Мақолалар

Ота...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  1. Отанг сени айблаб уришаётган пайтда сени ёмон кўрганидан уришмайди.
    2. Отанг сенга босим ўтказаётган пайтда энг яхши нарсалар сен учун бўлишини умид қилади.  
    3.   Отанг  жим турган  пайтда у сенинг келажагингни ўйлаётган бўлади. 
    4. Отанг сенга тежамкорлик билан сарф қилаётганида, билгинки, унинг ўзи шу нарсадан бутунлай тийилган бўлади.
    5. Отанг чуқур нафас олиб, сенга хўрсиниб қараганини кўрганингда, билгинки, бунга албатта сен сабабчисан.
    6. Юзингда акс этган белгиларга қараб кулганида, билгинки, уни бахтиёр этган – сенсан! 
    7. Отанг сенга нисбатан қаттиққўллик қилаётганини кўрганингда, билгинки, сен унинг насиҳатларига қулоқ солмаяпсан, амал қилмаяпсан. 
    8. Отанг танг аҳволда хонасининг эшигини сенга ёпганида, билгинки, у сенинг баъзи қилмишларинг ва хатти-ҳаракатларингдан йиғлаётган бўлади.
    9. Отангга овозингни баланд кўтарганингда, сен уни ўлдираётган бўласан! Ҳа, уни ўлдиряпсан, сен отангни ўлдиряпсан!
    10. Сен ўзингни дарбадар, хаёли сочилган ҳолатда кўрганингда, билгинки, отанг сендан ғазабланган бўлади.
    11. Отангни гапирмай, қимирламай тўшакда ётганини кўрганингда, билгинки, сен катта бир суянчиғингни йўқотдинг. Хотиралар тўлдиролмайдиган катта бўшлиқни орттириб олган бўлдинг. Шу билан бирга унга яхшилик қилиб олиш фурсатини ҳам қўлдан бой бердинг.   
    Чунки у озгина вақтдан кейин жонсиз жуссага айланади. У бундан буён сени эшитмайди, сенга иш буюрмайди, сенга ҳайқирмайди, сенга танбеҳ бермайди, сенга босим ўтказмайди. Ишонгин, ҳали сен отангни ич-ичингдан соғинасан. Нафақат сенга бўлган ғамхўрликлари, табассумлари ва насиҳатларини, ҳатто унинг танбеҳлари, койишлари, жеркишлари ва ҳайқириқларини ҳам соғинасан. Қаттиққўллиги, талабчанлиги, ҳатто туртки ва зарбаларига ҳам муштоқ бўласан. 

Чунки отанг сени аччиқлантирган ва сенга ёқмаган ишларни аслида сен учун қилганига амин бўласан. Отангнинг сенга ҳайқириши унинг соғлиғига катта зарар етказганини тушуниб етасан. Отангдан кейин ҳеч ким сени отангчалик ўйламаслигини англаб етасан, ҳатто ёшинг қирққа етган бўлса ҳам, ўзингни суянчиқсиз, ёлғиз ҳис қилаверасан. 

Отанг ўтгач, сен унга кўп зулм қилиб қўйганингни, отанг эса нима иш қилган бўлса ҳам, сени деб, сени қаттиқ яхши кўргани, сени энг гўзал инсон сифатида кўришни истагани учун қилганини тушуниб етасан. Шунда сен отангдан узр сўраб олиш учун у билан бир бор бўлса ҳам кўришишни, отанг истагандек инсон бўлишни айтишингни орзу қиласан. Лекин у пайтда фурсат бой берилган бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта фарзанд (ота-онанинг) бахил бўлишига, қўрқоқ бўлишига, илмсиз бўлишига, хафа бўлишига сабабдир», дедилар (Ҳоким ва Табароний ривоят қиладилар).

– Бахилликка сабаб бўлиши: ота-она мол-мулкини боламга бўлсин деб, бировларга, ҳатто ўзига ҳам сарфлашдан қизғанади. Боласига эса борини, соғлигини, ҳатто жонини ҳам аямайди.

– Қўрқоқликка сабаб бўлиши: фарзандларини ўйлаб бирор қалтис иш қилишдан, сафарларга чиқишдан қўрқоқлик қилади, натижада кўплаб яхшиликлардан маҳрум бўлиб қолади. 

– Илмсизликка сабаб бўлиши: оиласини ўйлаб, уларнинг таъминоти билан машғул бўлиб, илм учун сафар қила олмайди, касб билан машғул бўлиб, илмга кам вақт ажратади.

– Хафаликка сабаб бўлиши: боласига етган касаллик, кўнгилсизлик ва шу каби азиятлар учун хафа бўлади.

Биз фарзандлар ота-оналаримизнинг ушбу меҳнат-машаққатларини унутиб юбормаслигимиз лозим. Барча ишларимизни ортга суриб бўлса ҳам, ота-онамизнинг хизматида бўлишимиз даркор. Ота-онамиз ғанимат, бугун бор, эрта йўқ инсонлар. Хизматларини ўз вақтида, ортга сурмай қилиб олмасак, эрта қанча афсус-надомат чекмайлик, фойдаси бўлмайди.

Ота-оналаримиз Аллоҳ таолонинг офиятида бўлишсин, вафот этганлари бўлса, Аллоҳ таоло раҳматига олсин!

Қудратуллоҳ Сидиқметов
«Ҳилол» журналининг 3(48) сонидан

 

1010 марта ўқилди

Мақолалар

Top