Мақолалар

Аллоҳга ишониш ва кишининг ўзига ишончи бир-бирига тўғри келадими?

Инсон аввал Аллоҳга, сўнг ўзига ишониши – катта ишларнинг бошланиш марказидир! Ахир сиз ўзингизга ишонмасангиз, ким ҳам сизга ишонарди?!

Бошқалардан ажралиб турадиган алоҳида шахс бўлиб етишишга уринишингиз – сиз учун ҳаётдаги энг катта беллашув майдонини яратади, негаки дунё сизни бошқа одамларга ўхшаган шахс қилишга доим ҳаракат қилади.

Аслида сизни бошқалардан яхшироқ ва афзалроқ бўлишингиздан тўсиб турадиган нарсанинг ўзи йўқ! Ичингизда катта куч, имкониятлар яширин, фақат уни қидириб топиб, юзага чиқаришингиз керак, холос!

Сиз қила олмайман, қодир эмасман деб ўйлаганингиз ишларни бажармоғингиз даркор, айнан ўша ишларни қилишга уринишингиз керак. Зеро бу ўзингизга ишончни пайдо қилади, “Қила олмайман”, деб ортга тисарилган ишингизни ҳам аслида уддалай олишингиз мумкинлигини ўргатади. Бироқ, ҳаракат, бардавомлик, қатъиятла туриб қилса бўладиган иш билан имконият даражасидан ташқаридаги ишларни чалкаштириб ҳам юборманг. Яъни имкониятингиз даражасидан ташқари ишларга қўл уриб юрманг, вақтингиз кетгани қолади!

Ўзингизга ишониш бу – Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло сизга имконсиз деб ўйлаган тўсиқларингизни енгиб ўтишга етгулик иқтидор, куч берганини ўзингизни уқтиришингиздир!

Ўзига ишонган мўмин доимо: “Мен Аллоҳнинг тавфиқи билан муваффақиятга эришишга қодирман. Мободо муваффақият пешонамга битилмаган бўлса ҳам, ўзимга ишончим ва Аллоҳга иймони заррача ҳам камаймайди. Мен тақдиримга битилганига розиман ва яна шуни биламанки, Аллоҳ яхши иш қилганларнинг мукофотини зое қилмагай!” – деб айтади.

Ўзига ишонган одам ўз йўлини жуда яхши билади, ҳаётини ишларига мувофиқ режалайди, мақсадларини жуда аниқлик билан тузади, бошқалар у ҳақида ўйлашини кутиб ўтирмайди, ҳар қандай вазиятда ҳам қўл қовуштириб турмайди. Чунки унинг ўзи вазиятларни юзага келтиради, воқеа-ҳодисалар уни ўз кўйига солишига асло қўйиб бермайди. Аллоҳ таоло бундай кишиларни Қуръони каримда васфлаб шундай деган:

“Юз тубан қоқилиб юраётган киши ҳидоятдами ёки тўғри йўлдан қоматини тик тутиб бораётган кишими?” (Мулк сураси, 22-оят).

Шуни аниқ билингки, Аллоҳнинг изни ила албатта ютуққа эриша оласиз, эришасиз ҳам!

Напалёндан сўрашган экан: “Аскарларингизда ўзига ишончни қандай уйғотгансиз?”

У: “Уч тоифа одамга уч хил жавоб берар эдим:

Кимдир “қила олмайман” деса “ҳаракат қилиб кўр”, дердим;

“Билмайман” деган одамга “ўрган”, дердим;

“Бу имконсиз-ку” деган одамга “қани, бир синаб кўрчи”, дердим”.

Булар кўринишидан оддий гапга ўхшайди, лекин катта таъсир кучига эга, айниқса жангга отланган аскарлар учун.

Ўзингизга ишонишнинг самараларидан бири – ҳаёт нақадар гўзал эканини ҳис этасиз! Чунки у Аллоҳга бўйсунади. Гарчи у ибодат қилмаса ҳам мубоҳ бўлган одат узрадир. Ният эса одатни ибодатга ўзгартиради.

Яна бир самараси – Аллоҳнинг розилигига интилиш йўлида беллашувлар, қийинчиликларни енгиб ўтишга қодир эканингизни англаб етасиз ва бошқалар учун намунага айланасиз, зеро бир одам хулқ атвори билан одамларга ўрнак бўлиши, мингта одам тил билан даъват қилганидан яхшидир!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

888 марта ўқилди

Мақолалар

Top