Мақолалар

Сизни ҳеч ким тўхтата олмайди!

Бир йигит муваффақият сирини ўрганиш мақсадида хитойлик ҳакимлардан бири олдига борибди. Унга дебдики: “Менга муваффақиятнинг сири нима эканини айта оласизми?”

Ҳаким босиқлик билан: “Муваффақият сири – ундовчи сабаблардир!”.

Йигит сўрабди: “Ундовчи сабаблар қандай ҳосил бўлади?”.

Ҳаким: “Ёнган истакларингдан ҳосил бўлади!”.

Йигит ҳайрон қолиб сўрабди: “Бундай истаклар бизда қандай юзага келади?”.

Ҳаким бир-неча дақиқага чиқиб кетибди ва ўзи билан сув тўла катта идиш олиб келибди, кейин йигитдан: “Сендан ростдан ҳам ёнган истаклар қаердан келиб чиқишини билмоқчимисан?” деб сўрабди.

Йиғит сабрсизлик билан: “Ҳа, албатта”, дебди.

Ҳаким ундан сувни олдига яқинлашиб, унга қарашни сўрабди. У яқинга келиб қарабди.

Ҳаким тўсатдан икки қўли билан унинг бошини ушлаб, сувга тиқибди.

Бир-неча сония йигит қимирламабди, кейин секин бошини сувдан чиқариш учун ҳаракат қила бошлабди. Нафас етишмай бошлагач қаттиқ ҳаракат қилибди ва сувдан бошини чиқариб олибди. Кейин ҳакимга қараб жаҳл билан: “Бу нима қилганингиз?” дебди.

Ҳаким хотиржамлигини йўқотмаган ҳолда, табассум билан: “Бу тажрибадан нимани ўргандинг?” деб сўрабди.

Йигит: “Ҳеч нарсани ўрганмадим!”

Шунда ҳаким унга қараб айтибдики: “Йўқ, болажоним! Кўп нарсани ўргандинг. Биринчи сонияларда сен ўзингни сувдан қутқармоқчи бўлдинг, лекин сендаги сабаблар буни қилишинг учун ҳали етарли эмасди.

Кейин ҳаракат қилишни, қарши чиқишни бошладинг, лекин секинлик билан. Чунки сабаблар ҳали энг юқори даражага етмаган эди.

Ниҳоят, ичингда ўзинги қутқариш истаги ёнди. Шу вақтдагина сен ютдинг. Чунки бу вақтда сенинг қаршилигингни ҳеч нарса тўхтатолмасди, қутилишга бўлган кучли иштиёқинг билан ҳар қандай қаршиликни енга оладиган ҳолатда эдинг. Ҳа, бўтам, бирор ишни қилишга бўлган иштиёқинг аланга олса, сени ҳеч ким тўхтата олмайди”.

Йўлингизда тўсиққа учрасангиз, ортга чекинманг. Аксинча, уни бузиб ўтиш ёки остидан ёхуд устидан ошиб ўтиш йўлини ахтаринг!

Ҳаёт бу инсон ўз шахсиятини қидириш дегани эмас, балки инсон ўз шахсиятини яратиши демакдир!

Напалеон Бонапарт шундай дер экан: “Агар осмонўпар Алп тоғлари илдамлашда йўлимга ғов бўлса, у ҳолда улар ердан йўқолсин!”.

Машаққат миқдорича олийликка эришилади. Ким юксаклик истаса тунлари бедор бўлиши лозим. Машаққатсиз юксакликка эришаман деган одам умрини бекор ўтказган, бажариб бўлмас ишга бағишлаган бўлади.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

846 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Яхшилик шарчалари Ота... »

Мақолалар

Top