Мақолалар

Бугун югурмаган, эртага шифокорга югуради

Бугуни кунда дунё бўйлаб жуда кўп одамлар спорт билан шуғулланишади. Соғлиқни сақлаш, кучли ва жисмонан соғ бўлиш учун турли машқлар қилишади, баданларини чиниқтирадилар. Одамларнинг аксарияти фақат шу мақсадда спорт билан шуғулланадилар. Лекин афсуски Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам спорт билан шуғулланишга қанчалик тарғиб этганларини яхши билишмайди. Севимли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам спорт билан шуғулланишга даъват этардилар ва шуғулланувчиларни рағбатлантирардилар, албатта ўзлари ҳам мунтазам равишда шуғулланардилар.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада ҳаммага намуна эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жисмонан бақувватлик ва жисмларига ғамхўрлик қилишда энг яхши спортчилардан ҳам афзал бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кучли мўмин кучсиз мўминдан Аллоҳга севимлироқдир, лекин ҳар иккисида ҳам яхшилик бор", деганлар.

Сиҳат-саломат ва кучли бўлишнинг банданинг Аллоҳга тоат-ибодат этишида, динга хизмат қилишида, шахсий ҳамда оилавий мажбуриятларини бажаришида таъсири катта.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, сенда жасадингнинг ҳам ҳаққи бор", деганлар.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баданлари бақувват, тана аъзолари бир-бирига мутаносиб, хушбичим, қоринлари ҳам текис эди деб тавсифлашган. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эпчил ҳамда кучли бўлганликларидан далолат беради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юрганларида худди тепаликдан тушиб келаётган одамдек қадам босардилар. Оёқларини ердан кўтариб юрардилар. Одатда инсон катта куч билан юрганида, шу тарзда юради.

Набий алайҳиссалом билан бирга йўлга чиққанлар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан юриб чарчаб қолишарди. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: "Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб олиш учун ҳаракат қилардик, охири чарчаб қолардик, лекин у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сира чарчамас эдилар, одатдагидек йўлда давом этардилар". Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари кучли бўлганининг белгисидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Фарзандларингизга сузишни, камондан ўқ отишни ва от минишни ўргатинглар", деганлар.

Севимли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камончи, чавандоз, пойгачи эдилар ва Рукона билан кураш ҳам тушганлар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша пайтда мавжуд бўлган барча энг яхши спорт турлари билан шуғулланган эканлар.

Шундай экан, энг аввало спорт билан шуғулланиш – суннат эканини яхши билиб олайлик. Агар югуришга чиқсак, футбол ўйнасак, машқлар қилсак ёки спортнинг бошқа турлари билан шуғуллансак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни, у зот алайҳиссаломга эргашишни ният қилишимиз лозим. Спорт билан шуғулланувчи Аллоҳга итоат этиш, оиласи, халқи ва ўзига хизмат қилиш учун жисмини мустаҳкамлаши учун спорт билан шуғулланишни ният қилиши керак. Шунда унинг қалби ҳам, бадани ҳам соғлом бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон кишининг беҳуда кўнгилхушлик қилиши ботилдир. Камонидан ўқ отса, отини ўргатса ва аҳли билан ўйнашса, мустасно. Бу нарсалар ҳақдандир”, деганлар.

Чунки банда бу машқлар орқали баданини чиниқтиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам спорт билан шуғулланишга нафақат саҳобаларни, балки аёлларини ҳам тарғиб этардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида от минадиган аёллар ҳам бор эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақасини ўтказганлар. Бу югуриш мусобақаси пайтида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Бу билан Набий алайҳиссалом аёлларини соғлом бўлишга даъват қилганлар. Аёл кишининг гўзал ва нафис бўлишида спортнинг ўрни беқиёс.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсан ўзлари пойга мусобақаларини ташкиллаштирар эдилар. Отлар пойгаси бўларди, ғолибларга мукофотлар ҳам бериларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Адба исмли кучли туялари бор эди, у пойгаларда ҳамиша ғолиб бўларди. Аммо бир сафар бадавийнинг туяси ундан ўзиб кетди. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини қўллаб-қувватлаётган саҳобалар тушкунликка тушишди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини жуда яхши кўришарди. Шу сабабли, туянинг мағлуб бўлганини кўриб қаттиқ хафа бўлишди. Уларни маҳзун ҳолатда кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг қонуни бу. Дунёда юксалган ҳеч бир нарса йўқдирки, Аллоҳ уни қуйига туширмаган бўлса”, дедилар.

Бугунги кунда ҳам айрим ёшлар бирор жамоаси ютқизса хафа бўлиб, қаттиқ безовталанишади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ҳеч ташвишланмасликка ўргатганлар. Қайси жамоа ғолибликни қўлга киритса буни одатий тарзда қабул қилиш керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бизга пайғамбар қилиб юборган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Бизни барча яхшиликларга йўллаган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз салавотлар бўлсин. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликнинг барча эшикларини бизга очиб берганлар.

Даврон НУРМУҲАММАД

1099 марта ўқилди

Мақолалар

Top