Мақолалар

Қувилган еримда иззат топдим

Муҳандислик факультетига ўқишга кирдим. Бошида ўзим қизиққан соҳа менга бироз қийинлик қила бошлади. Лекин шунга қарамай қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. Ўқув йили ҳам охирлаб, имтиҳонлар бошланди. Биринчи имтиҳондан ўта олмадим. Лекин яна бир имкониятим бор эди. Қайта имтиҳон топширишга тайёргарлик кўра бошладим. Ота-онамга биринчи имтиҳон натижаларини билдирмадим. Очиғи, айтишга қўрқдим. Чунки улардан яхшигина дашном эшитишим турган гап эди.

Иккинчи имтиҳон ҳам ўтди. Лекин бу имтиҳонда фавқулодда ўта қийин саволлар тушди. Билмадим, балки ўзим яхши тайёргарлик кўра олмагандирман. Хуллас, қайта топшириш натижалари ҳам кўзни қувонтирмади. Имтиҳондан ўта олмаганингиздан кейин табиийки, ўқишдан четлатиласиз. Ўқишдан четлатилиш бу ўқишдан ҳайдалиш демакдир! Буни энди ота-онамга қандай айтаман деб роса ўйландим. Хаёлимга ҳар хил ёмон фикрлар келиб, ўзимни бирор нима қилсамми деб ҳам ўйладим. Лекин дарҳол ўзимга келиб, шайтоннинг васвасасига чап бердим. Ахир ота-онам мени шунча йил боқиб катта қилиб, не умидларда ўстириб, энди кўзларини қувонтирадиган пайтимда доғимни кўриб ўтиришса-я! Йўқ, асло ундай иродасизлик қилмайман. Шартта бораман-да бўлган ишларни очиқ-ойдин айтаман. Улар менинг энг яқин инсонларим. Мени ҳаммадан кўра яхшироқ тушунишади. Шундай ўйлар оғушида қишлоққа йўл олдим.

Уйга кирар эканман, мени зиёратга келди деб ўйлаб кутиб ўтирган ота-онамга шумхабарни қандай етказишни билмасдим. Энди гап бошлайман десам бўғзимга нимадир тиқилиб қолар, гапиришга қийналардим. Охири бўлмади, нима бўлса, бўлар дедим-да, ичимдаги дардимнинг ҳаммасини тўкиб солдим.

Гапиришга гапирдим-у, ҳаяжондан ичим қизий бошлади. Хонадаги сукунат қулоқни ёриб юборгудек бўлса ҳам, негадир қулоғимга бошимда синадиган таёқнинг қарсиллаши, ҳали айтилмаган сўкишлар эшитилаётгандек бўлди. Онам бошларини қуйи солган кўйи қимирламай ўтирибдилар. Уларнинг одатларини биламан: отамнинг ҳузурларида худди подшоҳ олдидаги вазир каби сукут сақлаб турадилар, ўрни бўлса, гапирадилар. Онамдан хавотирим йўқ, улар менга ҳар нима бўлганда ҳам меҳрибончилик қиладилар. Ҳамма хавотирим отамдан. Ҳар ҳолда оталар қаттиққўл бўлишади.

Отамнинг юзларига эгилган бошимни зўрға кўтариб бир-бир қараб қўяман. У киши бирор оғиз сўз демасдан узоқ ўйландилар. Чойдан бўшаган пиёлани худди нақшлари қандай чизилганини ўрганаётгандек ҳали у ёғиги, ҳали бу ёғини ағдариб-тўнтариб кўрардилар. Жазони олишдан кўра уни кутиш кишига азоб берар экан. Ниҳоят отам томоқларини бир қириб олдилар. Бошларини кўтариб менга қарадилар-да: “Ўғлим, сен эркак кишисан, бу ҳолатни ўзинг тўғрилай оласан!” дедилар. Бўлди, бошқа бирор сўз демадилар. Шу топда боядан бери пешонамдан оқиб турган терни, унинг совуқлигини ҳис қила бошладим. Елкамдан тоғ ағдарилгандек ўзим ҳам ўтирган жойимда ерга йиқилай дедим. Очиғини айтганда, мен бундан бошқача бўлишини кутгандим.

Хонамга кириб нарсаларимни жойлар эканман, отамнинг вазмин оҳангда айтган гаплари қулоғим остида қайта-қайта акс-садо бераётгандек бўлаверди. “Ўғлим, сен эркак кишисан, бу ҳолатни ўзинг тўғрилай оласан”.

Ёз фасли мен учун оғир ўтди. Бутун ёз бўйи отамнинг шу бир оғиз сўзлари хаёлимдан кетмади. Қаерда бўлсам ҳам, нима иш билан машғул бўлсам ҳам, бу гаплари хаёлимдан кетмасди. Чунки бу тушунган одам учун минг марта сўккандан кўра оғир гап эди-да!

Янги ўқув йили учун қабул кунлари бошланди. Яхши ниятлар билан аниқ фанлар факультетининг физика қисмига ҳужжат топширдим. Аллоҳнинг фазли ила имтиҳонлардан қониқарли баҳо олиб ўқишга қабул қилиндим.

Ўқув йилининг илк кунларида ота-онамдан дуо олиб шаҳарга отландим. Билим юртида ўтказган ҳар бир кунимда орқамда менинг муваффақиятимга интизор ота-онам, халқим, қолаверса, ўз билимим ва малакам билан мусулмонларга хизмат қилиш мақсади доимо диққат марказимда бўлди.

Аллоҳни баракаси ила бу сафарги илм таҳсилида кўплаб ютуқларга эришдим. Ҳаттоки, битирув имтиҳонларидан юқори баҳолар олиб имтиёзли шаҳодатнома (диплом) олишга муваффақ бўлдим.

Ундан кейин ўқишни тўхтатиб қўймадим. Ўз соҳамда аввал магистрлик, кейин эса докторлик даражаларига эришдим. Албатта, буларнинг бари Аллоҳнинг фазли ва ота-онам дуолари шарофатидан ўзга нарса эмас эди.

Бир куни институт эълонлар тахтасида ўзим ҳайдалган муҳандислик факультетига устоз қидирилаётганига кўзим тушди. Эълонни кўрдим-у бир неча йил илгари бўлиб ўтган воқеалар зеҳнимда гавдалана бошлади. Ўқишдаги қийинчиликлар, муваффақиятсиз имтиҳонлар ва албатта, отамнинг ўша гаплари...

Ўйлаб-ўйлаб устозларимнинг маслаҳат ва тавсиялари билан ўша факультет сўровига жавобан ариза ёздим. Аризамни ижобий қабул қилиб мени муҳандислик факультети физика ўқитувчиси қилиб ишга олишди.

Институтдаги фаолиятим давомида раҳбарият тарафидан катта ўқитувчи лавозимига лойиқ кўрилдим. Институтдаги хонамга савол сўраб кирган талабалардан ташқари, турли юмушларда кўплаб инсонлар ташриф буюришарди. Уларнинг кўзлари хонам эшигидаги “Қувилган еримда иззат топдим” деган ёзувга тушарди.

Ҳа, мен шу ёзувни эшигимга ёздириб қўйгандим. Бу билан ҳар куни ишга келганимда, ҳар сафар хонамга кирганимда Аллоҳнинг неъматларини ёдга олишни мақсад қилгандим. Эшигимдаги ёзув ҳақида сўраган ҳар бир кишига эринмасдан бошимдан ўтган ишларни, отамнинг оқилона тарбия услублари ва Аллоҳнинг фазли ҳақида айтиб, суҳбатдошларим ичида умидсизликка тушиб қолганлари бўлса, уларнинг сўниб қолган умид учқунларини алангалатишга ҳаракат қилардим.

Дарҳақиқат, ушбу ёзув аслида ким бўлганимни, Аллоҳнинг фазли ва отамнинг меҳри сабаб шу даражаларга эришганимни доимо ёдда сақлашимга сабаб бўлди.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

 

960 марта ўқилди

Мақолалар

Top