Мақолалар

Бақиъ қабристонига дафн этилган илк саҳобий ким?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг вафот этганини эшитганларида кўз ёш тўкканлар. Бақиъ қабристонига дафн этилган илк муҳожир саҳобий – Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу саналади.

Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Маккада дунёга келди. Отаси Мазъун ибн Ҳабиб ибн Ваҳб, онаси Сухайла бинту Анбас. Куняси Абу Соиб эди.

Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу оилада яхши тарбия кўриб улғайди. Қабиласи орасида одоби билан ажралиб турарди. Ниҳоятда зийрак, ақл-заковатли ва гўзал хулқли инсон эди. Ҳатто жоҳилият даврида ҳам ичкиликка яқинлашмаган. У: “Ақлимни оздирадиган, одамларга масхара бўлишимга сабаб бўладиган ва ўзимга муносиб бўлмаган аёлга уйланишимга мажбур қиладиган бу нарсани асло ичмайман”, деб айтарди.

Ўттиз ёшида Исломни қабул қилди. Бу ҳақда бундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг оилаларига муҳаббатим жуда кучли эди. Кунларнинг бирида Набий алайҳиссаломга ваҳий нозил бўлаётганига гувоҳ бўлдим. Бу ҳодиса менинг қалбимда иймон нури порлашига сабаб бўлди”.

Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу кечаларини ибодат билан ўтказар, кундузлари эса рўза тутар, уйда ҳатто бир кунлик таом сақламасди. Дунёга муҳаббат қўймади, обид ва зоҳид, хайрли ишларда пешқадам, ҳақ йўлда мустаҳкам ва Ислом йўлида фидокор бўлди.

Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу мушрикларнинг тазйиқ ва таҳдиди гирдобида қолганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат қилишга рухсатлари бўлганидан сўнг аёли, ўғлини олиб Мадинага ҳижрат қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир қанча ғазотларда иштирок этди.

Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Бадр ғазотидан кейин касал бўлиб қолди. Оғир бетобликдан сўнг Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Уммул Аълонинг хонадонида вафот этди. Бу ҳақда Уммул Аъло бундай дейди: “Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг вафотини эшитиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизга келдилар. У зот алайҳиссалом кўз ёш тўкиб: “Аллоҳ ва Расулини севарди. Эй Абу Соиб. Аллоҳ сени раҳматига олсин! Дунёдан ўтдинг. На Сен дунёга муҳаббат қилдинг, на у сенга муҳаббат қилди. У бизнинг қандай яхши биродаримиз эди”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуни Бақиъ қабристонига дафн этишни буюриб, жанозани ўзлари ўқиб бердилар.

Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Бақиъ қабристонига қўйилган дастлабки муҳожир сифатида тарихда қолди.

Маълумот учун: Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу Бақиъ қабристонига қўйилган илк ансорий саҳоба ҳисобланади.

 Даврон НУРМУҲАММАД

1109 марта ўқилди

Мақолалар

Top