Мақолалар

Эркакларга 6 тавсия

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Иблис тахтини сув устига қўяди. Сўнгра ўз лашкарларини (одамларни ҳақ йўлдан оздириш, ораларида фитна солиш мақсадида) жўнатади. Шайтонваччалар (ҳисобот топшириш учун) Иблисга келиб: “Мен фалон ва фалон ишларни қилдим” дейди. Шунда Иблис: “Ҳеч нарса қилмабсан” – дейди. Сўнгра яна бир шайтон келиб Иблисга: “Мен эр-хотинлар орасига тушиб, уларнинг орасини ажратмагунимча уларни тинч қўймадим” дейди. Шунда Иблис: “Сен (шайтонларнинг) энг яхшисисан” – дейди, дедилар».

Оила муқаддас бўлиб, уни асраб-авайлаш учун эр-хотин биргаликда ҳаракат қилмоғи лозим. Оила мустаҳкамлигини сақлаш учун қуйидаги маслаҳатларга амал қилишингизни тавсия этамиз:

  1. Кечириб юборинг ва эсдан чиқаринг! Аёлингиз қилган ҳар бир хато-камчиликлари учун жиғибийрон бўлаверманг, айримларини эсдан чиқаринг, айб иш қилса кечиринг.

Олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, кечирувчан инсонлар гина-кудрат сақлаб юрадиганлардан кўра бахтли ҳаёт кечиришар экан. Олимлардан бири: "Бахтли никоҳ бу – икки кечиришни биладиган эр-хотиннинг бирлашмасидир", деб айтганди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Одам боласининг барчаси хатокордир. Хатокорларнинг энг яхшиси кўп тавба қилувчилардир", дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривояти).

Ким айбсиз дўст истаса, ёлғиз яшайди. Ким нуқсонсиз хотин истаса, бир умр бўйдоқ ўтади.

  1. Кўпроқ вақтингизни биргаликда ўтказинг! Афсуски, жуда кўп эр-хотинлар оз вақтларини бирга ўтказишади. Кўпчиликда биргаликда сайр қилишлар, овқатланишлар, суҳбат қуришлар қисқа муддат давом этади, кейин эса уларнинг барчаси тарихга айланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан суҳбатлашганларида бутун таналари билан бурилиб, сўзловчига бор диққат-эътиборларини қаратар эдилар. Энди сиз ҳам телефондан бошингизни кўтаринг, телефонни ўчириш вақти келди. Аёлингиз билан дилдан суҳбат қуринг. Жуфти ҳалолингизни тинглашга вақт ажратинг.

Тадқиқотларга кўра, энг бахтли никоҳлардаги эр-хотинлар бир кунда камида беш соатларини бирга сарфлашар экан. Чарчаган бўлишингиздан қатъи назар, оилангизни мустаҳкамлаш учун аёлингизга вақт ажратинг. Майлин, энг оддий усулда бўлса ҳам, масалан, чой устида ёки кўчада сайр қилиб суҳбатлашинг.

  1. Севишингизни изҳор қилиб туринг! Аёлингизга севишингизни ҳар куни билдириб туринг. Ишга кетишингиздан олдин пешонасидан ўпибми ёки СМС, ижтимоий тармоқлар орқали хабарлар ёки қоғозга битилган мактублар орқалими хуллас йўллари кўп. Муҳими ҳар куни ёқтиришингизни изҳор этишни унутманг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Севганларингизга севишингизни изҳор қилинг!" деганлар. Аёлингизга севишингизни изҳор қилганингизда аёлингиз: "Аллоҳ ҳам Сизни севсин" деб ҳаққингизга дуо қилсин!

  1. Камроқ танқид қилинг! Чунки танқидни ҳеч ким ёқтирмайди. Кўп танқид қилиш зарар етказиши мумкин. Танқид одатда бирор нарсанинг фақат ёмон жиҳатларини кўришдан келиб чиқади. Аёлингизнинг бирор ёмон хулқ ёки одати бўлса, уларни секин асталик билан тузатиб боришига кўмаклашинг. Аёлингизнинг айби учун ҳадеб танқид қилаверишингиз, кичик камчиликнинг катталашишига олиб келади. Жуфти ҳалолингизнинг ижобий хулқларига кўпроқ эътибор беринг! Шунда камчиликлари кўринмай кетади.

  2. Ташаккур билдириб туринг! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Одамларга ташаккур айтмаган киши Аллоҳга шукр қилмаган бўлади”, дедилар.

Аёлимиз кўнглимизни кўтарадиган бирор иш қилса, гўёки ўз вазифасини бажаряпти деган ўй-хаёл билан унга миннатдорчилик билдирмаймиз. Аёлингизнинг ҳар бир, ҳатто кичик, эҳтимол сиз учун арзимасдек туюлган ишини ҳам қадрлаб, миннатдорлик билдиринг, кўнглини кўтаринг, янада илҳомлантириб туринг.

  1. Мулойим бўлинг! Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ мулойимдир. Ва мулойимликни яхши кўради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бахтиёр оиланинг асосини – эр-хотиннинг ўзаро бир-бирига мулойим муносабатда бўлиши ташкил этади.

Тўғри, турмуш давомида турли келишмовчилик, тушунмовчиликлар юзага келганда мулойим муносабатда бўлиш ўта мушкул. Лекин айнан шундай вазиятларни мулойимлик, оғир-босиқлик билан ҳал қилиш, эр-хотин ўртасидаги муҳаббатни янада зиёда этади, мустаҳкамлайди.

Аллоҳ таоло оилаларимизни холис Ўзининг муҳаббати асосига қурилишини насиб этсин. Оилаларимиз ҳамиша тинч ва бахтиёр бўлсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

1356 марта ўқилди

Мақолалар

Top