келинингиз... шундай қилиб бир кечада ғойиб бўлдими?                                          

– Қанақа келиним!.. Йўқ... бир кечада ғойиб бўлди. Ҳеч ким кўрмабди, қайси гўрга кетса-кетди. Сен ўша мегажинни сўрагунча укангга қара! Яккаю ёлғиз уканг! Кўрсатмаган дўхтиримиз, ўқитмаган домламиз, қолмади. Фолга ҳам бордик.        

– Хўш, нима деди ўша фолбинингиз?                                                                                             

– “Уйингизнинг ё ўнг томонида, ё чап томонида кулхона бор. Ўша кул тутган, момоларга атаб битта оқ қўчқор суйиб юборинг”, деди. Кеча шуни ўтказиб юбордик.                                                                                                                                    

– Отажон! Кул тутади деган гап оташпарастликдан қолган бир бидьат. Шунга ишониб юрибсизми? Ҳа, қишлоқ шароитида уйнинг қайсидир томонида кул бўлади-да, шуни ўйламадингизми? Сардорни Тошкентга олиб бориш керак.      

– Жумабозордаги дўхтирлар соппа-соғ қўлнинг нега ишламаётганига ҳайрон бўлиб, Тошкентдан катта дўхтирларни чақиришди. Улар ҳам бошини  сарак-сарак қилиб қайтиб кетди. Ҳа. Кавардондан Нормурод бобо Тошкентга бориб бир табибга кўриниб келибди. Оёғи оғрийди. Илгарироқ тиззасидан бир укол олувди. Шундан яхши бўлди, кейин яна оғриқ бошланибди. Яна ўша уколни олгани йўл олиб табибникига бораётганларнинг мошинига ўтириб қолибди. Уларга қўшилиб бу ҳам кўринибди. Табиб деганлари ёшгина келинчак эмиш, беморларни парда ортида ўтириб қабул қилармиш... Бир мақтайди, бир мақтайди... фақат ўликни тирилтирмаётган эмиш-да. – деди отам.                                                                      

Акам бу мақтовларга унчалик ишонмаган бўлса-да, отамнинг шаштини сўндирмаслик учун:                                                                                                                                    – Унда эртага мошиннинг мойини алмаштириб келаман, индинга йўлга тушганимиз бўлсин. Ихлос – халос дейдилар-ку, зора Сардорнинг қўли шундан шифо топса, – деди.                                                                                                     

Эртасига кун оғаётган вақт ишкомнинг тагида ўтириб олган акамнинг қўл телефонида гаплашаётганини эшитиб қолдим.                                                                

– Ассалому алайкум! Болалар уйими? Кечирасиз, сизлардан икки йил олдин чиқиб кетган Озода Валиева қайтиб бормадими?                                                             

–                                                                                                                                                      

– Йўқ?                                                                                                                                            

–                                                                                                                                                      

– Менми, мен эриман.                                                                                                              

–                                                                                                                                                      

– Ҳа Муродман, эй яхшимисиз, опажон.                                                                             

–                                                                                                                                                      

– Йўқ, мен чет элга кетгандим. Мен йўғимда кетиб қолибди.                                         

–                                                                                                                                                      

– Билмадим... ҳеч бўлмаса шуни сўраб билай деб қидириб юрибман.                                  

–                                                                                                                                                      

– Ферузаникигами?  Ҳозир ўша ёқдан қайтдим. У ҳам кўрмадим дейди.                   

–                                                                                                                                                      

– Бирор гап эшитиб қолсангиз, менга хабар қилинг илтимос!                                                                                                  ***

Сўзлаш навбати Достонга етганда у бетоқат бўлиб ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Шунда дўппили киши сўзга кириб бундай деди:                                                          

– Мени Қодир чўпон дейишади. Бу – Достон. Камбағалнинг боласи. Аммо оёқ-қўли чаққонгина бола. Бекор юрмасин, уч-тўрт сўм пул орттирса рўзғорини бутлаб олар деган ниятда чўлиқ қилиб олганмиз.                                                                           

Бир куни сигиримиз йўқолиб қолди. Тоғ томонларда шундай ўғрилар бор. Улар кишиларнинг молхонаси ёки қўтонига бўйламайди. Лекин яйловда эгасиз қолган қўйми, сигирми учратиб қолса, ўша заҳоти илиб кетади. Ўша олғирларнинг қўлига тушиб қолмасин деган хавотирда сигирни туни билан излаб жарнинг тубигача тушиб бордим. Шунда отим бирдан сергакланди, ўзимнинг ҳам қулоғимга инграган овоз чалингандек бўлди. Ҳушёр тортиб овоз келган томонга диққат қилиб қараб, тугунга ўхшаган бир нарсанинг қимирлаганини кўрдим. Отдан сакраб тушиб тугунни ечдим-у, қонга ботиб ётган келинчакни кўриб капалагим учиб кетди. Аёлни кўтариб тепароққа ётқиздим-да, дарҳол отга миниб уни ўша жойдан кўтариб олдимга олдим-да отни уйга қараб юрттириб кетдим.                                                                                                                                                                                                                                                                                 ***

Сигирни ҳайдаб келиш ўрнига алламаҳал қонга ботган бир аёлни кўтариб келганимни кўриб уйдагиларнинг юраги така-пука бўлиб кетди. Дарҳол уни ичкарига ётқиздик. Хотиним бизни чиқариб юбориб, иссиқ сувга мулойим латта ботириб келинчакнинг аъзойи баданини артиб олди. Қўлларини, оёқларини тортиб кўрди. Бу орада келинчак ўзига келгандек бўлибди-ю, аммо яна ҳушидан кетибди.  Бир оздан сўнг чиқиб, хотиним кўрпача четига омонат чўкди:                                      

– Бу шўрликни қайси оғзингдан қонинг келгур шу куйга солибди? Ҳартугул  умри бор экан бечоранинг устидан келиб қолибсиз, бирорта суяги синмабди-ю, аммо гўштлари эзилиб, мажақланиб кетибди. Кўп вақт ётса керак, менимча. Дўхтирга хабар бериш керакка ўхшайди, – деди.

 – Дўхтирга  хабар қилсак суриштирув бошланади: биз унинг кимлигини билмасак, ким нима мақсадда бу аҳволга солганини билмасак, ўзимизнинг бошимизга ташвиш орттириб, соғ бошимизга савдони сотиб оламизми деб қўрқаман.

 – Унда бир оз сабр қилайлик, қиз ўзига келсин, сўраб билайлик-чи, нима бўлган экан ўзи, мен унинг олдида ётаман, кечаси бирор нима бўлиб қолмасин. Ҳа, сигир йўқми? Эргаш чўпоннинг молларига қўшилиб кетмадимикин, тонгда ҳайдовдан олдин бир сўраб келасиз-да, – деб ўрнидан турди.

Хотиним кирганда келинчак ҳамон қимир этмай ётган экан. Хотиним иссиғи чиқмаяптимикан деб, унинг бошини, қўлларини ушлаб кўриб, ёнидан жой ташлаб ётибди. Эндигина кўзи бир илинган экан, қўлоғига “онажон” деб инграган овоз эшитилибди, жойидан сапчиб туриб қизнинг юзига энгашибди.                        

– Опанг айлансин, яхшимисан? Сени ким бу куйга солди? – дебди.                          

– Мен ўзи қаердаман? – сўрабди келинчак заиф овозда.                                               

– Бир чўпоннинг ўтовидасан. Сени бу ерга хўжайин чала ўлик ҳолда топиб келди, жоним.

Келин атрофга кўз югуртирмоқчи бўлибди-ю, оғриққа чидолмай додлаб юборибди.

– Қўзғалма, юзинг, кўзинг, демай ҳамма жойингни муматалоқ   қилиб юборибди золимлар, этинг эзилган, бир неча кун қимир этмай ётишинг керак, ўзим сенга парвона бўламан, бу ерда сени ҳеч ким хафа қилмайди, – дея далда бўлибди.

Келин ҳеч нима демай юм-юм йиғлабди.                                                                                                                            ***

Орадан ҳафта, ўн кун ўтиб ўтиб келинчакнинг юзидаги жароҳатлари ҳам битаёзиб ранги очилиб қолди. Беш яшар ўғлимиз Элмурод ҳар куни уни тоққа айлантиради. Тоғ ҳавоси ёқиб кун сайин унинг ҳусни барқ уриб бораётир. Ҳар куни бир баҳона топиб уларнинг олдига бир келиб кетаман. Келинчак  ҳар куни турли гиёҳлар териб қайтади ва хотинимга уларни курсатиб таърифлай бошлайди:

– Мана бу – сафроўт, у сариқ касални, пешоб тутилишини, истисқони, безгакни, даволайди. Мана буниси саллагул, у асаб касалликларини даволашда фойда беради, уйқусизликнинг олдини олади, мана буниси, бунисига қўшиб ичилса...

– Буларни сен қаердан биласан? – ҳайрон бўлиб сўрабди хотиним.

– Камина болалар уйининг қироатхонасидаги табобатга оид жамики китобларни хатм қилган. Уларни қайта-қайта ўқийверганимдан  ўсимликларнинг суратлари ҳам ёд бўлиб кетибди чоғи, буларни кўрганимдан танияпман, – деб жавоб берибди.

Бир куни хотиним:

 –  Бу қизгина ҳамма нарсани  билади-я, – деб унинг зукколигидан гап очиб қолди.

–  Зотида табиб-сабиб ўтгандирда, иликда бўлса чиқади бир кун дейдилар-ку, мен шу вақтгача ёнтоқни ёмон кўриб юрар эдим, унинг айтишича, ёнтоқ томоқ оғриқ, тишнинг милки ва яна бир неча  касалликка даво бўлар экан. Шуни эшитдиму ёнтоққа  ҳурматим ошиб кетди, – дедим.

Бир куни ундан:

– Детдомда ўсганларнинг ҳам қариндош-уруғлари бўлади, ахир, сенинг ҳеч киминг йўқми? – деб сўрадим. Айтишича, у пайдо бўлганда онасини кесарво қилишган экан. Биринчи фарзандининг туғилганини эшитган отаси севинчи ичига сиғмай қишлоғига қараб мотоциклни учириб бораётиб муюлишда тракторнинг тагига кириб кетибди. Шум хабарни эшитган онасининг операциясидан қон кетиб қолибди, дўхтирлар қонни сира тўхтата олмабди. Бирданига ҳам отаси, ҳам онаси вафот этган чақалоқ “шумқадам” деб аталибди ва уни туғриқхонадан ҳеч ким олиб кетмабди... Буни унга бир тарбиячиси гапириб берган экан, ҳозир ўша аёл оиласи билан хорижга кўчиб кетган эмиш.                                                                                             

– Аттанг, ўша тарбиячи кетмаганда, яхши бўлар экан-да, лекин бу қизда бир гап бор, ҳамма ўт-гиёҳни танийди, – дедим мен афсусланиб.                                    

– У томир уришни кўриб ташхис ҳам қўяр экан, мендан “Нега бошқа бола туғмагансиз?” деб сўради. “Жигарим касал эмиш, ҳомила кўтара олмас эканман”, дедим. Шунда менинг қўлларимни ушлаб туриб, “Жигарингиз соппа-соғ, ўтингиз димланган. Шунинг учун мана бу андизнинг илдизини қайнатиб ичиб юринг, ўтингизни ювади. Кейин эса бемалол ҳомила кўтара оласиз”. – деб менга дори тайёрлаб берди, – деб мамнун жилмайди хотиним.                                             

Менинг эса хаёлим бутунлай бошқа ёқда эди. Мен келинчакнинг Элмуроджон билан айланиб юрганини кўрганда “Қани эди, булар она-боладек бўлишса, хотиним буни ўзига кундош қилиб, лекин сингил ўрнида кўрса, у туғажак болаларга бош бўлса”, деб орзу-ҳавасларга бериламан.                                   

Хуллас, бир куни келинчак қирда ёлғиз хаёл суриб ўтирган экан, отимни етаклаб олдига бордим. Келин ҳурматим учун ўрнидан туриб, рўмолини тўғрилади.      

– Бу жойлар сизга ёқдими? – сўрадим гапни нимадан бошлашни билмай.             

– Баҳаво жойлар экан, – жилмайди келин.                                                                        

– Яхши бўлиб қолдингизми?

– Раҳмат. Сизларни ҳам кўп ташвишга қўйдим.

– Энди нима қилмоқчисиз?                                                                                                     

– Билмадим. Шаҳарга қайтиб эски иш жойимдан яна иш сўрасаммикан, деб ўйлаяпман, турмушим ҳам барбод бўлди, чоғи. Мурод акам келганда аниқ бўлади-да энди – менга ишонадими, уларгами, билмадим.                                                 

– Жойимиз сизга  ёққан экан, қолавермайсизми?                                                            

– Бутун умр бу ерда қололмайман-ку.                                                                                  

– Қолинг, бир умрга қолинг!.. Умримни сизнинг  хизматингизда ўтказай, мана шу уй-жойларга эгалик қилинг! Опангизни эшитгансиз, унга бошқа ҳомила кўтариш мумкин эмас. Сизни бошимда кўтариб юраман.                                                              

– Нималар дияпсиз, Қодир ака! Менинг бошимда эрим бор, ҳозирча омонат бўлиб қолган бўлса ҳам. Бунақа гапларни гапириб қилган савоб ишларингизни миннатга айлантириб қўйманг! Сиз жуда яхши одамсиз, менинг акам йўқ, ака бўлинг менга. Битта бўлса ҳам ўғлингиз бор-ку, дунёда тирноққа зор бўлиб юрганлар қанча!  

– Кўнгил экан-да... бутун хаёл-ҳушим сизда бўлиб қолди. Шу вақтга қадар сизсиз қандай яшадим, ҳайронман, аммо бир куни кетишингизни ўйласам, дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетяпти, мени кечиринг! Сизда ўзи эркак зотининг ақлини ўғирлайдиган нимадир бор экан... Бу гапларни унутайлик, бўлмайдиган ишдан эртароқ қўл тортган яхши. – дедим-да, уялганимдан отга сакраб миниб қамчи босиб кетдим. Ўша куни кечгача уйга қайтишга уялиб тоғ-тошларни айланиб юрдим.                                                                                                                     

Орадан уч-турт кун ўтиб шом чоғи бир қариндошимизнинг тўйига йўл олдик. Жуда ҳам тўйга боргиси келиб турган ўғлимнинг елкасига қўлимни қўйиб:                                

– Элмуроджон, биз қайтгунча опангизни хафа қилмай ўтиринг. Достон амакингиз отарни ҳайдаб эртага даранинг этагига тушиб келади. Иккаламиз ундан хабар олгани борамиз, хўпми? – дедим. Бола бошини ирғаб қўйганидан сўнг  мошинга ўтириб жўнаб кетдик.                                                                                                          

Бир оздан  сўнг Элмуроджон ухлаб қолибди. Келинчакнинг ҳам кўзи илинаёзган чоқ қулоғига  қадам товушлари чалинибди ва хонага Достон шахдам кириб келибди. Унинг шахдини кўриб келинчак сакраб ўрнидан туриб кетибди.                 

– Сиз тоғдамасмисиз... қўйлар қаерда?                                                                               

– Қўйларни ит ейдими, юрибди-да, – дея ушшайибди Достон.                        

– Лекин сиз ҳозир жуда узоқда  бўлишингиз керак эди-ку!                                             

– Сизга яқин бўлиш учун келдик-да, жоним.                                                                      

– Астағфируллоҳ! Бу нима деганингиз?..                                                                            

– Сизни соғиниб келдим ахир шунча йўлдан, бағрингизга босмайсизми? – дея Достон унга ташланмоққа чоғланибди.                                                        

Келинчак чаққонлик билан дераза рафида турган қайчини олиб ўзининг томоғига тираб:                                                                                                                                          

– Яқинлашсанг ўзимни суяман, сен нима деб ўйлаб юрибсан ўзи, ўзинг бир чўлиқ бўлсанг, хўжанг ета олмаганга сенга йўл бўлсин, – дебди.                           

Унинг важоҳатини кўриб Достон жойида тўхтабди, шу вақтда ухлаётган Элмурод ёнига ағдарилибди.                                                                                                                  

– Менга ноз қилдингми, энди ўзингдан кўр. Бу ишинг учун пушаймонлар ейсан ҳали – дея пўписа қилибди.                                                                            

Келинчак эса:                                                                                                                              

– Вужудимни юз пора қилсанг ҳам покиза танимни булғай олмайсан. Эсингни йиққин-да бориб қўйларингдан хабар ол. Агар отарга бўри оралаган бўлса, ҳолингга маймунлар йиғлайди, – дебди.                                                                      

Достон эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетибди. Келин ҳолсизланиб ўтириб қолибди. Бошини тиззалари орасига олиб йиғлаб ўтираверибди. Бир маҳал димоғига тутуннинг ҳиди урибди. Қараса, уй ёниб ётган эмиш. Келинчак йутала-йўтала Элмуродни кўтариб чиқибди. Ҳар томонга югуриб сув ташибди. Бир зумда уй ёниб тамом бўлибди. Биз етиб келганда уйнинг фақат деворлари қолган эди. Хотиним жон аччиғида келинчакка қараб:                                                                              

– Уйни нима қилдинг шумқадам? Сен буни қасддан қилгансан. Сени қамоқда чириттираман! – дедию кўксини чанггаллаб ўтириб қолди.                            

Ўзи бир аҳволдаги келинчак чопқиллаб бир коса сув кўтариб келиб унинг юзига сепди. Мен эса нима қилишни билмай серрайиб қолдим. Элмурод онасини маҳкам қучоқлаб олди.                                                                                                                 

Ярим тунда совуққа жунжикиб, мўнғайиб ўтирган келиннинг ёнига келдим. Келин юзимга қараб:                                                                                                                                

– Қодир ака, Достон келувди... – деди.                                                                                 

– Достон!.. (бу разиллик унинг иши эканини дарров тушундим). Уйга ўт қўйган бўлса ҳам айбдор сиз бўлиб қолаверасиз. Чунки у сиз сабабли бу ишни қилган. Шунинг учун опангиз сизни барибир ёмон кўриб қолаверади энди, ахир мол аччиғи – жон аччиғи дейдилар. Мана бу чўнтагимда қолган пул, буни олинг. Тонгда опангизга сездирмай йўлга чиқинг. Яна шовқин солиб ўтирмасин. Мен сиздан розиман.   

– Қодир ака, ахир пулсиз нима қиласиз?                                                                            

– Эртага беш-ўнта қўй сотиб уйни таъмирлашни бошлаймиз, бизни ўйламанг, жонингиз омон бўлсин! – шундай деб ортимга ўгирилиб кетдим. Йўқса, у менинг кўзёшларимни кўриб қоларди. Мен, тўғриси, ўша чоқда уйимнинг куйиб-кулга айланганидан кўра кўпроқ ҳимоясиз бир маъсуманинг туҳматга қолганига ачинаётган эдим.                                                                                                                   

У тонг ёришмай туриб йўлга тушди. Унинг йиғлаб-йиғлаб ҳақимизга дуо қилгани, ухлаб ётган Элмуродни бошидан ўпиб қўйиб йўлга тушганини ётган жойимда кўриб ётдим.                                                                                                              

Қиз узоқлашган заҳоти мотоциклни миниб отарга жўнадим. Достон ҳеч нарсадан хабари йўқдек:                                                                                                                                

– Ҳа ака, каллаи саҳарлаб нима қилиб юрибсиз?.. – дея мени кутиб олди.              

– Юр, сенга бир нарса кўрсатаман, – деб уни бир жарликнинг ёқасига эргаштириб бордим-да. Бўйнидан тутиб жарликка деярли осилтирдим. Кейин:              

– Уйга нега ўт қўйганингни биламан, ифлос. Бир заифага туҳмат қилишга қўрқмадингми?! Уйимни тиклаб бермасанг, қўлимни қўйиб юбораман тамом, жарнинг тубига етгунингча суякларинг парча-парча бўлиб кетади... – дедим. 

У жон ҳалпида:                                                                                                                           

– Қиламан, акажон, қиламан, тавба қилдим, тавба қилдим. Уйни ўзим тикка қиламан... Қизнинг ҳам оёқларига йиқилиб кечирим сўрайман. Ўзим билмай қолдим нима қилганимни, ўзим билмай қолдим...                                         

Муҳаббат борасидаги дардимиз бир хил бўлгани, тинимсиз жавдирашлари боис унга раҳмим келди.                                                                                                                    

– Уйга бугун уста тушади, ҳамма харажатлар сенинг бўйнингда, – дея уни тортиб олдим. Яна жаҳлимга чидай олмай жағига бир мушт уриб йиқитиб ташлаб кетдим. Орадан уч ой ўтиб, у бир дардга чалиндики, бунақа касалликни шу вақтгача ҳеч ҳам эшитмаган эдик. У оловдан қўрқади. Кичкина шуъла кўрса ҳам шу қадар қаттиқ даҳшатга тушиб ҳуркак ҳайвондек ўзини ҳар ёнга отадики, кўриб ҳайрон қоласиз.

Китоб кўрган бир одамнинг айтишича, Муовия розияллоҳу анҳунинг Ҳажжожми деган золим лашкарбошиси бўлган экан. У улуғ саҳобийлардан бирини қатл эттирганидан сўнг совуққотиш касалига чалинибди. Араб жазирамасида туриб шу қадар қаттиқ совуқ қотар эканки, танасига оловни теккизса ҳам сезмас экан. Ахийри, бу азобга чидай олмай Ҳасан Басрий ҳазратларининг олдига бориб: “Мени дуо қилинг!” дебди. “Сени нима деб дуо қилай, эй золим?!” дебди Ҳасан Басрий. “Аллоҳдан сўранг менинг жонимни олсин”, дея ёлворибди Ҳажжож. Ҳасан Басрий унинг жонини олишини сўраб дуо қилибди. Шундан кейин лашкарбоши ўлибди. Бунинг дарди Ҳажжожнинг дардининг тескарисида – оловдан қўрқади, иссиққа бўлмайди...                                                                                                     

Айтиб ўтганимдек, ночор оила. Дўхтирга қаратиш ҳам ўзимга қолди. Аммо ҳеч жойдан шифо топмади. Сизнинг довруғингизни эшитиб келавердик...                                                                         ***

Гуноҳлар ошкора тан олинаётгани ва уларнинг бир келинчакка боғланиб бораётганини фаҳмлаган кўр киши гапни бундай бошлади:                                           

– Ёшлигимдан тил-забонли, эпчил йигит эдим. Нима бўлди-ю, қиморга боғланиб қолдим. Бу ўйинни тез ўзлаштириб олдим. Яқин-атрофда ҳамма қиморбозни шилиб олганимдан сўнг  бошқа жойларга ҳам бориб ўйнайдиган одат чиқардим ва бир сафар ўйинни шундай бой бердим-ки, ютқазганимни тўлашга шу вақтга қадар ютганларим урвоқ ҳам бўлмади. Мажбур бўлиб уч-тўрт одамни ширин сўзлар билан авраб ваъдани қуюқ қилиб қарз олдим. Лекин омад мендан юз ўгирди. Кейинги вақтда сира қўлим баланд келмай қўйди. Қарзларим эса кундан-кун кўпайиб кетаверди. Қарз берганлар эса қарзини сўрашдан чарчамади.          

Ҳар хил баҳоналар қилиб тутқазмай юрган эдим. Бир куни саҳар чоғи уйимдан мошинга босиб олиб кетишди. Ўртага олиб уркалтак қилиб ётгани устига бир қиз келиб қолди, у вақтда тонг ёришаёзган эди. Чопқиллаб келиб ўртага тушди.  

– Ҳай, ўлдириб қўясиз! Нега ураяпсиз бу бечорани? – деб сўради.    

Улардан бири:                                                                                                                 

– Ўртага тушманг, синглим! Одам эмас бу, бизни қанча вақтдан бери алдаб пулимизни бермай юрибди, – деди.                                                                                      

– Мана шу пулни олинг-да, буни қўйиб юборинг, – деб қиз пул тутди уларга.          

– Пулингиз ўзингизга сийлов, аммо бу яхшиликни биладиган одам эмас, – деди уларнинг бири, – кейин шерикларига қараб: – қани кетдик, – деди-да туйқус бир нарса эсига тушгандек қиз томонга қайрилиб:                                                              

– Эй сиз каллаи саҳарлаб бу ерларда нима қилиб юрибсиз, жин-пин эмасмисиз ўзи? Одам бўлсангиз юринг, сизни ҳам мошинда олиб кетайлик, – деди.  

Қиз бир шаҳдланди-ю, аммо менинг тупроққа қоришиб ётганимни кўриб ўлиб-нетиб қолмасин деган хавотирда:                                                                                     

– Раҳмат сизга, менинг уйим шу ерда – дея боши билан узоқдан қорайиб кўринаётган бир ўтовга ишора қилди.                                                                                           

– Майли, лекин мана бу ифлосдан узоқроқ бўлинг! – деди улардан бири.                                                                           ***

Улар жўнаб кетгандан сўнг қиз дастрўмолчаси билан менинг юзимга чаплашган қон ва чангни артди. Қўллари юзимга тегиб ўтганда шу қадар роҳатландимки, буни сўз билан таърифлай олмайман. Бир оздан сўнг бир амаллаб ўрнимдан туриб ўтирдим. Унга синчков нигоҳ билан боқдим. У тенгсиз гўзал эди. Унинг чиройини кўриб ўзимнинг нима аҳволда эканимни ҳам унутдим.                       

– Сиз фариштамисиз? – деб сўрадим.                                                                                

– Йўқ, – дея жавоб қилди қиз.                                                                                                 

– Унда қаёқдан пайдо бўлиб жонимга оро кирдингиз?                                                   

– Тўсатдан келиб қолдим, ўзингиздан ўтган экан-да?                                                      

– Унда нега мени улардан ажратиб олдингиз, нега бошимда қолдингиз?                 

– Савил жонингиз увол бўлмасин дедим, майли, мен бора қолай, хайр.      

Менинг кўнглимда пайдо бўлган шаҳват ҳисси тобора кучайиб бораётган эди.      

– Тўхтанг ахир, шундай хайрлашиб кетаверамизми, мен холоскоримга миннатдорчилик билдирмайманми? – шундай деб қийшайиб-мийшайиб унинг йўлини тўсдим.                                                                                                                           

– Ана ўрнингиздан ҳам туриб олдингиз, – дея қиз мени айланиб ўтмоқчи бўлди. Шунда мен қизнинг олдига тиз чўкиб олдим-да: – Мени душманларимдан  қутқазиб олдингиз-у, ўзингизга асир этдингиз. Энди чорамни қилиб кетинг! – дея ёлвордим.

– Чорангиз нима сизнинг? – сўрайди қиз бетоқатлик билан.                                        

– Васлингиз – жавоб бердим сурлик қилиб.                                                                       

– Аллоҳдан ҳаё қилинг! – дея қиз катта йўлга қараб илдамлаб кета бошлади. Мен унинг ортидан эргашдим. Шу тариқа узун-қисқа бўлиб йўлга  яқинлашдик.       Йўлда бир  “нива” пайдо бўлди. Қиз шофёрга Тошкентга олиб боришини сўраб орқа ўриндиққа ўтирди. Унинг ортидан етиб келиб олдинги ўриндиққа ўтирдим. Сўнг шофёрга “Уч қаҳрамонга юринг”, дедим. Бундай дейишимнинг сабаби, уни бир амаллаб Қозоғистоннинг чегарасидан ўтказиб олишни режа қилган эдим. Қиз тушиб қолмоқчи бўлиб ўриндиқни итаради. Мен унинг қўлидан маҳкам тутиб:       

– Хўп бўлди энди, тавба қилдим. Бошқа хафа қилмайман, жим бўл, жим бўлгин илтимос! – дедим-да қаёққа юришини билмай турган шофёрга қараб: – келинингиз билан хафалашиб қолдик, “онамникига кетаман”, деб йўлга тушди. Аранг шу ерга келганда етиб олдим, нақ оҳунинг ўзгинаси. Бир қариндошларникига айлантириб келай, зора арази ёзилса.                                                                                          

Бу гапларни эшитган қизнинг ҳайратдан кўзи косасидан чиқиб кетаёзди.                

– Ёлғон. Туҳмат – бу! Мени Тошкентга олиб боринг, илтимос,  бу одам менинг отимни ҳам билмайди, ундан қутқаринг, шофёр ака!                                                      

– Бўлди жоним, илтимос тинчлангин, нега отингни билмас эканман. Ҳар жанжаллашганда отингни  эсдан чиқариб қўяверсам, қандай эр бўламан ахир, тоғамникига бориб маза қилиб қимиз ичиб қайтамиз, эй ҳайдамайсизми, шофёр ака! Эр-хотиннинг жанжалини кўрмаганмисиз? – дедим. Қиз қанчалик қаршилик кўрсатмасин мошин Уч қаҳрамон томонга қараб кетди.                                    

Бирор чақирим юрган мошин бехос икки-уч силтаниб ўчиб қолди. Шофёр мошиндан тушиб копотни очди-да, бир нималарга тегингандек бўлди. Сўнг рулга ўтириб:                                                                                                                                       

– Сал итариб юборинг, ука аккумлятор чарчабди. – деди.                                             

– Йўлкирани камроқ тўлайдиган бўлдик-да, – дея тўнғиллаб тушдим-да, мошинни итардим. Мошин ўрнидан қўзғалиб, мотори ўт олиб ғизиллаб кетди. Аввалига нима бўлаётганини тушунмай турдим, кейин мошин ортидан югуриб, етолмай қолиб кетдим...                                                                                                                                                                                                          ***

– Кейин шофёр: “Ана қутулдингиз, синглим, ишқилиб ростдан ҳам эрингиз эмасми, сизни “олиб қочиб” балога қолиб кетмайлик тағин”, – деди кўзгудан орқага қараб. – дея парда ортида ўтирган табиб давом этирди.                                                      

Бу гапни эшитиб ҳамма табибга қаради:                                                                            

– Худога шукр-эй, бир балодан қутқардингиз, акажон, умрингиздан барака топинг! – дея қиз унга миннатдорчилик билдирди, – дея гапида давом этди табиб.                

– Уч қаҳрамонда бир кириб ўтадиган ишим бор. Шундоқ кирамизу чиқамиз. Кейин сизни Тошкентга олиб бориб қўяман, хўпми? – деб йўлда давом этди шофёр. Қиз индамай бош ирғаб қўйди.                                                                                      

Уч қаҳрамонга етиб келган мошин чеккароқдаги бир уйнинг дарвозасига яқинлашди. Шофёр сигнал чалди. Сигнал овозини эшитиб деразадан бир бош мўралади, Шофёр ойнадан бошини чиқариб салом берди. Бош ғойиб бўлди. Бир зумдан сўнг бир башанг кийинган сатанг хотин дарвозани очди. Шофёр мошинни ичкарига олди.                                                                                                                                                                                                         ***

Панжарали деразаларига қора парда тутилиб, эшиклари зичланган хона. Қиз бурчакда ғужанак бўлиб ўтирибди, хонтахта атрофидан эса бояги барзанги, ўрта ёшлардаги бир одам. Сатанг аёл жой олган. Шофёр қуйидан.

Шофёр уларга қарата:    

– Уни мен олиб келдим. Бир кечагина қолдиринглар илтимос, шу бугунгина бағримга олиб ётай уни. Эртага олиб кетаверамиз, – дея илтижо қиляпти.               

– Бекорларни айтибсан, уни Дубайга жўнатамиз. Катта хўжайин айнан шундай офатижонни сўраган эди.                                                                                                         

– Бўлмаса, ҳозир... бир пас сабр қилинглар, ҳеч бўлмаса юзларига, кўзларига тўйиб-тўйиб боқиб қолай, – дея шартта ўрнидан турди.                          

Барзанги:                                                                                                                                     

– Ўтир жойингга, – дея ўрнидан сакраб туриб унинг йўлини тўсди.                

Шу топда ўрта ёшлардаги киши:                                                                                           

– Ўтиришдан нима фойда. Қани кетдик бўлмаса, айланма йўлдан юраверамиз-да, – деди.                                                                                                                            

– Қоронғу тушишини кутиб, бироз чақчақлашиб  ўтирсак бўлмайдими, чегарачилар жуда ҳушёр. Яна муаммо чиқмасин дейман-да, – дея башанг хотин унга қараб сузилди.                                                                                                                      

– Яна озгина қолсак, бу қизнинг устидан бир-биримизни ўлдириб қўямизми деб қўрқяпман. Тезроқ бориб ундан қутулайлик, ҳамиша юрган йўлимиз-да, қозоққа ўтиб олсак бас, омин – деб қўлларини юзининг ёнидан ўтказиб дуо қилган киши бўлади.                                                                                                                                                                                 ***

Тупроқ йўлни чангитиб бораётган “нива” чегарачиларнинг эътиборини тортмаслик учун зовур ёқалаб юради. Қиз эса пичирлаб “Художон! Ўзинг меҳрибонсан, бир ожиз бандангман... шармандалик ботқоғига ташлама, юзимни ёруғ қил, мана бу золимлардан қутқар ё шу ернинг ўзидаёқ жонимни ол!” дея тинимсиз дуо қилади. Шу вақт тўсатдан тупроқ пастга эниб кетади-да, мошин тўнкарилиб қолади. Бир оз вақт ўтиб ҳушига келган қиз мошиннинг орқа ўриндиғи деярли олдинги ўриндиқ жойига келиб қолгани, рулдаги барзанги билан ҳалига шофёрнинг оғзида қон қотиб қолганини кўрди. Чап ёнидаги эркак ва ўнг ёнидаги аёл ҳам жонсиз эди. У мошин эшигини очмоққа уриниб, сира очолмагач, бир амаллаб ойнадан  сирпаниб чиқди-да, ўқчиб ўтириб қолди. Бир нафас букчайиб ўтиргандан сўнг нигоҳлари равшан тортиб ўрнидан турди. Кейин қияликдан кўтарилиб кетди.                                                             

***

Тошкентга келаётган йўловчи мошинлардан бирига чиқиб олган қиз йўлдошлари ичида аёл кишининг ҳам борлигини кўриб хотиржам тортди. Чарчоқ ўз ишини кўрсатиб уни уйқу элита бошлади. Шу вақт ёнида ўтириб келаётган каттароқ ёшдаги аёлнинг тоби қочиб, оғзидан кўпик сачратиб тили тортиб кетди. Қиз   чаққонлик билан  қўлини унинг оғзига тиқиб тилини чиқариб олди.                        

– Шу тутқаноғи унга кўп азоб бераяпти, қизим, яхши ҳам сиз бор экансиз... юрагим чиқиб кетди-я, – деди мошинни бошқариб келаётган киши.                                     

– Бу касалликка чалинганига анча бўлдими?                                                                    

– Ҳа, ўн йилдан ошди, сиз дўхтирмисиз?                                                                           

– Йўқ, лекин бу касалликни даволашни биламан, – деди қиз дадиллик билан.       

– Унда илтимос, қизим, ҳозир тўғри бизникига борайлик, унга зарур ёрдамни кўрсатинг, кейин сўраганингизни бериб уйингизга қўйиб келамиз. – дея ўтинди аёлнинг эри.

Қиз “хўп” деган маънода бош ирғади.                                                                       

Ўша одамларнинг уйига бориб бемор хотиннинг аҳволи яхшилангач, улар кун кеч бўлиб қолганини айтиб, қиздан шу ерда тунаб қолиб эртасига муолажани давом эттиришни илтимос қилишди. Борадиган жойи бўлмаган қиз бечора учун бу айни муддао эди. Тунда гапдан гап чиқиб қиз бемор аёлга бошидан ўтган воқеаларни гапириб берди. Аёл унга: “Сен энди бизнинг қизимиз бўлдинг, шу уй сенинг уйинг”,  деб қучоқлаб ўпиб меҳрибончилик кўрсатди. Қиз ўша одамларнинг хонадонида яшаб яқин-йироқдаги одамларни  даволайвергач, “Гулноза табиб” дея номи чиқди ва хонадон эгалари тутинган қизига мана шу ҳовлини сотиб олиб берди. Аммо табибнинг исми аслида Гулноза эмас, Озода дея биз билган келинчак парда ортидан чиқиб келди...          

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

                                       

 

6999 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Омонат жон хиёнати Макканинг мушуклари »

Мақолалар

Top