Мақолалар

Ҳозир олсангиз битта, сабр қилсангиз иккита...

Дадам раҳматликнинг ажойиб одатлари бор эди. Болалик пайтларимиз олдимизга бир идишда бирор ширинлик ёки мева ё бўлмаса ҳамёнларидан бир нечта танга пуллар чиқариб қўярдилар. Кейин “Ким ҳозир шу нарсадан олса, фақат битта олади. Лекин ким нафсини тийиб бир соатдан кейин олса, иккита олади”, дердилар. Биз ҳам дадамнинг гапларидан келиб чиқиб баъзида сабр қилиб иккита олсак, баъзида қўйилган мева ё ширинлик кўзимизга чиройли кўриниб ўша заҳоти битта олиб еб қўярдик. Кейин мазалилигини билгач, “Эҳ, сабр қилсак бўларкан, бир соатгина сабр қилганимизда шундай зўр нарсадан иккита олган бўлардик, аттанг” деб афсусланиб ўтирардик.

Отам шу одатларини мунтазам давом эттирдилар. Бошида бир соат бўлган муддат кейин бир ярим соатга чиқди. Бу муддатга ҳам ҳаммамиз ўрганиб, қўйилган мукофотлардан иккитадан оладиган бўлганимизда муддат яна узайиб икки соатга чўзилди. Кейин уч соат бўлди. Кўп ўтмай тўрт соат, беш соат бўлиб чўзилиб кетаверди. Ҳар сафар отам биз янги муддатга ўрганиб қолганимизни сезсалар, муддатни чўзиб борардилар.

Кунлар ўтиб муддатлар узайгани сайин тажрибамиз ошиб, отам қўйган муддатга сабр қилишимиз осонлашарди. 4-5 соат бирор нарсани кутган болага яна бир соат кўпроқ кутиш қийинчилик туғдирмайди, албатта. Бора-бора биз соатга ҳам қарамай, отам олдимизга қўйган нарсалардан ўша заҳоти олмай, ярим кун ёки бир кун ўткандан кейин иккитадан олиб еяверадиган бўлдик.

Балоғат ёшига етиб зиммамизга Рамазон рўзасини тутиш фарз бўлганда билдикки, отам бу ишни бизга Рамазонда рўзага сабр қилишни ўргатиш учун қилар эканлар. Кейинчалик буни ўзлари тасдиқлаб “Мен Рамазонда қийналманглар, нафсларингизни бўйсиндиришни ўрганинглар деб босқичма-босқич сизларни мана шу услуб билан тарбия қилдим. Мана, Аллоҳнинг тавфиқи билан бу тажрибам ўз мевасини берди” дегандилар.

Дарҳақиқат, қиблагоҳимиз қўллаган мана шу услуб туфайли Рамазонда рўза тутишимиз осон бўлди. Нафақат Рамазонда балки мусулмондан сабр ва матонатни талаб қиладиган бошқа ишларда ҳам отажонимизнинг шу гапларини эслайдиган бўлдик: “Ҳозир олсангиз, битта сабр қилсангиз, иккита оласиз”.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

972 марта ўқилди

Мақолалар

Top