Мақолалар

Бойлар сафида бўлиш истаги - 63 қисм

Бой одамларга ҳаддан ташқари мулозамат, лаганбардорлик қилиш, тез-тез улар билан бирга бўлиш ва уларни рози қилишга интилиш ҳам нафс касаллиги саналади.

Муолажа услуби

Ушбу касалликдан халос бўлиш учун кўпроқ мискин-камбағаллар билан бирга бўлиш, инсон Аллоҳ унинг тақдирига белгилаб қўйган ризққагина эга бўлишини, бойлар унинг улушини кўпайтира олмасликларини тушуниб етиши лозим.

Агар банда бойларнинг қўлидаги бойликларига умид қилиш ва таъмагирликни тўхтатса уларни ҳаддан ортиқ ҳурмат қилиши ва уларга муҳаббат қўйиши ўз-ўзидан йўқолади.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам обрўли ва бой одамлар Исломни қабул қилишларидан умид қилиб, уларни динга даъват этаётганларида бир кўзи ожиз саҳобий ёрдам сўраб келганида юз ўгирганлари учун танбеҳ бериб, алоҳида бир сура (Абаса – “юз буриштирди”) нозил қилди.

Ушбу суранинг дастлабки оятларида кўзи ожиз саҳобий Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳунинг қиссалари келтирилади. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурайш аъёнлари билан машғул эканликларини кўрмай, баланд овозда: “Ё Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ ўргатган нарсадан менга ҳам ўргатинг, деб халақит берганлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан юзларини буриштирганлари ва юз ўгирганлари ҳикоя қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шу ишлари туфайли илоҳий итоб келди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

أَمَّا مَنِ ٱسۡتَغۡنَىٰ ٥ فَأَنتَ لَهُۥ تَصَدَّىٰ ٦ وَمَا عَلَيۡكَ أَلَّا يَزَّكَّىٰ ٧ وَأَمَّا مَن جَآءَكَ يَسۡعَىٰ ٨ وَهُوَ يَخۡشَىٰ ٩ فَأَنتَ عَنۡهُ تَلَهَّىٰ 

Аммо (Сизни машғул қилган) бой кимсага эса, сиз у томонга интиласиз. У покланмаса, сизни ҳеч ким маломат қилмас. Энди, олдингизга югурган ҳолда (Аллоҳдан) қўрқиб келган киши эса, бaс, Сиз ундан чалғимоқдасиз (Аъбаса сураси, 5-10-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асло Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуни менсимаганларидан муборак юзларини бурмаганлар. Балки дин ташвиши сабаб бўлган. Чунки Макканинг зодагонлари мусулмон бўлса, Ислом дини кучaйиб, мусулмонлар сони янада кўпаярди.

Ушбу оятлар нозил бўлгандан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу келса, ридоларини тўшаб: “Роббимдан менга танбеҳ олиб берган киши, марҳабо. Бирор ҳожатингиз борми?” деб сўрардилар.

Аслида Расулуллоҳ алайҳиссалом сарвари коинот бўлишларига қарамай, фақирона ҳаёт кечирдилар, фақирликлари ожизликларидан эмас, балки бойликка ружу қўймаганларидан эди. Мискин ва фақирларни яхши кўрганлар, мажлисга борганларида қаерда бўш жой бўлса, шу ерга ўтирар эдилар, ҳатто келган одам: “Қайси бирингиз Муҳаммад алайҳиссаломсиз?” деб сўрарди.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мискинлар, қул-хизматчилар билан бирга юрар, уларнинг эҳтиёжларини таъминлар, бундан асло тортинмас, орланмас эдилар” (Имом Насоий, Имом Абу Довуд ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга: Камбағалларни севинг ва улар орасида кўпроқ бўлинг!деб насиҳат қилганлар.

Қанчадан-қанча фақирлар бор, лекин нафси тўқлиги сабабли борига қаноат ва шукр қилиб яшайди. Аммо бойлар бор, мол-дунёси қанча кўпайса-да, нафси ва кўзи очлиги сабабли тинмай ўз ҳолидан нолиб, ношукрлик қилади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бойлик мол(дунё)нинг кўплигида эмас. Балки (ҳақиқий) бойлик нафс тўқлигидир”, деганлар (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим, мени мискин ҳолда яшат, мискин ҳолда ўлдир ва Қиёмат куни ҳам мискинлар қаторида тирилтир”, деб дуо қилдилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: “Нима учун, ё Расулуллоҳ?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чунки улар жаннатга бойлардан қирқ йил илгари киради. Эй Ойша, мискинни қуруқ қайтарма, ҳеч бўлмаса яримта хурмо бўлса ҳам бергин. Мискинларга муҳаббатли ва яқин бўл. Шунда қиёмат куни Аллоҳ сени Ўзига яқин қилади”, дедилар.

Расулимиз алайҳиссаломнинг тарбия мактабларида таҳсил олган саҳобалар розияллоҳу анҳум ҳам мискинларни яхши кўриб, ҳурмат қилишарди.

Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу мискинларни яхши кўргани ва кўпинча улар билан суҳбатлашиб ўтиргани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни “Абул масакийн” (“Мискинлар отаси”) деб чақирганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларидан бири Зайнаб бинти Хузайма розияллоҳу анҳо онамиз ҳам мискин ва фақирларга кўп эҳсон қилганлари учун “Уммул масакийн” (“Мискинлар онаси”) деб номлашган.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга етти нарсани васият қилдилар:

– камбағалларни севиш ва уларга яқин бўлиш;

– ўзимдан юқоридагиларга эмас, балки пастдагиларга қараш;

– қавм-қариндошларим билан, гарчи улар ёмонлик қилишса ҳам, силаи раҳмни боғлаш;

– “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” зикрини кўп айтиш;

– Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмай, аччиқ бўлса-да ҳақиқатни гапириш;

– одамлардан бирор нарса сўрамаслик” (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳи: “Ким охират саодатини истаса, мискинлар билан ўтирсин”, деганлар.

Аллоҳ таоло мискинларни севувчи қалби пок бандаларидан қилсин! Китоб тугади...

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

1585 марта ўқилди

Мақолалар

Top