Мақолалар

Бугун у ота... Эртага сен ота бўласан

Ота-онага яхшилик қилиш шундай қиссаки, уни сен ёзасан, болаларинг сенга ҳикоя қилиб беради!

Ҳеч ким оталарнинг фазлини инкор қила олмагай, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Робнинг розилиги отанинг розилигидадир, Робнинг ғазаби отанинг ғазабидадир”.

Бошқа бир ҳадисда: “Робнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир, Робнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир”, дейилган.

Ота гўё чодирнинг тиргагига ўхшайди, у қуласа, чодир бутунлай қулаб тушади!

Гоҳида биз фарзандлар оталаримизнинг бизга айтган баъзи буйруқларидан малолланамиз, жаҳлимиз чиқади, юрагимиз торлик қилади, “уфф”лаймиз ҳам, улар айтган гап ёшимизга муносибмасдек, майда-чуйда нарсадек туюлади. Лекин улар буни бизга қайғурганларидан айтган бўлишади...

Бир киши бундай ҳикоя қилади:

Отамнинг дунёдан абадий риҳлат қилган тундаги чеҳраларини ҳануз эслайман...

Уйга келганларида мен кечки овқатимни тановул қилаётган эдим, соғлиғимга қайғуриб, овқат ҳазм қилиш тўғрисида баъзи нарсаларни насиҳат қилдилар, ҳар хил таомларни аралаштириб еявермаслигим кераклигини айтдилар-у олдимдан кетдилар. Мен бироз ранги қочган юзларида маҳзунлик асарини кўрдим.

Эртаси куни руҳлари оламлар Роббига кўтарилди. Бу қадар шиддатли ўлимга илгари сира гувоҳ бўлмагандим. Негаки бу ўлим мен учун энг қимматли инсонни – отамни олиб кетаётган эди.

Вафотларидан неча-неча йиллар ўтган бўлса ҳам гоҳ-гоҳида отамнинг насиҳатларини эслаб йиғлаб оламан...

Шундай экан, отангизнинг этагини маҳкам тутинг. Бугун у ота, эртага сиз ота бўласиз! Набий алайҳиссалоту вассалом айтадилар: “Ота жаннат эшикларининг энг ўртаси (яъни энг яхшиси)дир. Хоҳласанг бу эшикни бой бер, хоҳласанг ғанимат бил!”

Отам вафот этгандан кейин қанчалик заиф эканимни ҳис қилдим... Яқин суянч изладим, лек топа олмадим!

Демак, ёшимиз, мансабимиз, номимиз қанча кўтарилса ҳам, оталаримизга муҳтожлигимизча, заифлигимизча қолаверарканмиз!

Оталаримиз бизни самоларда парвоз эттирадиган қанотларимиздир!

Бир шоир отасига атаб қуйидагича шеър ёзган экан:

Менга сиз ўргатдингиз қалам тутишни

Сўзларнинг таъмин билиб, шеърлар битишни.

***

Ҳадяларни улашган ҳам сиз эрурсиз

Дарё-денгиз сувидан менга берурсиз.

***

Таомлантирдингиз гўё қушлар мисоли

Бундан мақсадингиз фақат Аллоҳ висоли.

***

Қуръоннинг сураларин сиздан уқтирдим

Сўнг худди нағма мисол тилга юқтирдим.

***

Қироатни ўргатдингиз эътибор бериб

Сўзларнинг таг-тубидан дурларни териб.

 

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

1362 марта ўқилди

Мақолалар

Top