Мақолалар

Қайси сура Қуръоннинг ярмига тенг?

Қуръони карим - инсониятни ҳидоятга бошловчи Китоб. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломини башарият ичидан танлаб олган ҳабиб пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилди.

Қуръони каримдаги ҳар бир сура фазилатли. Лекин айрим сура ва оятларнинг алоҳида фазилатлари бор. Масалан, залзала сураси. Ушбу сура - Қуръони каримнинг ярмига тенг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Изаа зулзилат сураси Қуръоннинг ярмига тенг келади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Залзала сураси – Мадинада нозил бўлган, 8 оятдан иборат. Суранинг номи унинг биринчи оятидан олинган. Залзала – “зилзила” деган маънони англатади. Сурада қиёмат қоим бўлгандаги зилзила ҳақида сўз кетади. Сура қиёмат кунидаги баъзи воқеаларнинг васфи билан бошланади. Сўнг одамларнинг қайта тирилиши ва ҳисоб-китоб ҳақида сўз кетади. Қуръони каримнинг деярли ярим қисмида бу кун ҳақида оятлар келган. Шу сабабли, Залзала сураси Қуръони каримнинг ярми ҳисобланади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Изаа зулзилатил арзу” (сураси)ни ўқиса, унга Қуръоннинг ярми(ни ўқиганнинг) савоби берилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

1647 марта ўқилди

Мақолалар

Top