Мақолалар

Муваффақиятга қандай эришиш мумкин? (2 қисм)

Кўпчилик инсонлар аслида дангаса бўлмайди, шунчаки уларда бирор иш қилишга туртки бўла оладиган арзирли мақсадлари бўлмайди.

Бирор иш қилишни ният қила олаяпсизми, олдингизга маълум бир мақсад қўя оляпсизми, демак, Аллоҳнинг изни билан уни амлага ошириш имкониятига ҳам эгасиз! Сизни ўзингиздан бошқа ҳеч нарса чўққини забт этишдан тўсиб туролмайди. Йўлингизни бутунлай тўсиб қўядиган нарсанинг ўзи йўқ, фақат ўзингиз сусткашлик қилмасангиз бўлгани!

Ҳаётингизда кечадиган ҳар бир машаққат сизни чиниқтиради, сайқаллайди ва ютуқ томон яқинлаштиради!

Ютуққа эришишга бўлган мақсадингизда маҳкам туринг, чунки бирор ишга қаттиқ ёпишиш – йўлда ғов бўладиган тўсиқларни бартараф этади. Сиз тинмай муваффақият ҳақида ўйласангиз, Аллоҳнинг изни билан албатта муваффақиятга эришасиз.

Вақтингизни ғанимат бўлинг ва тўғри назорат қилинг. Вақтни тўғри бошқаришдаги энг осон йўл – “қилишинг керак бўлган нарсани ҳозироқ қил, бугунги ишни эртага қўйма” қоидасидир.

Ўзингизга мутахассислик танланг ва шу соҳада муваффақиятга интилинг. Чунки илм ҳам айни вақтда маълум бир соҳани танлашга олиб борувчи йўлдир! Доим бошланғич талабадек таълим олинг! Негаки, бошланғич талаба илмга жуда рағбатли ва қизиқувчан бўлади.

Катта инсон бўлишингиз учун фикрлашингиз катта бўлиши лозим! Бирор мавзу ҳақида билимингиз ортгани сайин ўзингизга ишончингиз ортади. Ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен илм талабида бўлмаган одамга ҳайрон қоламан, ахир қандай қилиб илм олмай туриб, ҳурматга сазовор бўлсин?!”

Ҳаётда муваффақиятга эришишнинг ҳамда оилангиз, дўстларингиз орасида ҳурматга сазовор бўлишнинг асоси бу – ўзингизни ҳурмат қилишингиздир. Зеро ўзини ҳурмат қилган инсон бошқаларга ҳам яхши муомалада бўлади.

Ўзини ҳурмат қилиш деганда инсон ўзини ичидаги улкан қудратлар йўлида сафарбар қилиши тушунилади. Гоҳида ичингизда катта имкониятлар бўлади, лекин сиз уни ташқарига чиқармай юрган бўласиз. Қўйинг, юзага чиқсин!

Нафсингиз устидан бошлиқ бўлмагунингизча ҳаётда муваффақиятга эришолмайсиз, қадрингизни билолмайсиз. Нафсга, шаҳватга ёки бирор манфаатга асир бўлиб қолмаслигингиз керак!

Ўзингизни ўзингиз тарбиялаб боринг, сизни тарбиялайдиган, таълим берадиган, айбларингизни кўрсатадиган, хатодан қутқарадиган одамни кутманг. Хато қилмайдиган одамнинг ўзи йўқ!

Қарор қилганингиздан кейин тараддудланманг. Ташқи сабабларни, бошқаларни айблашдан қочинг, йўқса уларга сизни синдирадиган росмана кучни ўзингиз бериб қўйган бўласиз. Жангсиз ютуққа эришиб бўлмайди. Муваффақият қурбонликсиз бўлмайди!

Ҳурматингизни сақланг, бу одамларнинг сизга муносабатини белгилайди. Лекин бундан аввал Аллоҳга суянинг, Усиз ҳеч нарса рўёбга чиқмас! Диннинг қонун-қоидаларига доимо амал қилинг, ундан сира ҳам бурилманг. Зеро қоидалар ўлмайди, асослар ўзгармайди.

Бошқалар ҳақида яхши гумон қилинг. Бирор иш ножўядек кўринса яхши маънога йўйинг. Самимий ва хушмуомала бўлинг!

Ҳиссиётга берилманг, чунки бу ақл чироғини ўчиради. Бирор муоммага дуч келсангиз босиқлик билан уни ҳал қилишга урининг. Жаҳл билан ёндошманг. Аввало муаммони яхшилаб ўрганинг, нимадан келиб чиққанини аниқланг. Нима маъқул, нима номаъқул эканини ажратиб олинг. Хатоларни эътироф этинг!

Унутманг, одамлар гапингизга қараб эмас, қилаётган ишингизга қараб баҳо беришади!

Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлинг! Доимо ҳар ишингизда Аллоҳга суянинг, Ризо – бажарилажак гўзал ишнинг бошидир! Бирор ишга қўл уришдан олдин: “Бу ишимда Аллоҳнинг изни билан омадсизлик бўлиши мумкин”, деган тушунчани зеҳнингизга жо айланг! Унга таваккул қилинг. Аллоҳ таолога У сизни эшитишига аниқ ишонган ҳолда муножот қилинг!


Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

1116 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Лимон – ҳинд олмаси Қаттиққўл отамнинг меҳри »

Мақолалар

Top