Мақолалар

Фарзанд тарбиясида 700 сабоқ: Ажойиб маросим – 4-сабоқ

Кичик қизим 5 ёшдан ўтган бўлса-да тунда ўрнини ҳўллаб қўйиш одати ҳеч қолмади. Унинг бу одати йўқолиши учун барча чора-тадбирларни кўрдик. Лекин фойдаси бўлмади. Шифокорлар унинг бу одати саломатлигига алоқадор эмас, балки шунчаки, эркалик сабаб шундай қиляпти деган хулосани айтишди.

Катта қизим 17 ёшда. Унинг ҳам бу муаммодан хабари бор эди. Бирор чора кўришимиз кераклиги ҳақида унга ҳам айтган эдим.

Бир куни ишдан қайтишда одатдагидек, кичик қизимни болалар боғчасидан олдим. Икковлашиб уйга келдик. Эшикдан киришимиз билан димоғимизни маззали таомларнинг хушбўй ифори қитиқлади. Ҳайрон бўлиб меҳмонхонага кирсак, уйда каттагина торт турибди. Катта қизим дастурхонларни чиройли қилиб безатиб, стол ўртасига катта тортни жойлаштириб қўйибди. Худди уйга меҳмон келадигандек ёки қандайдир бир маросим бўладигандек эди. Ошхонадан кириб келган катта қизимдан бунча ҳаракатнинг сабабини сўрасам, у атайлаб кичкина қизим эшитадиган қилиб: “Бу синглимнинг шарофати билан ташкиллаштирилган маросим, дадажон. Энди синглим бугундан бошлаб кечаси ухлаганда жойини хўллаб қўймайди. Шуни байрам қиламиз”, деб жавоб берди.

Мен гап нимада эканлигини тушунган бўлсам-да, ҳайратимни яшира олмасдан катта қизимнинг зукколигига қойил қолдим. Кейин опасининг гапини тасдиқлаб: “Қандай яхши, энди бугундан бошлаб сен жойингни хўллаб қўймайсан”, деб кичкинамизга қувончимни изҳор қилдим.

Энг қизиқарлиси шуки, ўша кундан кейин кизалоғимнинг шу одати йўқолди. Ўша тадбиримиздан кейин қизим бирор марта ҳам тунда бизни безовта қилмади. Катта қизимнинг оқилона тадбири синглисининг ушбу одатдан халос бўлишига катта туртки бўлган эди. Кичик қизим ҳам опасининг ўзи учун қилаётган ҳаракатини кўриб уни янада кучли яхши кўриб қолди. Ҳатто боғчага борганда ҳам ўртоқларига опасининг меҳрибонлиги, оқилалиги ҳақида гапириб берадиган бўлди.

 

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

1441 марта ўқилди

Мақолалар

Top