Мақолалар

Кароматларга қизиқиш - 62 қисм

Банданинг кароматга ҳаддан ташқари берилиб кетиши – нафсининг касаллигидан саналади.

Муолажа услуби

Бу иллатдан халос бўлиш учун инсон ўзи ўйлаётган каромати “истидрож” бўлиши мумкинлигини унутмаслиги лозим.

Луғатда истидрож – “бирданига эмас, қўйиб бериб, даражама-даража ўтказиб, охирида ушлаш” деган маънони билдиради. Ўзбекча ибора билан айтганда, “арқонни узун ташлаб қўйиш” дегани.

Баъзи фосиқу фожирларга, балки кофирларга ҳам Аллоҳ таоло томонидан бу дунёда жуда кўплаб неъматлар ‒ мол-давлат, фарзанд, саломатлик берилади. Бу эса улар учун оқибатда янада кўпроқ ғафлат ва саркашликлар қилишларига сабаб бўлиб, охиратда қаттиқ азобга учрайдилар. Берилган бу неъматлар аслида улар учун жазо бўлади. Аллоҳнинг бу услубда инъом этиши “истидрож” дейилади.

Аллоҳ таоло истидрож билан одамларни имтиҳон қилади, уларнинг ёмонликларини оширади ва аянчли ҳалокатга олиб боради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَٱلَّذِينَ كَذَّبُواْ بِ‍َٔايَٰتِنَا سَنَسۡتَدۡرِجُهُم مِّنۡ حَيۡثُ لَا يَعۡلَمُونَ 

“Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса, (улар) билмайдиган томондан аста-секин оламиз (Аъроф сураси, 182-оят).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло баъзи бандаларига улар маъсиятларда туришларига қарамасдан яхши кўрган нарсаларидан бераётганини кўрсанг, билингки бу истидрождир”, дедилар ва ушбу оятни тиловат қилдилар

فَلَمَّا نَسُواْ مَا ذُكِّرُواْ بِهِۦ فَتَحۡنَا عَلَيۡهِمۡ أَبۡوَٰبَ كُلِّ شَيۡءٍ حَتَّىٰٓ إِذَا فَرِحُواْ بِمَآ أُوتُوٓاْ أَخَذۡنَٰهُم بَغۡتَةٗ فَإِذَا هُم مُّبۡلِسُونَ 

(Улар) эслатилган нарса (синов кунлари)ни унутганларида уларга ҳар нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Токи уларга берилган нарса (нозу неъмат)лар билан шоду хуррам бўлиб турганларида, уларни бирдан забт этдик. Бас, (энди) улар ноумиддирлар (Анъом сураси, 44-оят).

Замонамизнинг улуғ алломаси, “уммат ҳакими” деган улуғ номга сазовар бўлган Ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий[1] Аллоҳ таолонинг ато этаётган неъматларини тафаккур қилиб: “Бу неъматлар истидрож эмасмикин, дея қўрқаман”, деган.

Боязид Бистомий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Осмонда учаётган одамни кўрсангиз ҳам унинг ҳолатига қойил қолишга шошилманг! Инсонларнинг кароматига токи улар Аллоҳнинг амрларини бажаришларига ва Унинг тақиқларидан узоқда эканларига ишонч ҳосил қилмай туриб эътибор берманг!”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

[1] Бу олимнинг насаблари ота томонидан иккинчи халифа ва буюк саҳобий ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуга, она томондан эса ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга бориб тақалади.

1511 марта ўқилди

Мақолалар

Top